Бу ҳақда “Ховар” сайти хабар берди.
Эмомали Раҳмон Турсунзода шаҳрига ишчи ташрифи давомида 21-сонли умумтаълим муассасасининг очилишида иштирок этиб, қурилиш ишлари сифатини юқори баҳолади. Шунингдек, масъуллар ва педагогларни таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини янада оширишга чақирди.
Давлат раҳбари педагоглар билан суҳбатда замонавий илмларни ривожлантириш, янги техника ва технологиялардан самарали фойдаланиш, табиий, аниқ ва математик фанлар ҳамда хорижий тилларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Ташриф доирасида Турсунзода шаҳрида жами 60 та объект қурилиб, фойдаланишга топширилган. Улар орасида 18 200 ўқувчига мўлжалланган 20 та умумтаълим муассасаси, 950 нафар болага мўлжалланган 5 та хусусий мактабгача таълим муассасаси, 4 та саноат корхонаси, 1 та туризм объекти, 5 та хизмат кўрсатиш объекти, 6 та спорт майдончаси ва бошқа иншоотлар бор.
Шунингдек, умумий сиғими 5 300 тонна бўлган 3 та замонавий совуткич мажмуаси, 9 та кўп қаватли турар жой биноси, маъмурий ва маданий иншоотлар ҳам фойдаланишга топширилган. Ушбу лойиҳалар доирасида 1 220 та доимий иш ўрни яратилган.
Масъуллар маълумотига кўра, ҳозирда Турсунзода шаҳрида 132 та умумтаълим муассасаси фаолият юритиб, уларда 78 863 нафардан зиёд ўқувчи таълим-тарбия олмоқда.
Тожикистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига муносиб тайёргарлик доирасида Турсунзода шаҳрида 24 та таълим муассасасини қуриш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Ҳозирга қадар уларнинг 19 таси фойдаланишга топширилган бўлиб, мазкур ўқув бинолари жами 8 185 ўринга мўлжалланган.