Шу кунлари пойтахтимиз 97 дан зиёд мамлакатдан келган 386 нафар ёш дастурчини бир ерга жамлайди.
Халқаро информатика олимпиадаси (IOI) – 1989 йилдан буён мактабларнинг юқори синф ўқувчилари ўртасида спорт дастурлаш бўйича ўтказиладиган дунёдаги энг йирик ва нуфузли мусобақа бўлиб, ҳар йили 90 дан ортиқ мамлакатнинг энг иқтидорли иштирокчиларини бирлаштиради.
IOI Бош ассамблеяси қарорига кўра 2023 йилда Олимпиадани ўтказиш ҳуқуқини мамлакатимиз қўлга киритган эди. Орадан икки йил ўтиб, 2025 йилда Боливияда бўлиб ўтган олимпиаданинг ёпилиш маросимида Ўзбекистонга IOI байроғи тантанали тарзда топширилди ва шу тариқа Тошкент навбатдаги мезбон шаҳар мақомини расман мустаҳкамлади. Алоҳида эътиборлиси, бу воқеа миллий терма жамоамиз бронза ва илк кумуш медаллари қўлга киритилган Олимпиада доирасида юз берди.
ИОИ 2026 олимпиадасида иштирок этиш учун АҚШ, Хитой, Германия, Сингапур, Корея Республикаси, Япония ва Буюк Британия каби 97 дан ортиқ мамлакатдан 386 нафар мактаб ўқувчиси рўйхатдан ўтган. Ҳамроҳлик қилувчи делегациялар, фахрий меҳмонлар ва халқаро қўмиталар аъзолари билан биргаликда иштирокчиларнинг умумий сони 900 нафардан ошади. Саккиз кунлик дастур алгоритмик масалалар ечишга бағишланган беш соатлик турлар, семинарлар, воркшоплар ҳамда Тошкентнинг диққатга сазовор жойларига экскурсияларни ўз ичига олади.
Олимпиадани Тошкентда ўтказиш тўғрисидаги қарор IOI қўмитаси томонидан Ўзбекистон тақдим этган мезбонлик аризаси асосида қабул қилинди. Аризада мамлакатда IT соҳаси ва рақамли таълимни ривожлантириш, замонавий инфратузилмани яратиш ҳамда ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш йўналишларида амалга оширилаётган тизимли ишлар батафсил ёритилган. Ўзбекистоннинг мезбон давлат сифатида танланиши ушбу саъй-ҳаракатларнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилганининг яна бир тасдиғи бўлди.
IOI 2026 олимпиадасига тайёргарлик давомида ташкилотчилар аввалги мезбон давлатлар – Боливия, Венгрия ва Миср тажрибасини чуқур ўрганиб, халқаро илғор амалиётларни маҳаллий шароитга мос равишда татбиқ этди. 2027 йилда эса ушбу нуфузли мусобақага Германия мезбонлик қилади.
Халқаро информатика олимпиадасининг Тошкент шаҳрида ўтиши – мамлакатимизда рақамли таълимни ривожлантириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва замонавий рақамли экотизимни яратиш йўлидаги кўп йиллик изчил меҳнат натижасидир. IOI олимпиадасига мезбонлик қилиш ҳуқуқининг Ўзбекистонга берилиши амалга оширилаётган ишларнинг халқаро эътирофи бўлди.
Бугун бу ишларнинг самарадорлигини миллий терма жамоамиз натижалари ҳам тасдиқламоқда. Боливиядаги IOI 2025 олимпиадасида қўлга киритилган, бронза ва мамлакат тарихидаги илк кумуш медаллари инсон капитали ҳамда рақамли таълимни ривожлантириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган изчил давлат сиёсатининг мантиқий натижаси бўлди.
IOI 2026 олимпиадаси биз учун шунчаки мамлакат нуфузини оширишга хизмат қиладиган бир марталик тадбир эмас, балки “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг узвий қисмидир. Ёшлар халқаро миқёсдаги энг юқори талаб ва стандартлар билан қанчалик эрта танишса, глобал бозорда рақобатбардош мутахассисларнинг янги авлодини шакллантириш жараёни шунчалик жадаллашади.
