Ушбу ҳолатни ўрганиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш айни пайтда долзарб вазифалардан. Чунки кейинги пайтларда аҳолининг ёш қатлами бевосита тармоқлардаги кайфият, мулоқот таъсирида вояга етмоқда. Афсуски, ўсмирларнинг қўлидаги телефонни назорат қилиш мушкул бўлиб қолди.
Шундай пайтда уларга тақиқ эмас, интернетдан фойдаланиш маданиятини ўргатиш билан вазиятни яхши томонга ўзгартириш мумкин. Бироқ бизда ҳали ҳам интернетдан фойдаланиш маданияти тўла шаклланиб улгурмаган. Хусусан, айниқса, ёшлар орасида кибермаконда тез-тез учрайдиган кибербуллинг ҳолати кўпчиликни хавотирга солаётган масалалардан бўлиб турибди. ЮНЕСКО тадқиқотларига кўра, дунёдаги ўқувчиларнинг қарийб 32 фоизи турли шаклдаги буллингга дуч келган, шундан 15-20 фоизи кибербуллинг қурбони бўлган.
Жаҳон бўйлаб ижтимоий тармоқларда ўсмирларнинг тажовузкор хатти-ҳаракатлари, жумладан, кибербуллинг бўйича юз бераётган ҳолатлар сони ортмоқда. Pew Research Center маълумотларига кўра, ўсмирларнинг 59 фоизи камида бир марта онлайн ҳақорат ёки босимга дуч келган. ЖСТ маълумотлари эса кибербуллинг қурбонларида депрессия ривожланиши хавфи икки баробар юқори экани, ўз жонига қасд қилиш эҳтимоли сезиларли даражада ортишини кўрсатади.
Виртуал тажовузнинг турли вариантлари мавжуд. Оғзаки зўравонлик, дўқ-пўписа, камситиш ёки бошқа фойдаланувчига нисбатан масхара, ҳақорат ёки таҳдид шулар жумла сидан. Бир гуруҳ одамларнинг ёзишмалар орқали шахсни қабул қилмаслик, рад этиш ва у билан мулоқот қилишни истамаслик ҳолати гуруҳ зўравонлигидир. Бунга кичик мисол — гуруҳни танлаш ёки бошқалар билан бирга мулоқотга қўшилиш истагига қарамай, иштирокчини умумий суҳбатдан мажбуран четлатиб юбориш. Бошқа шахсларнинг фото ва видеоматериалларини ижтимоий тармоққа жойлаштириш ҳамда тарқатиш мақсадида рухсатсиз фойдаланиш визуал зўравонлик деб аталади.
Олимлар Твиттер, яъни Х платформасидаги ўсмирларнинг кибертажовузкорлигини таҳлил қилди. Натижалар тажовузкорларни тавсифлаш ва аниқлаш қийинроқ эканини кўрсатди. Чунки улар оддий фойдаланувчилар каби эътиборни жалб қилмай, ўзини жуда сипо тутиши мумкин, лекин айни пайтда кибербуллингдан фойдаланишга қодир. Бундай ҳолатда агрессия кибербуллингдан тизимли эмаслиги билан фарқ қилади. Шунинг учун кўпинча унга жиддий зарар келтирувчи сабаб сифатида қаралмайди. Бироқ бу жабрланувчининг психологик тўкислигига салбий таъсир кўрсатади ва такрорий онлайн таъқиблар билан бир хил оқибатларга олиб келиши мумкин.
Кибербуллингнинг ўзига хослиги ва ортиб бораётган хавфи шундаки, анонимлик, яъни шахсини яширгани туфайли тажовузкор жазосиз қолиши ва ҳаракатлари учун ўзини айбдор ҳис қилмаслиги мумкин. Жабрланувчи эса мунтазам ташвиш ва қўрқувни ҳис қилади. Кибербуллингнинг кенг тарқалган шаклларига қўрқитиш ёки мунтазам юборилган ҳақоратли хабарлар киради. Бошқа бировнинг шахсий маълумотларини розилигисиз ошкор этиш, бошқа фойдаланувчининг обрўсига путур етказиш мақсадида уни камситувчи маълумотларни тарқатиш ёки чоп этиш, кўпинча бошқа фойдаланувчига қаратилган таҳдидлар билан бирга кибертаъқиб қилиш, троллинг ёки масхаралаш, ҳақоратлаш ва одобсиз сўзларни ишлатиш орқали буллинг қурбонига таъсир кўрсатади.
