Унинг раҳбарлигида жадидлар миллий давлатчилик қуриш учун ҳаракат қилди. У биринчилардан бўлиб миллий мустақиллик ғоясига асос солди. Ёшларни буюк аждодлари, бой маданий мероси билан фахрланишга, асрий анъаналарга эга қадриятларни асраб қолишга даъват қилди. Шу олий мақсадлари йўлида кўплаб ишларни амалга ошириб, миллат зеҳнияти, маънавиятини равнақ топтирди.
Беҳбудийнинг шогирди ва замондоши Вадуд Маҳмуд Самарқандий унинг
вафотига бағишлаб ёзган таъзияномасида бундай ҳақли эътироф этади: “Маҳмудхўжа
ўлди... (Ул ким эди?) Маҳмудхўжа Туркистон деган ўлканинг бошлиғи эди.
Маҳмудхўжа Туркистоннинг йўлбошчиси эди. Маҳмудхўжа ўзбек Туркистон боласи
эканлигини тушунган бир йигит эди. Шунинг учун у бизга Туркистонға ҳар нави
эди. Маҳмудхўжа Туркистоннинг янгилик даври тарихинда ёруғ бир чироқ эди.
Маҳмудхўжанинг нияти Туркистон тарихинда мумтоз ўрин олишга муносиб миръотдир”.
“Падаркуш”дан кейин саҳналаштирилган “Тўй” номли иккинчи ўзбек пьесаси
муаллифи Ҳожи Муъин устози хусусида Самарқандийдан кам сўзламаган: “Беҳбудий
афанди ҳалим, зийрак, ғоят заковатли ва қувваи ҳофизаси зўр бўлдиғидек,
сўзға-да ниҳоят даражада уста эди. Шунинг учун анинг суҳбати ғоят лаззатли ва
истифодали бўлар эди. Беҳбудий афанди ҳар вақт “калом ун-нос’ала қадри уъқули
ҳам мазмунича мусоҳибларнинг ҳолиға ва ақлиға қараб, ўшанга муносиб сўйлаша
эди. Баъзан мутойиба ила мажлисдошларини кулдура эди. Анинг суҳбатинда бўлғон
киши руҳлана, шодлана ва анинг олдиндан асло турғуси келмас эди”.
Сўнгги йилларда Маҳмудхўжа Беҳбудий
хотирасини абадийлаштириш, ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ҳамда кенг
жамоатчиликка тарғиб этиш анча жонланди. Бу эса замон талабларига ғоявий, илмий
ва бадиий жиҳатдан янги музей экспозициясини яратиш зарурлигини англатди.
Уй-музей машҳур маърифатпарвар, драматург, журналист ва ношир ҳисобланган Маҳмудхўжа
Беҳбудийнинг ижодий фаолиятини илмий ўрганиш ва кенг тарғиб этишда
илмий-маърифий масканлардан бири ҳисобланади.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг уй-музейи Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13
апрелдаги қарорига асосан Самарқанд давлат музей қўриқхонаси филиали сифатида
Самарқанд шаҳрининг Мир Саид Барака кўчаси 47-уйда ташкил этилган. Уй-музей ўз
фаолиятини 2021 йил 18 октябрдан бошлади, бинонинг умумий майдони қарийб 860
квадрат метрга тенг, шундан 128 квадрат
метрини экспозиция майдони ташкил этади.
Туркистон жадидларининг
отаси
— “Янги Ўзбекистон” газетаси ўзининг илк сонларидаёқ Беҳбудий ҳаёти ва
ижодига доир таҳлилий материалларни бериб боргани учун бўлса керак, сизнинг,
таҳририят мухбирининг Беҳбудий уй-музейига ташрифи мени унча ҳайратлантирмади. Боиси,
кутилган меҳмон эдингиз, — дейди Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи мудири
Гулмуҳаммад Аҳмедов. — Ушбу музейда ташкил этилган экспозициялар илмий
концепцияга асосланган бўлиб, унда Беҳбудий ҳаёти ва ижоди, жадидчилик тарихи,
XX аср бошларидаги ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий воқеликлар, ҳужжатлар,
фотонусхалар ва бошқа ашёлар намойиш этилган.
Бу музей бугунги кунда юртимиз халқи, ёшлари, педагоглари, умуман, зиё
излаган қалблар учун ўз нурини таратиб келмоқда. Бундан ташқари, Маҳмудхўжа
Беҳбудий уй-музейи каталоги нашр этилди. У тарихчилар, музейшунослар,
санъатшунослар ва кенг жамоатчилик учун мўлжалланган. Бу каталогга киритилган
экспонатлар ҳам бевосита Маҳмудхўжа Беҳбудий ва у яшаган давр билан боғлиқ.
