Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги маълум қилди.
Маълум қилинишича, одамлар гавжум жойлар яқинидаги тартибсиз авлотураргоҳлар ҳозирги кунда асосий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Автомобиллар пиёдалар йўлакларида, ўтиш йўлларида ва биноларга кириш қисмларида қолдирилиши натижасида ҳаракат хавфсизлиги пасайиб, ўтиш имкониятлари чекланмоқда.
Лойиҳа пиёдалар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш, шунингдек, авлотураргоҳ майдонларини тизимли равишда тартибга солишни кўзда тутади.
Унга кўра, савдо ва сервис объектлари ёнидаги хусусий ер усти авлотураргоҳлари ягона шаҳар бошқарув тизимига уланади. Бу эса бўш ва банд жойларни шаффоф ҳисобга олиш, назоратни кучайтириш, фойдаланишни тушунарли тизимга келтириш имконини беради.
Марказ томонидан ягона қоидалар жорий этилиб, тизимли назорат таъминланади ва шу орқали тартибсизликларга барҳам бериш мақсад қилинган.
Лойиҳа ҳозирча тажриба тариқасида амалга оширилмоқда. Кейинчалик унинг самарадорлиги баҳоланиб, жамоатчилик фикри асосида кўламини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилади.
Шунингдек, ушбу ташаббус доирасида қўшимча молиявий манба шакллантирилиб, тушган маблағлар йўл инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилади.
Маълумотларга кўра, шаҳарнинг фаол ҳудудларида автомобилларнинг 20–30 фоизи қоидабузарлик билан тўхтайди. Бу ҳолат пиёдалар йўлакларининг ўтказувчанлигини 40–60 фоизгача пасайтиради. Шунингдек, тирбандликнинг 30–40 фоизи айнан тўхташ жойини излаш билан боғлиқ.
Жаҳон тажрибаси ҳам рақамли ва марказлашган бошқарув самарали эканини кўрсатмоқда. Хусусан, СФпарк дастури ва Москва тажрибаси бундай ёндашув ҳаракатни тезлаштириш, қоидабузарликларни камайтириш ва шаҳар муҳитини яхшилашга хизмат қилишини тасдиқлаган.
Умуман, мазкур лойиҳа пиёдалар хавфсизлигини ошириш, ҳаракат иштирокчилари ўртасидаги зиддиятларни камайтириш ҳамда барқарор ва тартибли шаҳар муҳитини шакллантиришга қаратилган комплекс ёндашув ҳисобланади.