Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, халқимизни улуғ айём билан самимий табриклади.

Давлатимиз раҳбари энг улуғ байрамимиз Янги Тошкентда ўтказилаётгани байрам шукуҳини янада ошираётганини таъкидлади. Янги Тошкент пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшиб, Янги Ўзбекистоннинг куч-қудратини намоён этадиган чинакам тараққиёт марказига айланишига ишонч билдирилди.

Президентимиз халқимиз 1991 йилда ўз хоҳиш-иродаси ва қатъияти билан давлат мустақиллигини қўлга киритганини қайд этди. Буюк истиқлолимиз илдизлари уч минг йилдан зиёд давлатчилик анъаналаримиз ва қадимий цивилизациямиз тарихига бориб тақалиши таъкидланди.

Мустақиллик халқимизга шону шарафини, муқаддас динини, она тилини ва унутилаётган миллий қадриятларини қайтарди. Маросимда бугунги эркин ҳаёт учун жонини фидо қилган улуғ аждодларимиз ва жадидлар хотирасига таъзим бажо келтирилиб, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга ҳисса қўшган барча марҳум юртдошларимизнинг меҳнати ва жасорати эътироф этилди.

Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотираси эҳтиром билан ёд этилди.

Давлатимиз раҳбари мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлишини таъкидлади.

Ислоҳотларнинг дастлабки кунларидан халқнинг қалбига қулоқ солиш, аҳолининг дардига дармон бўлиш устувор мақсад этиб белгиланди ва “Инсон қадри учун!” ғояси давлат сиёсатининг марказига олиб чиқилди. Биринчи галда “пахта қуллиги”, “мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати”, “конвертация чеклови”, “прописка” каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам берилди.

Энг муҳими, фуқаролар юрагидаги қўрқув ва ҳадик ўрнини ишонч ва хотиржамлик эгаллади. Катта сиёсий ирода билан Ўзбекистон дунёга кенг очилди, чегара муаммолари ҳал қилиниб, қўшни давлатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик мустаҳкамланди.

Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатидаги туб ўзгаришлар натижасида мамлакатимизнинг Иқтисодий эркинлик индексидаги ўрни 80 поғона яхшиланди. Илгари иқтисодиётимизга йилига 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинган бўлса, ҳозир мазкур кўрсаткич 40-50 миллиард долларни ташкил этмоқда. Инвестициялар билан бирга юртимизга илғор технологиялар, замонавий билим ва янги иқтисодий имкониятлар ҳам кириб келмоқда.

Уч йил олдин 2030 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш режа қилинган эди. Глобал логистикадаги узилишлар ва дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан, ушбу марра жорий йилнинг ўзида ортиғи билан бажарилиши ва Ўзбекистон даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириши қайд этилди.

Бундай натижаларга халқимизнинг фидокорона меҳнати, интеллектуал салоҳияти, миллат ва давлат бирдамлиги туфайли эришилаётгани алоҳида таъкидланди.

Янги даврда 650 мингдан зиёд оила замонавий уй-жойга эга бўлди, минглаб маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб бормоқда. Камбағаллик масаласи очиқ тан олиниб, эҳтиёжманд оилаларнинг даромади, касби, саломатлиги, фарзандларининг таълими ва яшаш шароитини яхшилаш бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилди.

Изчил саъй-ҳаракатлар туфайли камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширилди. Бу рақамлар замирида рўзғорига барака кириб, турмуш сифати яхшиланган 10 миллион инсоннинг қувончи ва шукроналик туйғулари мужассам экани таъкидланди. Шу тариқа ижтимоий сиёсатнинг асосий ўлчови рақамлар эмас, инсон ва оила ҳаётидаги аниқ ўзгариш бўлиши мустаҳкам қарор топди.

Президентимиз дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш учун билимли, келажак касбларини пухта эгаллаган ва мустақил фикрлайдиган янги авлод мутахассислари зарурлигини таъкидлади. Шу боис, таълимга сифат ва мазмун олиб кирилиб, муаллимнинг обрў-эътибори тикланмоқда, даромади ошириб борилмоқда.

Ўтган ўн йилда аҳоли 8 миллионга кўпайган шароитда ҳам мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етказилди, мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратилди. Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар, шунингдек, хорижий тиллар ва касб-ҳунар ўрганиш учун яратилган имкониятлар таълим тизимига янги мазмун олиб кирди.

Олийгоҳлардаги талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарга етди. Ота-оналар учун фарзандини олий маълумотли қилиш фақат орзу эмас, эришса бўладиган мақсадга айланди.

Таълим билан бир қаторда илм-фан, замонавий технология ва инновациялар тараққиётимизнинг ҳал қилувчи омили сифатида белгиланди. АT, сунъий интеллект ва креатив иқтисодиёт ривожига янги руҳ берилиб, 10 миллион ёшни рақамли индустрия ва келажак касбларига олиб кириш мақсад қилинди.