Беҳбудий “Туркистон жадидларининг отаси” деган шарафли унвонга сазовор
бўлган, чунки у Самарқандда ўзига хос илмий-маърифий муҳит яратган. Масалан,
унинг ташаббуси ва ғайрати билан 1903 йилда Самарқанд атрофидаги Ҳалвойи
маҳалласида, Абдулқодир Шакурий билан биргаликда Ражабамин маҳалласида янги мактаблар
ташкил этилади. Биринчи хона ҳисобланмиш “Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти ва
ижоди” экспозициясида намойиш этилаётган “Мухтасар тарихи ислом”, “Алифбои
мактаби исломия”, “Амалиёти исломия”, “Матқали жуғрофия умрони” асарлари ана шу
янги усул мактаблари учун дарслик сифатида яратилган.
Экспозицияда Беҳбудий билан бир даврда ижод қилган жадидлар асарлари
ҳам намойиш этилган. Булар Саид Васлий қаламига мансуб “Маданият ва зоифа
шарияти исломия”, Саид Аҳмад Сиддиқий қаламига мансуб ва Абдулқодир Шакурий томонидан
чоп этилган “Анжумани арвоҳ”, Мунавварқори қаламига мансуб “Ислом ақидалари”,
Абулқосим Охунзода Ганжийнинг “Рисолаи иттиҳодия”, Абдулқодир Шакурийнинг “Жоми
ул-ҳикоёт” асарларидир.
Иккинчи хона “Беҳбудий ижодхонаси” деб номланади. Унинг ижодхонасини
кўрсатиб бериш учун тақдим этилган стол, стуллар, шкаф, девор соати XIX аср
охири — XX аср бошларига тааллуқлидир. Ушбу жиҳозлар Туркистон ўлкасига кўп
миқдорда олиб келинган, бу ерда мазкур мебеллардан нафақат Чор маъмурияти,
балки маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам фойдаланган. Мазкур мебеллар тўплами XIX
асрнинг охирги ўн йиллиги — ХХ аср бошларида (асосан, Биринчи жаҳон урушигача)
кенг тарқалган меъморлик, амалий ва тасвирий санъатдаги бадиий йўналиш бўлган
модерн услубида тайёрланган.
Экспозицияда, шунингдек, Беҳбудий ва унинг замондошлари томонидан кенг
фойдаланилган одатий уй-рўзғор буюмлари: китоб ўқиш учун лавҳ, қаламдон, китоб
ташиш учун сумкалар ҳам намойиш этилмоқда. Бу пайтда ёзув машинкалари ҳам
Туркистон ҳудудида кенг тарқалган бўлиб, ундан асосан маъмурият вакиллари,
зиёли қатлам, олимлар ва ноширлар кўпроқ фойдаланган эди. Ёзув машинкасининг
Беҳбудий яшаб, ижод этган даврда Туркистонда кенг тарқалган, 1903 йилдан ишлаб
чиқарила бошланган “Континентал” тури мазкур экспозицияда намойиш этилмоқда.
Айни даврда расм бўла бошлаган телефон аппарати ва стол соати ҳам
ижодхона интерьерини безаб турибди. Туркистон ўлкасининг йирик шаҳарлари — Янги
Марғилон, Каттақўрғон билан бирга Самарқандда ҳам 1876 йилдаёқ телеграф алоқаси
ташкил этилган эди. Стол чироғи эса ўша даврга хос модерн услубида ясалган
бўлиб, у ёритишдан ташқари хона безаги сифатида ҳам хизмат қилган ва ўз
даврининг зиёлилари иш хоналарига ўрнатилган.
Беҳбудийнинг замондошлари, сафдошлари ва шогирдлари бўлимида алоҳида
ўринни арча қипиғи ва тут дарахтидан қўлда ясалган глобус эгаллайди. Унинг
юзасида лак билан қопланган материклар, океанлар ва денгизлар, тоғлар ва турли
мамлакатларнинг контурлари акс эттирилган. Экваторнинг кенг чизиғида ўн иккита
бурж белгиси тасвирланган. Глобус Маҳмудхўжа Беҳбудий замонида бошқа фанлар
қаторида география ва картография ҳам ривожланганининг белгисидир.
