Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг учинчи босқичи доирасида ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

1988 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган солиқ бошқармаси ходими Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида жойлашган хусусий корхонага тегишли, қурилиши тугалланмаган цехни юридик шахсдан харидор номига ўтказишни ваъда қилган.

Шунингдек, мазкур ҳудудда қурилиш ишларини амалга ошириш учун 34 та давлат идорасидан тегишли рухсатномаларни олиб беришини билдирган.

Тезкор тадбир давомида у Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида харидор билан учрашиб, олдиндан 40 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси тўртинчи қисми «а» банди ҳамда 28-моддаси орқали 211-моддаси учинчи қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.