Аксарият ҳолларда хулқ-атвори тажовузкор ўсмирлар киберҳужум қурбонларидан кам бўлмаган даражада ёрдамга муҳтож. Россиялик тадқиқотчилар ҳар хил даражадаги кибербуллинг хавфи остида бўлган ўсмирларнинг турли даражали ҳолатини аниқлади. Маълум бўлишича, уларнинг аксарияти учун ташқаридан ёрдам сўраш одатий ҳол эмас ва пайдо бўладиган хавфларни мустақил енгиш қобилияти интенсив фойдаланиш билан боғлиқ. Бундан ташқари, АҚШлик ўсмирлар орасида онлайн безорилик тарқалишини тизимли кўриб чиқиш мақсадида ўтказилган 32 та тадқиқот натижасида мамлакатда кибербуллингнинг тарқалиши 1 дан 41 фоизгача ўзгариб туриши маълум бўлди. Шу билан бирга, қурбон бўлиш хавфи 72 фоизгача, тажовузкор позициясини эгаллаш эса 16,7 фоизгача етиши мумкин. 2019 йилда Россияда ёш фойдаланувчиларнинг қарийб 70 фоизи кибербуллингдан азият чекаётгани, 44,3 фоизи эса бошқа одамларга нисбатан кибербуллингдан фойдаланиши қайд этилган.
Бу ўсмирларни кибербуллингга нима ундайди деган савол бугун аксарият тадқиқотчилар, ўқитувчилар ва ота-оналарни бирдай қизиқтираётгани табиий. Ўрганишларга кўра, ўсмирнинг ўтмишда таҳқирлангани учун қасос олишга интилишидир. Тенгдошларининг босими ҳам ўқувчиларни онлайн безориликка ундаши мумкин. Чунки улар ўзи учун обрўли шахс сифатида ҳаракат қиладиган дўстлар гуруҳига мослашишга интилади.
Баъзи тадқиқотларга кўра, кибербуллинг қурбони бўлиш эҳтимоли аёллар орасида юқори. Интернетда кўп вақт ўтказадиган ва онлайн хавфли хатти-ҳаракатларга жалб қилинган, шунингдек, анъанавий мактаб безорилиги қурбони бўлганлар аксарият ҳолларда қизлардир.
Ўсмир болалар кибербуллингга кўпроқ мойил бўлади. Қизлардан фарқли ўлароқ, улар ўсмирлик даврида тажовузкор зўравонликни бошдан кечиради ва бу ҳақда ота-оналарга ёки ўқитувчиларга камроқ хабар берилади.
Кибербуллинг болалар ва ўсмирларнинг психологик тўкислигига сезиларли таъсир кўрсатса-да, бу таъсирни камайтирадиган қатор омиллар мавжуд. Биринчи навбатда, оилавий муносабатлардан қониқиш ҳисси кибербуллинг қурбонларининг ўз жонига қасд қилиш ниятини камайтиради. Бундай хавфни камайтирадиган яна бир омил мактабдаги муҳитнинг назорат қилиниши ва тартибга солинишидир. Шунингдек, кибербуллингнинг олдини олишдаги асосий йўналишлар сифатида интернет платформаларининг хавфсизлик даражасини ошириш, болалар ва ота-оналарни интернетда адекват хатти-ҳаракатларга ўргатиш каби мезонлар муҳим.
Баъзи ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларда махфийлик созламаларини ўрнатиш имконияти мавжуд. Бу эса фойдаланувчиларга салбий шарҳлардан қутулиш ва ҳуқуқбузарларни блоклаш имконини беради. Шу билан бирга, тармоқ маъмуриятига ёзиш ёки зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш мумкин.
Интернет ва ижтимоий тармоқлар ривожлангани сайин бизнинг жамиятга ҳам кибербуллинг хавфи ортиб бормоқда. Мактабларда ўсмирларнинг тажовузкор хатти-ҳаракатларининг олдини олиш учун махсус дастурлар ишлаб чиқилиши лозим. Педагогларнинг психологик компетенциясини ошириш ва вояга етмаганларнинг тенгдошлари билан муносабатларидаги психологик муаммоларни бартараф этиш зарур. Виртуал зўравонликдан азият чекканлар билан индивидуал ва гуруҳли психотерапия усуллари орқали шуғулланиш тавсия этилади.
Кибербуллинг ва анъанавий мактаб зўравонлигининг ўзаро боғлиқлиги долзарб масаладир. Безориликнинг бу турларидаги одатий кетма-кетлик ва ривожланиш қай ҳолатда экани, мулоқотнинг қандай шаклларидан фойдаланилиши ва уларни безорилик жараёни иштирокчилари қандай қабул қилишини аниқлаш виртуал ҳамда реал тажовузнинг тузилиши ва динамикасини аниқлашга ёрдам беради.
Камолиддин ТЎРАЕВ,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент