Абду Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида ташкил этилган хиёбоннинг очилиш маросимида илм-фан, адабиёт ва маърифат намояндалари, олимлар, университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди.

Тадбирда университет ректори Феруза Мадрахимова, Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Шерзод Бердиев, Ўзбекистон Қаҳрамони Анора Маҳмудова ва сиёсий фанлар доктори, профессор Назрулла Жўраев сўзга чиқиб, буюк аждодларимизнинг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида фикр билдирди.

Хиёбоннинг энг эътиборли жиҳати — унда 18 нафар буюк сиймонинг ҳайкали қад ростлагани. Мазкур маскан ёшларни аждодлар мероси билан яқиндан таништириш, уларда тарихий хотира ва миллий ғурур туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кўзда тутилган.

Очилиш маросими «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси билан ҳам уйғунлашди. Меҳмонлар, университет жамоаси ва талабалар хиёбон ҳудудига манзарали дарахт кўчатларини экишди.

Янги хиёбон университетнинг яна бир маънавий-маърифий масканига айланиши кутилмоқда. Бу ерда талабалар буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида кўпроқ маълумот олиш, уларнинг ибратли ҳаёт йўлидан руҳланиш имконига эга бўлади.