Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани ҳудудида ҳаракатланаётган “Gentra” русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, унда Яшнобод туманида яшовчи 1998 й.т. икки нафар фуқаро кетаётганлиги маълум бўлди. Текширув жараёнида автомашина салонидан бир нечта зип пакетларга қадоқланган оч сариқ рангли кукунсимон моддалар топилди.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, улар муқаддам яшириб қўйган хуфия жойда ва ижарага олган хонадонда ҳам кукунсимон моддалар, электрон тарозилар ҳамда қадоқлашда фойдаланиладиган воситалар борлиги аниқланди.

Экспертиза хулосасига кўра, мусодара қилинган моддалар 1,2 кг “героин” ва 100 гр “мефедрон” гиёҳвандлик воситалари эканлиги маълум бўлди.

Таъкидлаш лозим, мазкур фуқароларнинг иккаласи ҳам муқаддам айнан наркотик моддалар билан боғлиқ жинояти учун судланган шахслар ҳисобланади.

Бошқа ҳолатда эса Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи 1982 й.т., муқаддам судланган фуқаронинг яшаш хонадонидан 47 гр “гашиш” ва 34 гр “опий” олинди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, уни наркотик моддалар билан таъминлаб келган Олмазор туманида яшовчи 1980 ва 1985 йилларда туғилган икки нафар фуқаро ушланди ҳамда уларнинг автомашиналари ва яшаш хонадонларидан жами 1,8 кг “гашиш” ва 12 гр “опий” моддалари олинди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича наркосавдогарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.