“Нашриёти Беҳбудия”
Витриналарнинг бирида XIX аср охири — XX аср бошларида ватанимиз
ҳудудида фойдаланилган асосий мусиқа асбоблари — доира, қашқар ва афғон рубоблари,
най намойиш этилган. Мусиқа асбобларининг хилма-хиллиги шуни кўрсатадики, Ўрта
Осиё ҳудудида Эрон, Қашқар, Афғонистон, Шимолий Ҳиндистон ва бошқа минтақалар
мусиқий анъаналари таъсирида ўзига хос мусиқа маданияти шаклланган.
Шунингдек, XIX аср охири — XX
аср бошларида аҳолининг ўзига тўқ, зиёли қатлами орасида урф бўлган
кийим-кечаклар намойиш қилинмоқда. Улар қўлда тўқилган яктак, тик ёқали
пахтадан тикилган кўйлак, бинафшаранг бахмалдан тикилган дўппи, қизил, оқ ва
мовий чизиқларга эга салла, бинафшаранг, кўк ва яшил рангли чизиқларга эга
беқасамдан тикилган аёллар чопони, гул нақшли қўлда ишланган ипак абра матодан
аёллар кўйлаги, чармдан ишланган эркаклар ва аёллар оёқ кийимларидан иборат.
— Маҳмудхўжа Беҳбудий 1913 йилда хусусий нашриёт очиб, уни “Нашриёти
Беҳбудия” деб номлади ва Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Андижон, Қўқон ва Наманган
шаҳарларида китоб дўконлари очади, — дейди Беҳбудий уй-музейи ходимаси Ҳамида
Самадова. — Маҳмудхўжа Беҳбудий ноширлик йўналишида самарали ижод қилган ҳамда бу
соҳада ўзига хос мактаб яратган. Навбатдаги экспозицияда олим томонидан XX аср
бошларида нашр қилинган “Самарқанд” газетасининг 45-сони ва “Ойина” журналининг
бир неча сонлари намойиш этилмоқда. Музейнинг ноширлик хонаси интерьерида
асосий эътибор Беҳбудийнинг ноширлик фаолиятини ёритишга қаратилган.
Туркистонда нашр ишлари билан дастлаб подшо Россияси статистика қўмиталари
шуғулланган. Шу сабаб 1868 йилдан 1910 йилгача нашрларнинг асосий қисмини рус
тилидаги газеталар ташкил этган.
XX аср бошида, аниқроғи, 1913 йилдан Беҳбудий ҳам матбуот ишлари билан
шуғулланади. Ўша йили апрель ойидан рус-ўзбек ва форсий тилларда, ҳафтада икки
марта, дастлаб икки, сўнг тўрт саҳифада “Самарқанд” газетасини чиқаради. 45
сондан кейин моддий танқислик туфайли чиқиши тўхтаган. Ўша йилнинг 20
августидан у “Ойина” журналини чиқара бошлайди. Бу суратли ҳафталик журнал
асосан ўзбек тилида бўлиб, унда ихчам форсий шеърлар, мақолалар, русча эълонлар
ҳам бериб бориларди. Фитратнинг “Баёноти сайёҳи ҳинди” асарини 1913 йилда
русчага таржима қилдириб, “Нашриёти Беҳбудия”да нашр этади. Ундан ташқари,
Туркистон харитасини тузиб, босмадан чиқаради.
Музейда ноширлик фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ ашёлар ҳам
намойиш этилган. Улар “Самарқанд” газетаси, “Ойина” журнали, “Новый Самарканд” (“Янги
Самарқанд”, “Самарқанди Нав”) газеталарини нашр этиш учун Самарқанд вилояти
ҳарбий губернатори номига ёзилган ариза намуналари, Самарқанд вилояти ҳарбий
губернаторининг нашрларга рухсат берувчи гувоҳномалардан иборат ҳужжат
намуналари ва XIX аср охири — XX аср бошларида Германиянинг “FORSTE & TROMM
LEIPZIG” фирмасида ишлаб чиқарилган, Эрон орқали Туркистонга олиб келинган, қўл
ёрдамида ишлатиладиган улкан литография дастгоҳи намойиш этилган.
Музей экспозициясида Беҳбудийнинг ижтимоий-сиёсий ва фалсафий
қарашларини акс эттиришга эътибор берилган. Беҳбудий 1917 йилги февраль ва
октябрь ойларида Россия империяси ва жаҳон сиёсий саҳнасида рўй бераётган
ўзгаришларни зийраклик билан кузатади ва ватанпарвар инсон сифатида
Туркистоннинг келажаги ҳақида чин дилдан қайғуради, бор куч-ғайратини миллатни
уйғотишга бағишлайди. Беҳбудий публицистик мақолаларида тарих фанига алоҳида
урғу бериб, “Мозий истиқболнинг тарозусидир”, деган эди. “Кутубхонаи
Беҳбудия”нинг ҳам 70 фоиздан кўп китоблари тарих фанига тегишли эди. Ўзи ҳам
тарих ва география фанлари билан жиддий қизиқиб, бир қатор мақолалар ва
китоблар ёзган.
