Йил
сайин катта нуфуз касб этиб бораётган мазкур тадбир бу гал ҳам турли давлатлар
маданияти, миллий қадриятлари ва таомларини бир майдонга жамлади.
Фестивалда
Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган 20 дан ортиқ давлат элчихоналари, халқаро
ташкилотлар, миллий маданий марказлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок
этди. Тадбир давомида иштирокчилар ўз давлатларининг миллий таомлари, халқ
амалий санъати, мусиқаси, рақслари ва маданий анъаналарини намойиш этди.
Фестиваль
меҳмонлари турли халқларнинг миллий ошхоналари билан танишиш, ноёб таомларни
татиб кўриш ва маданий дастурлардан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлди. Майдондаги
жонли муҳит, миллий куй-қўшиқлар ва турфа халқларнинг ранг-баранг либослари
тадбирга ўзига хос байрамона кайфият бағишлади.
Ўзбекистон
Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев фестиваль
очилишида сўзга чиқиб, бундай маданий тадбирлар халқлар ўртасидаги дўстлик ва
ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашини таъкидлади.
—
Мазкур фестиваль йиллар давомида турли миллат, маданият ва анъаналарни бир
майдонда бирлаштириб, халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва маданий
мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда, — деди Ўзбекистон Республикаси
Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев.
Шунингдек,
у Yuz.uz сайтига берган махсус интервьюсида бу каби тадбирлар инсон қалбида
эзгулик ва бирдамлик туйғуларини кучайтиришини таъкидлади.
—
Бу каби хайрия ва маданий тадбирларда иштирок этганимда албатта катта ҳаяжон ва
ғурур ҳис қиламан, — деди Олимжон Абдуллаев. — Чунки бу ерда турли миллат вакиллари бир майдонда жам бўлиб, дўстлик,
бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояларини намоён этмоқда. Энг муҳими, бу тадбир
орқали муҳтож болаларга ёрдам кўрсатиляпти. Бундай муҳит инсон қалбига нур
бағишлайди.
Тадбирда
Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ҳам фаол
иштирок этди. Марказ томонидан ташкил этилган миллий павильонда озарбайжон
миллий таомлари — палов, долма, пахлава, шакарбура, гогал ва бошқа анъанавий
ширинликлар намойиш қилинди. Шунингдек, меҳмонларга халқ амалий санъати
намуналари, сувенирлар ва Озарбайжоннинг бой маданий меросини акс эттирувчи
материаллар тақдим этилди.
—
Бундай халқаро тадбирлар озарбайжон маданиятини кенг тарғиб қилиш,
маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш ва маданиятлараро мулоқотни
ривожлантиришга хизмат қилади, — деди Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги
Озарбайжон маданият маркази бош маслаҳатчиси Юсиф Маммадов.
Фестиваль
доирасида Қозоғистон элчихонаси павильони ҳам меҳмонларда катта қизиқиш
уйғотди. Миллий таомлар, ширинликлар ва халқона безаклар билан безатилган
павильонда қўшни халқнинг миллий қадриятлари намойиш этилди.
—
Биз бугун бешбармоқ, қовурдоқ, манти, сомса, чак-чак ва миллий ширинликларимизни
меҳмонларга тақдим этдик, — деди Қозоғистон элчихонаси дипломати рафиқаси
Элмира Кийикова. — Бу тадбир нафақат
маданиятларни яқинлаштиради, балки хайрия мақсадларига ҳам хизмат қилади. Бу
ерда йиғилган маблағлар ёрдамга муҳтож болаларга йўналтирилади.
Тадбирда
миллий таомларга баҳо бериш учун Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси вакиллари ҳам
иштирок этди. Ҳакамлар миллий таомларнинг тайёрланиш технологияси, санитария
талаблари ва миллийлик хусусиятларига алоҳида эътибор қаратди.
—
Бугунги фестиваль халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарликни мустаҳкамлашга
хизмат қилади, — деди Ўзбекистон ошпазлар уюшмасининг бош технологи Толибжон
Умаралиев. — Бу ерда нафақат миллий таомлар, балки халқларнинг урф-одатлари ва
маданий мероси ҳам намойиш этилмоқда.
Унинг
таъкидлашича, Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси бугунги кунда ўзбек миллий таомларини
халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш устида иш олиб бормоқда.
—
Бизнинг паловимиз 2016 йилда UNESCOнинг Номоддий маданий мерос рўйхатига
киритилган, — деди Толибжон Умаралиев. — Бу нафақат таом, балки халқимизнинг
урф-одати, қадрияти ва меҳмондўстлигини акс эттиради.
Кўргазмада
Бухородан ташриф буюрган ҳунармандлар ҳам иштирок этди. Улар миллий наққошлик
ва лакли миниатюра санъати намуналарини намойиш қилди.
—
Бу кўргазмада тўртинчи йил қатнашяпмиз. Ҳар йили тадбир жуда чиройли ва юқори
савияда ўтади, — дейди Бухоролик ҳунарманд Муҳаммадали Ҳамроев. — Шунинг учун
бу ерга яна келишга интиламиз.
Унинг
таъкидлашича, у қарийб 25 йилдан буён наққошлик ва миниатюра санъати билан
шуғулланиб келади.
—
Бу ҳунар бизда авлоддан-авлодга ўтган, — дейди наққошлик ва миниатюра санъати
устаси Муҳаммадали Ҳамроев. — Отам ҳам ҳунарманд бўлганлар. Ҳозир фарзандларим
ва шогирдларим ҳам шу санъатни давом эттиряпти.
Фестиваль
доирасида миллий қўшиқ ва рақслар, маданий чиқишлар ҳам ташкил этилди. Турли
давлатлар вакиллари саҳна орқали ўз халқининг маданияти ва анъаналарини намоён
этдилар.
Шу ўринда айтиш мумкинки, ХХII “Маданий анъаналар ва миллий таомлар” халқаро хайрия фестивали нафақат турли халқлар маданиятини яқинлаштирган, балки дўстлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилган йирик халқаро майдонга айланди. Бу каби тадбирлар халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва эзгулик ғояларини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Зулхумор
Акбарова