Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса соат 19:05 да Қибрай туманида жойлашган станцияда содир бўлган. Натижада ҳимоя тизими ишга тушиб, станция қуввати 460 МВтдан 185 МВтгача камайган.
Бунинг оқибатида Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Олмазор, Мирзо Улуғбек ва Шайхонтоҳур туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида вақтинча узилиш кузатилган.
Тезкор чоралар натижасида соат 19:09 да Юнусобод ва Олмазор туманларида электр таъминоти қисман тикланган. Соат 19:25 да захира манбалари орқали таъминот тўлиқ тикланган. Соат 19:38 га келиб эса барча истеъмолчилар электр энергияси билан таъминланган.
Ҳодиса видеокузатув камералари орқали қайд этилган.
Энергетика вазирлиги фуқароларни электр станциялари, подстанциялар ва бошқа электр қурилмалари яқинида ҳавога шар учирмасликка чақирди. Бундай ҳолатлар электр таъминотида узилишларга сабаб бўлиши мумкин.