Маълум қилинишича, Тошкент шаҳридаги “Қўйлиқ” бозори яқинида шубҳали ҳолда тўхтаб турган Cobalt автомашинаси кўздан кечирилган. Автомобилда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс ҳамда Денов шаҳрида туғилган, ҳозирда пойтахтда истиқомат қилувчи фуқаро бўлган.
Текширув жараёнида автомашина салонидаги идиш ичида жами 34 кг 610 грамм оғир турдаги гиёҳвандлик воситалари аниқланган. Улар орасида 12 кг 960 грамм опий ва 21 кг 650 грамм гашиш бўлгани қайд этилди.
Ҳолат юзасидан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Айни пайтда тергов доирасида мазкур жиноятга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича тезкор чора-тадбирлар давом этмоқда.