Ҳар доим ҳам сўзларига қулоқ солавермасдим. Баъзан онам суймаган ўртоғим уйга чақириб келса, “Уйда йўқ”, деб қайтариб юборарди.

Ўшанда қаттиқ жаҳлим чиқарди, аммо вақтнинг ўзи онам ҳақ эканини исботлади. Ўша вақтларда кўпчилик тенгдошларимнинг ота-онаси уларни мана шундай назорат қилиб турарди. Ота-онам куннинг қайси қисмида, қаерда, кимлар билан эканимни, тахминан бўлса-да, биларди. Албатта, ушбу назорат бизнинг фойдамизга хизмат қилган. Ахир бежиз айтишмаган “Яхши билан юрсанг, етарсан муродга, ёмон билан юрсанг, қоларсан уятга”.

Аммо бугун давр бошқача. Фарзандингизни ким билан дўст экани, нималар қилаётганини назорат қилиш деярли имконсиз. Масалан, ёнингизда ўтириб, ижтимоий тармоқлар орқали турли характердаги дўстлари билан ёзишаётган бўлиши мумкин. Халқимизда “Дўстинг кимлигини айт, сенинг кимлигингни айтаман” деган ибора бор. Фарзандингизнинг дўстлари кимлигини билмаганингиз болангизни ҳам яхши танимаслигингизни англатади. Бугунги даврда дўсту душман уйингиз эшигини қоқиб келмайди, ­аксинча, ­профилингиздан сизга боғланади. Ижтимоий тармоқларда баъзан биз, катталар фирибгарлар тузоғига тушиб қоламиз. Ҳали содда болаларнинг уларга алданиб, тўғри йўлдан адашиб қолиши ҳеч гап эмас. Бунинг устига, “ўргимчак тўри” дея таъриф бериладиган интернет турли тузоқлар, ғараз ниятли одамлар билан тўлиб-тошган. Онлайн қимор чангали дейсизми, наркотик ва психотроп моддаларнинг онлайн савдосими, турли шарм-ҳаёсиз контентлар дейсизми — барчасини кўриш мумкин. Хўш, вояга етмаган фарзандларимизни бу иллатлардан асраш учун нима қиламиз?

Дунё ҳамжамияти бу ҳолат яхшиликка олиб бормаслиги, давлат ва жамият, миллат келажагини сўроқ остига қўйишидан хавотирланиб, олдини олишнинг ўзига хос тартиб ва меъёрларини ишлаб чиқмоқда. Айрим давлатлар бундай контентларни чеклашга зўр бераётган бўлса, айримлари вояга етмаган ўғил-қизларини ижтимоий тармоқлардан узоқроқ тутишга уриняпти. Баъзи мамлакатлар эса ўз аҳолиси учун алоҳида ижтимоий тармоқлар яратмоқда.

Турли қонуний меъёрлар билан контент тарқатишни назорат қилиш мушкул. Сабаби, чек-чегарасиз интернет оламида контент яратувчилар ҳам талайгина. Ахборот оқими кўплиги сабаб барибир қайсидир сайт, ижтимоий тармоқ контентида, албатта, қонун бузилишлари эътибордан четда қолмоқда. Ё бўлмаса, ўзларининг миллий ижтимоий тармоғини яратган мамлакатларда ҳам ­оммабоп тармоқлардан фойдаланилаётганини кузатиш мумкин.

Хўш, дунё бош қотираётган бу муаммо олдида биз қандай йўл тутишимиз керак? Ушбу иллатга қарши курашишда мамлакатимиз қай йўлдан бормоқда?

