Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида икки ҳолат қайд этилди.
Андижон шаҳридаги сайёҳлик фирмаси иш юритувчиси фирма «Умра» зиёратини ташкил этиш учун тегишли лицензияга эга бўлмаса-да, Балиқчи туманида яшовчи фуқаронинг ишончини қозониб, унинг тўрт нафар қариндошини Саудия Арабистонига зиёратга юборишни ваъда қилган.
Бунинг учун у 4 400 АҚШ доллари талаб қилган. Тезкор тадбирда фирма иш юритувчиси сўралган пулни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат аниқланган. 2007 йилда туғилган шахс Фарғона шаҳрида яшовчи икки фуқарони Наманган вилоятидаги сайёҳлик фирмаси орқали «Умра» зиёратига юборишни ваъда қилган.
У бу хизмат учун 2 100 АҚШ доллари талаб қилган. Шахс олдиндан 1 000 АҚШ долларини олган вақтида унинг қонунга хилоф ҳаракатларига чек қўйилган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.