Хўш, уларнинг ечими-чи? Бугун халқ қабулхонасига мурожаат билан келган инсон ўз муаммосига қачалик тез ва самарали ечим топяпти?

Тошкент вилояти Халқ қабулхонасига ташкил этилган медиа-тур давомида фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг янги механизмлари, замонавий технологиялар ва мурожаатларни таҳлил қилиш тизими ОAВ вакиллари ва блогерларга намойиш этилди. Айтишларича, бу ерда мурожаатлар билан ишлаш ва уларга амалий ечим топиш бўйича янги, замонавий тизим йўлга қўйилди. 

— Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 1 апрелдаги тегишли фармонига кўра, бу ерда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимида қатор янгиликлар жорий этилди, — дейди Тошкент вилояти Халқ қабулхонаси мудири ўринбосари Насиба Қулбекова. — Эндиликда мурожаатлар “шошилинч”, “одатий” ва “маслаҳат талаб қилувчи” тоифаларга ажратилиб, уларнинг ижроси устидан вақт назорати ўрнатилмоқда. Муҳими, фуқаро билан мулоқот қилинмасдан туриб мурожаатни ёпиш амалиётига йўл қўйилмайди. Тез орада эса мурожаатчиларга мурожаатининг ҳолати, қайси босқичда екани, ким томонидан кўриб чиқилаётгани ва натижаси ҳақида СМС-хабарнома юбориш тизими ҳам ишга туширилади. Бу фуқарога ўз мурожаати тақдирини бевосита кузатиб бориш имконини беради.

Тошкент вилояти Халқ қабулхонасида ишга туширилган замонавий механизмлар ҳозирча юртимиздаги халқ қабулхоналари ичида ягона саналади. Бу ерда фуқароларнинг мурожаатларини қулай тарзда баён этиши, мутасаддилар қабулига кириши ва зарур хизматлардан фойдаланиши замонавий технологиялар асосида ташкил этилган. 

Бинога кираверишдаёқ фуқароларни сунъий интеллект асосидаги голограмма кутиб олади. У нафақат саволларга ҳуқуқий йўналишда жавоб беради, балки мурожаатчини тегишли мутахассисга йўналтиришга ҳам кўмаклашади. Электрон навбат олишда қийналган фуқароларга Халқ қабулхонаси мутахассислари амалий ёрдам кўрсатади. Вилоят ҳокими ва унинг ўринбосарлари қабулига ёзилиш эса инфокиоск орқали амалга оширилади.

Фуқаролар мурожаати бўйича тегишли вазирлик ва идораларга, шунингдек, уларнинг ҳудудий бўлинмаларига видеомурожаат қолдириш имкониятига ҳам эга. Қабулхонада ташкил этилган диагностика маркази келиб тушаётган мурожаатларни чуқур таҳлил қилиш, муаммоларнинг сабабларини аниқлаш ва уларнинг тизимли ечимларини ишлаб чиқишга хизмат қилади. Зарур ҳолларда масъул мутахассислар, “маҳалла еттилиги” аъзолари ҳамда ёшлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, муаммолар жойига чиқиб ўрганилади.

Фуқаролар учун қабулхонада қулай шароитлар яратилган. Кутубхона, болалар майдончаси ва тиббиёт хонаси ҳам ташкил этилган. Бу манзилда одамлар ўз мурожаатларига тез ва қулай тарзда ечим топмоқда.

Зеро, мурожаат — муаммони ҳал этишнинг бошланиши. Халқ қабулхоналари фаолияти эса фақат фуқарони тинглаш ёки мурожаатни тегишли ташкилотга юборишдан иборат эмас. Мурожаатлар ортидаги сабабларни аниқлаш, такрорланаётган муаммоларни таҳлил қилиш ва уларнинг тизимли ечимини топиш асосий вазифалардан бирига айланмоқда.

Маълумотларга кўра, 2026-йил январ-июн ойларида Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига 465 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 фоиз кўп. Вазирлик ва идоралар кесимида энг кўп мурожаатлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Мажбурий ижро бюроси, Ички ишлар вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда Бандлик вазирлигига йўлланган.

Ҳар бир мурожаат ортида эса инсоннинг ҳаёти, еҳтиёжи ва муаммоси туради. Уни эшитиш, ўрганиш ва амалий ечим топиш “Давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилнинг энг муҳим амалий ифодасидир. Тошкент вилояти Халқ қабулхонасида жорий этилган замонавий технологиялар, диагностика ва вазиятлар марказлари ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири