Бу ҳақда ДХХ маълум қилди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида 1996 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс Мирзо Улуғбек туманидаги вақтинчалик яшаш хонадонида текширувдан ўтказилганда, гиёҳванд модда, 300 дона зип-пакет, изолента ва электрон тарози аниқланди.

Дастлабки суриштирувларда у Тошкент туманида жойлашган, онасига тегишли хонадонда гидропоника усулида гиёҳвандлик ўсимликларини етиштириб келгани маълум бўлди. Ушбу манзил кўздан кечирилганда 10 туп каннабис ўсимлиги, бир туп қуритилган гиёҳвандлик воситаси, шунингдек, уларни парваришлашда фойдаланилган воситалар ва электрон тарози ашёвий далил сифатида олинди.

Яна бир ҳолатда, «Самарқанд — Хоразм» йўналишида ҳаракатланаётган Cobalt автомашинаси Тупроққалъа тумани ҳудудида тўхтатилиб текширилган. Натижада автомашина йўловчиси бўлган, Ургут туманида яшовчи 2003 йилда туғилган шахсга тегишли 810 грамм опий моддаси борлиги аниқланган.

Тергов маълумотларига кўра, ушбу гиёҳвандлик воситаси қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб кирилган бўлиб, уни Хоразм вилоятида сотиш режалаштирилган.

Ҳозирда мазкур шахснинг эҳтимолий жиноий шерикларини аниқлаш бўйича тезкор тадбирлар давом этмоқда. Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.