— Сўнгги йилларда дунё миқёсида болаларнинг интернет ва ижтимоий тармоқлардаги хавфсизлиги масаласи фақат ахлоқий муҳокамалар доирасидан чиқиб, кенг жамоат хавфсизлиги ва бола ҳуқуқлари масаласига айланди, — дейди “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими Расулбек Ҳожиев. — Онлайн зўравонлик, кибербуллинг, зарарли контент, фирибгарлик, шантаж ва ноқонуний алоқалар каби хавфлар, шунингдек, платформалардаги “одатлантирувчи дизайн” (масалан, алгоритмик тасмалар, чекланмаган қисқа видеолар (скролл) ва автоматик тавсиялар) болалар психологияси ва хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда ҳам бу масала долзарб бўлиб, 2024 йилда қабул қилинган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун билан болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан, жумладан, кибербуллингдан ҳимоя қилиш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Шу нуқтаи назардан, ижтимоий тармоқларда ёш чекловларини жорий этиш профилактик сиёсатнинг муҳим элементи сифатида қаралиши мумкин. Мазкур ­соҳада дунё ­амалиётини шартли равишда икки йўналишга ажратиш мумкин: қатъий тақиқ ва тартибга солиш (регуляция).

Австралияда 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқларда аккаунт очишига чекловда асосий масъулият платформалар зиммасига юкланган: улар ёшни текшириши ва болаларни платформага киритишга йўл қўймаслик учун чора кўриши шарт. Бироқ амалиёт кўрсатмоқдаки, техник жиҳатдан бу чекловни айланиб ўтиш мумкин.

Франция ва Туркияда эса шунга яқин ташаббуслар муҳокама қилинмоқда. Ҳар икки давлатда ҳам 15 ёшгача бўлганлар учун чекловлар, шунингдек, платформалар зиммасига ёшни текшириш ва ота-она назоратини таъминлаш мажбуриятини юклаш назарда тутилган.

Умумий хулоса шуки, глобал тенденция болани тўлиқ тақиқлашдан кўра, платформаларнинг болалар олдидаги масъулиятини ҳуқуқий мажбуриятга айлантириш томон ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистонда бундай сиёсатга эҳтиёж борлигини бир неча омиллар тасдиқлайди. Аввало, болаларга нисбатан зўравонлик, жумладан, кибербуллинг ҳуқуқий жиҳатдан тан олинган ва унга қарши давлат сиёсати шакллантирилмоқда. Шунингдек, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишнинг 2026-2030 йилларга мўлжалланган миллий стратегияси бу йўналиш устувор эканини англатади.

Бундан ташқари, ёшни текшириш механизмлари шахсий маълумотлар хавфсизлигига таҳдид бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар қандай сиёсат “маълумотларни минимал йиғиш” тамойили асосида қурилиши лозим. Бундай жараёнда энг мақбул ечим босқичма-босқич ёндашув ҳисобланади. Фикримизча, мамлакатимиз учун энг тўғри йўл — босқичли ва мувозанатли регулятор сиёсатини жорий этиш.

Биринчи босқичда болалар учун хавфли функцияларни чеклаш талаб этилиши керак. Масалан, номаълум кишилар билан ёзишмалар, очиқ гуруҳларга кириш, геолокация, алгоритмик тавсиялар ва жонли эфирлар каби функциялар автоматик равишда чекланиши мумкин.

Иккинчи босқичда ёшни ишончли аниқлаш ва ота-она назорати механизмларини жорий қилиш лозим. Бу ерда платформаларга “оқилона чоралар” стандартини белгилаш, ота-оналар учун назорат панеллари, вақт чекловлари ва контент фильтрларини таъминлаш муҳим.

Юқоридаги чоралар самара бермаган тақдирдагина учинчи босқич сифатида ­муайян ёшгача аккаунт очишни чеклаш масаласи кўриб чиқилади.

Вояга етмаганларни ижтимоий тармоқларда чеклаш бўйича дунёда ягона ёндашув йўқ. Айрим давлатлар қатъий тақиқни танлаётган бўлса, бошқалари тартибга солиш ва назоратни кучайтириш орқали муаммони ҳал қилишга уринмоқда.

Ўзбекистон учун энг самарали йўл тўлиқ тақиқдан кўра, платформалар масъулиятини ошириш, ёшни текшириш, ота-она назорати ва хавфли функцияларни чеклашга асосланган босқичма-босқич сиёсатни жорий этишдир. Бу ёндашув миллий қонунчилик ва ­стратегик мақсадларга ҳам мос келади.

Санжар ЭШМУРОДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири