Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти директори, география фанлари доктори Дониёр Турғунов шу ҳақдаги кутилмалар бўйича маълумот берди.

Мутахассис хулосасига кўра, 19–20 ноябрь кунлари ғарбдан ҳаво массаларининг кириб келиши, қисқа муддатли ёғингарчилик ва шамолнинг кучайиши кутилмоқда. Бу эса атмосферадаги ҳаво айланишини фаоллаштириб, Тошкентда ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишига ёрдам беради.

21–26 ноябрь кунлари нисбатан қулай метеорологик шароит юзага келади. Бироқ эрталабки соатларда ҳарорат инверсияси ва туман ҳодисалари туфайли қисқа муддатли ҳаво ифлосланиши кузатилиши мумкин.

Энг ноқулай давр 27–30 ноябрь кунларига тўғри келиши кутилмоқда. Бу вақтда шимолдан совуқ ҳаво массалари кириб келиши ва антициклон таъсири кучайиши прогноз қилинган. Натижада Тошкентда ҳарорат инверсияси кучайиб, атмосферадаги ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалиши секинлашиши мумкин.

Шу муносабат билан мутахассислар, айниқса, ушбу даврда атмосферага чиқинди чиқарувчи фаолият билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлардан экологик талабларга янада қатъий риоя этишни сўрамоқда.

Институт мутахассислари таҳлиллари асосида бир нечта муҳим хулосаларни ҳам келтирган.

Биринчидан, 2026 йил октябрь ойининг сўнгги ўн кунлигида кузатилгани каби кучли антициклон таъсири ноябрь ойида кутилмаяпти.

Иккинчидан, 2025 йил ноябрь ойининг сўнгги ўн кунлигидаги каби кучли антициклон ва юқори ҳарорат инверсияси шароити шаклланиши прогноз қилинмаяпти.

Учинчидан, ёғингарчилик миқдори кам бўлиши мумкинлигига қарамай, ҳаво массалари ва синоптик жараёнларнинг бир неча бор алмашиниши атмосферадаги ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишига ёрдам беради.

Шу билан бирга, кечки инверсия ҳолатлари куз-қиш мавсумига хос табиий жараён сифатида сақланиб қолади. Бу эса кечаси ва эрталабки соатларда туман туфайли ҳаво ифлосланишининг қисқа муддатли ошишига сабаб бўлиши мумкин.

Умуман олганда, мутахассислар хулосасига кўра, жорий йил ноябрь ойидаги метеорологик шароитлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан анча қулай бўлиши кутилмоқда. Шу боис 2025 йил ноябрь ойининг охирида кузатилган ҳолатнинг такрорланиши прогноз қилинмаяпти.