Президентимиз Ўзбекистон технология соҳаларида жаҳонга илғор ташаббусларни таклиф этадиган марказга айланиши, ўзбек тили эса рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тил бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга ажратилаётган маблағ сўнгги йилларда 8 каррадан зиёд оширилди. Сифатли тиббий хизмат олиш имконияти марказда ҳам, ҳудудларда ҳам кенгайиб, 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилди ва хусусий секторга кенг имконият берилди.

Натижада тиббий хизматлар ҳажми 3 карра ошди, илгари хорижда бажарилган 100 дан зиёд мураккаб диагностика ва даволаш усуллари юртимизда йўлга қўйилди. Аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етди, гўдаклар ва оналар ўлими 4 баробар камайди.

Халқимизнинг бебаҳо маънавий меросига муносиб равишда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуалари каби бетакрор илмий-маърифий даргоҳлар барпо этилди. Ушбу масканлар юртимиз ва ислом оламида, бутун жаҳонда катта эътирофга сазовор бўлаётгани қайд этилди. Улуғ аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш ва дунёга кенг тарғиб этишга қаратилган бундай бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилади.

Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон ёшларини мамлакатимизнинг энг катта бойлиги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи деб атади.

Токио ва Париж Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларидаги тарихий ютуқлар, футболчиларимизнинг илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этгани, ёшларнинг халқаро фан олимпиадалари, танлов ва фестиваллардаги ғалабалари халқимизга катта ифтихор бағишламоқда. Самарқандда ўтадиган Жаҳон шахмат олимпиадаси ва гроссмейстер Жавоҳир Синдоровнинг жаҳон шахмат тожи учун кураши олдидан ёшларимизга улкан зафарлар тилаб қолинди. Ўғил-қизларимиз олдинга интилиш ва доимий изланишдан ҳеч қачон тўхтамасликка даъват этилди.

Президентимиз мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўяётганини таъкидлади. “Келгуси ўн йиллик биз учун миллий юксалиш даври бўлади”, деди давлатимиз раҳбари ва бу мақсадга халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ҳамда бирдамлиги орқали эришилишини қайд этди.

Шу мақсадда келгуси йилларда инсон қадрини янада юксалтирадиган еттита миллий дастур амалга оширилади. Улар таълим ва тиббиётдан тортиб, юқори технологияли иқтисодиёт, экология, адолат, маҳалла ва ташқи сиёсатгача бўлган устувор йўналишларни ягона мақсад атрофида бирлаштиради.

Биринчи миллий дастур билим ва малакани тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантиришга қаратилган.

Иккинчи миллий дастур халқимизнинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кўришини таъминлашга хизмат қилади.

Учинчи миллий дастур иқтисодиётни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказишга қаратилган.

Тўртинчи миллий дастур сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга йўналтирилади.

Бешинчи миллий дастур суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини умумий қадриятга айлантиришга қаратилади.

Олтинчи миллий дастур маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиради.

Еттинчи миллий дастур Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини ҳар томонлама юксалтиришга қаратилган.

Юртимизнинг очиқ, прагматик ва тинчликпарвар сиёсати узоқ муддатли тараққиётни таъминлашга хизмат қилмоқда. Марказий Осиёда аҳил қўшничилик, стратегик шериклик ва дўстлик алоқаларини кенгайтиришда тарихий ютуқларга эришилиб, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европа Иттифоқи, Америка, Осиё-Тинч океани минтақаси ва араб-мусулмон дунёси давлатлари билан муносабатлар мустаҳкамланди.

Шарқий Европа, Африка ва Лотин Америкасида янги ҳамкорлик йўналишлари очилди, Ўзбекистон билан дипломатик муносабат ўрнатган давлатлар сони қарийб 170 тага етди. Кўп қиррали, вазмин ва мувозанатли ташқи сиёсат ҳамда иқтисодий дипломатия изчил давом эттирилади.

Мамлакатимиз 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига илк маротаба раислик қилади ва 120 дан ортиқ давлатни бирлаштирган ушбу глобал тузилма самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни илгари суради. Афғонистон бўйича конструктив сиёсат қатъий давом эттирилиши қайд этилди.

Президентимиз тантанада иштирок этган дипломатик корпус вакиллари, хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда АҚШ, Туркия ва Сингапурдан келган юқори мартабали меҳмонларга самарали ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.

Мамлакатимиз етакчиси нутқининг якунида халқимизга ишонч билан мурожаат қилди: “Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз. Ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт йўли бир ҳақиқатни кўрсатди: халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ”.

Президентимиз ягона Ватан ва ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва буюк келажакни биргаликда барпо этишга чақирди. Ватанимизнинг олтин даври ва янги буюк тарихи халқимизнинг матонати, меҳнати ва бирдамлиги билан яратилишига қатъий ишонч билдирилди.

Давлатимиз раҳбари бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан яна бир бор табриклаб, юртимиз тинч, хонадонларимиз обод ва фаровон бўлишини тилади. Истиқлолимиз ижодкори ва ҳақиқий бунёдкори бўлган халқимизга шон-шарафлар тилаб, “Яшасин Ўзбекистон Республикаси! Яшасин Ўзбекистон халқи!” дея мурожаатини якунлади.