Лойиҳа аҳоли учун қулай шаҳар муҳитини шакллантириш, замонавий инфратузилмани ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда тадбиркорлик ва туризм салоҳиятини оширишга қаратилган.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Тимур Бутунбаев, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов, туман ҳокимлари, тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, лойиҳа ва пудрат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тақдимот давомида Чирчиқ дарёсининг 24 километрлик қисми бўйлаб ҳудудни комплекс ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Лойиҳа доирасида қирғоқбўйи ҳудудларини ҳар икки томонлама ободонлаштириш, замонавий турар жой ва ишбилармонлик марказларини барпо этиш, жамоат масканлари ҳамда транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш режалаштирилган.
Шунингдек, пойтахтда сунъий кўллар барпо этиш бўйича амалга оширилаётган 12 та лойиҳа ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, “Daryo bo‘yi business city” лойиҳаси Чирчиқ дарёси бўйидаги ҳудудлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш, янги турар жой ва ишбилармонлик ҳудудларини мавжуд инфратузилма билан уйғунлаштириш, шунингдек, Тошкент аҳолиси ва меҳмонлари учун янги дам олиш масканларини яратиш имконини беради.
Лойиҳада аҳоли учун қулайлик, транспорт қатновини яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва очиқ жамоат жойларини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Тақдимот якунида мутахассислар томонидан лойиҳавий ечимлар атрофлича муҳокама қилиниб, аҳоли манфаатлари, хавфсизлик, экологик талаблар ва иқтисодий самарадорликни ҳисобга олган ҳолда концепцияни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.