“Қасди сафар”
1914 йил 29 майда Беҳбудий иккинчи марта Ҳижоз сафарига чиқади. Икки
ой ичида Кавказ, Қрим, Истанбул, Юнонистон, Байрут, Миср Қоҳираси ва яна орқага
— Истанбулга қайтиб, темир йўл билан Булғористон, Австрия ва Берлин орқали
Россияга ва ундан Туркистонга қайтган.
Ўз сафари ҳақида у “Ойина” журналининг 1914 йилдаги қатор сонларида
“Қасди сафар” мақолаларини чоп этади. Бу сафар натижаси адабиётимиздаги мемуар
жанрининг XX аср бошидаги ўзига хос намунаси, ҳам маърифий, ҳам бадиий-эстетик
жиҳатдан ниҳоятда муҳим асар — “Қасди сафар”ни дунёга келтирилгани тарихий
ҳодиса бўлиб қолди.
Беҳбудий унда йўл таассуротларига, машҳур ёки оддий кишилар билан учрашувларининг
ибратли жиҳатларига кенг ўрин беради. Қайси шаҳарга бормасин, унинг тарихи,
обидалари, у ердан чиққан буюк зотлар ҳақида маълумотлар тўплайди, турли-туман
миллатлар, уларнинг урф-удумлари, турмуш маданияти билан қизиқади. Ўз
навбатида, “Ойина” журналида чоп этилган “Қасди сафар” Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг
жадидона тафаккурида ўрин топган қирраларини, ижтимоий-фалсафий қарашлари
тизимини равшан акс эттирувчи манба сифатида ҳам қадрли ҳисобланади.
— Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1899 йилдаги биринчи ҳаж сафари вақтида
унинг дунёқараши ва тафаккурида кескин ўзгаришлар юз берди. Ҳаж сафари
муносабати билан унинг Қримда бўлиши, Туркия, Арабистонни кезиши, ниҳоят,
Исмоил Гаспринский билан мулоқотлари Беҳбудий онгида кескин ўзгаришлар ясади, —
дейди Гулмуҳаммад Аҳмедов. — Маҳмудхўжа Беҳбудий 1901 йилдаёқ жадидчилик
ғояларини маъқул топади ва бу ҳаракатга қўшилади. Туркистондаги миллий уйғониш
даври Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўз публицистик фаолиятини бошлаган пайтга тўғри
келган. Шу вақтда у “Туркистон вилояти газети”га мақола ёза бошлади. Бундан
ташқари, у Кавказ ва Татаристонда чоп этиладиган “Таржумон”, “Тирик сўз”,
“Вақт” каби газета-журналларда адабий, илмий, ижтимоий-сиёсий мавзулардаги
мақолалари билан фаол қатнашади. Маҳмудхўжа Беҳбудий нафақат Шарқ, балки
Россияда яшаётган мусулмонлар ҳаётини ҳам кузата бошлайди ва юртдошлари
ҳолатини европалик халқлар турмуши билан солиштиришга интилади.
Тарих саҳнасига чиққан жадидлар, чунончи, Маҳмудхўжа Беҳбудий
маърифатпарварлик қарашларининг мазмун-моҳияти, ғоявий асослари анъанавий
ислом, шариат, тасаввуфдан тортиб, замонавий Оврўпа позитивист фалсафа
усулларига ҳам асосланишдан иборат эди. Жадидларнинг назарий қарашларида иккита
муҳим хусусият кўзга ташланади: мустаҳкам ирсий илдиз ҳамда Шарқ ва Ғарб
маърифатчилари, файласуфларининг назарий меросини эгаллашга интилиш.
Самарқанд мусулмон
маориф шўъбаси мудири
— Беҳбудий сиёсий арбоб сифатида Россия империяси доирасидаги Россия
мусулмонлари иттифоқи партияси қурултойларида фаол иштирок этди. Россиядаги
мавжуд йирик сиёсий партияларни ўрганиб, улардан социал-демократларни, айниқса,
большевикларнинг қарашларини танқид остига олади ва уларни ҳатто хавфли оқим
сифатида қоралаган эди. У монархиячилар партияси қарашларидаги маҳдудлик
сабабли уларга ҳам қарши чиқади, босиқлик билан кураш олиб бориб, барча
мусулмонларни бирликка чақиради. У ўша мураккаб даврда Муваққат ҳукуматни
туркистонлик мусулмонлар билан тенг ҳуқуқли муносабат қилишга чақирди ва улар
учун ҳукуматдан ажратиладиган ўринлар сони учдан биридан кам бўлмаслигини талаб
қилади, — дейди Ҳамида Самадова. — 1918 йилда Беҳбудий “Иттифоқ” жамияти
саъй-ҳаракати билан Самарқанд мусулмон маориф шўъбасига мудир этиб тайинланади.
