Дастур асосида Механика муҳандислиги йўналишида 20 нафарга яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олишни бошлади.
Айни кунларда Урганч давлат университети ректори Феруза Мадраҳимова Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Сафар доирасида у Хузҳоу технологиялар университети Партия қўмитаси котиби Лю Ян билан учрашди. Мулоқотда қўшма таълим дастури доирасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, дастурда иштирок этаётган талабалар сонини ошириш, уларни ишлаб чиқариш жараёнларига кенгроқ жалб этиш ва дуал таълим имкониятларини кенгайтириш истиқболларига эътибор қаратилди.
Учрашув давомида Феруза Мадраҳимовага Хузҳоу технологиялар университетининг фахрий профессори унвони тақдим этилди.
Шунингдек, Хузҳоу технологиялар университети, ХСМГ саноат компаниялари гуруҳи ва Урганч давлат университети ўртасидаги қўшма ҳамкорликнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир доирасида ўзбекистонлик талабаларни кутиб олиш маросими ҳам ташкил этилди.
Маросимда ХСМГ компаниялари гуруҳи Партия қўмитаси котиби ўринбосари Чжен Венқинг, Хузҳоу технологиялар университети Партия қўмитаси котиби Лю Ян ҳамда Урганч давлат университети ректори Феруза Мадраҳимова иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Тадбирда таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш, ёшларни замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга малакали мутахассислар этиб тайёрлаш ҳамда халқаро қўшма таълим дастурларини кенгайтириш масалалари таъкидланди.
Маълумот учун, 2+1+1 дастури доирасида Механика муҳандислиги йўналишида Урганч давлат университетининг 20 нафарга яқин талабаси Хузҳоу технологиялар университетида таҳсил олишни бошлади.