“Август ойида Тошкент дунёнинг 386 нафар энг иқтидорли ёш дастурчисини бир жойга жамлайди. Улар Ўзбекистонни очиқ, юксак мақсадлар сари интилаётган ва жадал ривожланаётган технологик мамлакат сифатида кашф этади, деб ишонаман”, деди Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов.
ИОИ 2026 олимпиадасида Ўзбекистон мезбон давлат сифатида иккита жамоа – миллий саралаш босқичларида энг юқори натижа кўрсатган 8 нафар иқтидорли ёшни халқаро майдонга олиб чиқади:
биринчи жамоа аъзолари – Жаҳонгир Шоҳ Авазхонов, Тимур Кадирбергенов, Жахонали Хайдаралиев ва Улуғбек Рахматуллаев;
иккинчи жамоа аъзолари – Сардор Салимов, Ҳумоюн Абдураупов, Улуғбек Камалов ва Равшан Раҳмиддинов.
Йигитлар президент мактаблари, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактаб, Вестминстер лицейи ва ТАТУ лицейи вакилларидир. Миллий терма жамоанинг тайёргарлик дастури 2025 йил ноябрь ойидан бошлаб босқичма-босқич амалга оширилди. Дастур доирасида ўнга яқин ўқув машғулотлари ташкил этилиб, уларга Руминия, Полша ва Қозоғистондан тажрибали мураббийлар жалб этилди. Шунингдек, терма жамоа аъзолари Руминия ва Қозоғистондаги спорт дастурлаш бўйича халқаро ўқув оромгоҳларида иштирок этди. Тайёргарлик нафақат техник билим ва кўникмаларни, балки руҳий тайёргарликни ҳам қамраб олиб, 18 йиллик тажрибага эга эксперт томонидан мунтазам психологик ҳамроҳлик йўлга қўйилди.
Ўзбекистон учун IOI 2026 олимпиадасини ўтказиш “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишнинг муҳим қисмидир. Мамлакатда IT инфратузилмаси изчил ривожлантирмоқда, IT Park Узбекистан орқали соҳа вакилларига имтиёзли солиқ ва божхона режимларини тақдим этилмоқда. Шунингдек, мамлакат аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этиши инобатга олиниб, уларнинг таълим олиши ва салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
ИОИ 2026 олимпиадасининг ўтказилиши Ўзбекистоннинг рақамли технологиялар ва таълимни тизимли ривожлантираётган давлат сифатидаги халқаро нуфузини мустаҳкамлайди ҳамда минглаб мактаб ўқувчиларини дастурлаш, математика ва бошқа STEM йўналишлари билан шуғулланишга ундайди.
Мазкур тадбир турли мамлакатлар ёшлари ва мутахассислари ўртасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва тажриба алмашиш учун янги имкониятлар яратади. 90 дан ортиқ давлатдан иштирокчилар ва делегацияларнинг ташрифи эса Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб этишга хизмат қилади. Кўплаб меҳмонлар учун бу Марказий Осиё билан илк танишув бўлади.
“Халқаро информатика олимпиадасида Ўзбекистон номидан иштирок этиш катта шараф. Бу мусобақага узоқ тайёргарлик кўрдик ва ғалаба учун бор кучимизни сарфлаймиз. Дунёнинг турли бурчакларидан келган иштирокчилар мамлакатимиз билан танишиши, биз эса жаҳоннинг энг кучли мактаб ўқувчилари билан беллаша олишимиз жуда қувонарли”, деди Ўзбекистон терма жамоаси иштирокчиси, IOI-2025 бронза медали соҳиби Улуғбек Раҳматуллаев.
Халқаро информатика олимпиадаси (IOI) – мактаб ўқувчилари ўртасида дастурлаш бўйича ўтказиладиган энг нуфузли халқаро мусобақа бўлиб, 1989 йилдан бери ҳар йили ташкил этиб келинади. 38-Халқаро информатика олимпиадаси Ўзбекистон мезбонлик қилаётган илк халқаро информатика олимпиадаси бўлади. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, IT-таълим уюшмаси ва Рақамли таълимни ривожлантириш маркази IOI 2026 олимпиадасининг ташкилотчилари ҳисобланади.