Бироқ ташкилотдаги европалик вакиллар унга ишлаш учун ҳеч қандай имконият
бермадилар. Айниқса, Осипов исёнидан сўнг авж олган бошбошдоқликлар натижасида
зўравонликлар кундан кунга кучаяди. Беҳбудий Тошкентга сўнгги сафари давомида
ҳам амалда ҳеч қандай ижобий натижага эриша олмайди. У иложсиз қолади ва барча
ишларини ташлаб, соғлиғини баҳона қилиб, шўроларга хизмат этишдан воз кечади.
Санаб ўтилган тарихий жараёнлар ва бевосита Туркистондаги жадидчилик
сиёсий қарашларини акс эттирувчи ашёлар — варақалар, брошюралар, Беҳбудийнинг
ва бошқа маърифатпарварларнинг ўз қарашлари баён этилган асарлари ҳам музейда
кенг намойиш этилган.
* * *
Мақола сўнгида Туркистон халқларининг ҳуррияти ва тараққийсига борини
сафарбар қилиб, миллат пешвосига айланган, фидойилик намунасини кўрсатган буюк
маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг юрт эртаси учун қайғурган сиймосини ва
ўтли нидосини ўзининг кичик бир васиятномаси орқали кўрсатишга қарор қилдик.
Васиятнома ушбудир:
“Эй Туркистон маориф ишларида бўлғон ўртоқ ва ўғлонларим! Мен ўзим
гарчанд банди бўлсам-да, сизларни эсимдан чиқармайман ва сизларға бир оз васият
қилиб ўтаман. Мани севадур ўртоқларим! Маним сўзларимни қулоқларинғизга
олинглар! Биз икки ойдан бери Бухоро шаҳарларида банди бўлиб туриб, охир ўн
кундан бери бу ерда (Қарши шаҳрида) бу золимларнинг қўлиға тушиб, банди бўлдик.
Жадид — кофирилик отини кўтардик. Сипоҳлар ичида тинчлик отини кўтардик. Бу
ердин қутилмоғимиз гумон бўлди.
Ўртоқларим Сиддиқий, Айний, Фитрат, Қурбий ва Акобир Махдум ва
ўғлонларим Вадуд Маҳмуд, Абдулқодир Шакурий! Сизларга васият қиламан. Маориф
йўлида ишлайтурғон муаллимларнинг бошини силангизлар! Маорифга ёрдам этингиз!
Ўртадин нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар! Ҳар иш
қилсангиз, жамоат ила қилингизлар! Ҳаммага озодлик йўлини кўрсатингизлар!
Биздек маориф қурбонларини йўқлангизлар! Бухоро туфроғига тезлик ила йўл
бошлангизлар. Озодликни тезлик ила юзага чиқарингизлар! Бизнинг қонимизни золим
беклардан талаб қилингизлар! Маорифни Бухоро туфроғида жорий қилингизлар!
Бизнинг отимизга мактаблар очингизлар! Бизлар ул чоғда қабримизда тинч ётармиз!
Маним ўғлонларимға салом етказинглар! Бу ҳамроҳларимнинг авлодларидан
хабардор бўлингизлар!
Ушбу васиятларимни ёзиб Аҳмадга бердим!”.
Васиятнома инсоннинг орзу-армонлари ифодаси экан, улар васият
соҳибининг дунёқараши, фикрлари, сўзлари ва амалларини англатади. Улуғларнинг
мақсад, ғоялари ҳам улуғ бўлиши васиятномаси мазмунини ҳам ана шундай даражага
олиб чиқади. Васиятноманинг ҳар бир банди ворислар томонидан адо этилганда
руҳлар ором топади. Маҳмудхўжа Беҳбудий дунёқараши, фикрлари, сўзлари ва
амаллари унинг орзу-армонларини, бизга нималарни васият қилганини англатади.
Васиятларни муносиб адо этиш эса аждодларга содиқ, муносиб авлодларнинг бурчи,
масъулиятидир.
Азизбек ЮСУПОВ,
“Янги Ўзбекистон”
мухбири