Тадбирда Хитой вазирлик ва идоралари, ижтимоий-сиёсий, илмий-академик, эксперт ва ишбилармон доиралари, етакчи оммавий ахборот воситалари ҳамда хорижий дипломатик корпус раҳбарлари иштирок этди.

Хитойнинг нуфузли “Жэньминь” нашриётида чоп этилган ушбу китоб 8 бобдан иборат бўлиб, “Ўзбекистон кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида”, “Ўзбекистон ва БМТ”, “Ўзбекистон ва ШҲТ”, “Марказий Осиё – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши” ва бошқа мавзуларни қамраб олган.

Китобда Ўзбекистон Президентининг Янги Ўзбекистонни барпо этиш доирасида мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ички ва ташқи сиёсат масалаларига бағишланган нутқ ва маърузалари, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг хорижий оммавий ахборот воситаларида чоп этилган интервью ва мақолалари ўз аксини топган.

Тақдимот давомида китоб Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли тарихий ислоҳотлар, Янги Ўзбекистоннинг миллий тараққиёти, ички ва ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари ҳақида Хитой ва халқаро жамоатчиликни кенг хабардор қилишда муҳим манба бўлиб хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Халқаро алоқалар бўлими мудири Лю Хайсин Хитойда Президент Шавкат Мирзиёев китобининг нашр этилишини ҳар томонлама стратегик шериклик ўрнатилганининг ўн йиллиги нишонланаётган йилдаги муҳим воқеа сифатида баҳолади.

Лю Хайсиннинг фикрича, 2027 йил 2 январда нишонланадиган дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги арафасида Пекин Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт ва кенг кўламли модернизация йўлини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр. Хитой томони янги мамлакат қурилишини сиёсий ишончни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятлар очадиган муҳим жараён сифатида кўради.

Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Тарғибот бўлими мудири ўринбосари Хон Даён ушбу китобнинг чоп этилишини Ўзбекистон–Хитой гуманитар алоқалари ривожидаги йирик воқеа деб атади. Унинг таъкидлашича, етакчилар раҳбарлигида муносабатлар изчил равишда янада юқори даражага кўтарилиб бормоқда, маданий ва интеллектуал мулоқот эса бу жараёнга алоҳида теранлик бағишламоқда.

Ўзбекистон Президентининг давлат бошқаруви соҳасидаги ғояларининг теранлиги ва уларнинг амалиётга татбиқ этилиши натижадорлиги алоҳида эътиборга лойиқ. Китоб миллий шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда танланган йўлнинг ўзига хос хусусиятларини очиб беради ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш борасидаги қатъий сиёсий иродани акс эттиради. Хитойлик экспертлар, жамоатчилик доиралари вакиллари ва кенг китобхонлар оммаси учун ушбу китоб Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти ҳақида қимматли билим манбаи ҳисобланади.

“Хитойда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг китоби нашр этилганидан жуда хурсандмиз. Унда Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг стратегик мазмуни, мамлакатнинг замонавий ривожланиши, ички ўзгаришлар ва ташқи сиёсат мақсадлари очиб берилган. Хитой аудиторияси учун мазкур нашр Ўзбекистонни модернизация қилиш жараёнини чуқур ўрганишда муҳим амалий аҳамиятга эга”, – дейди Хитой замонавий халқаро муносабатлар академияси президенти Фу Сяоцян.

ШҲТ Бош котиби ўринбосари Пяо Янфаннинг қайд этишича, давлат раҳбарининг китоби Янги Ўзбекистон қиёфасини шакллантираётган кенг кўламли ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тўлақонли ҳамда ҳар томонлама англаш учун муҳим манба саналади.

У Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистоннинг қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш борасида эришган тарихий ютуқларини юқори баҳолади.

Шунингдек, Пяо Янфан ислоҳотларнинг изчиллиги мамлакатнинг халқаро нуфузи ва иқтисодий жозибадорлиги ошишига хизмат қилаётгани, унинг муваффақиятлари жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортаётганини таъкидлади.

Унинг фикрича, китоб Хитой ва “ШҲТ оиласи”нинг бошқа мамлакатларида кенг акс-садо беради, Ўзбекистондаги ўзгаришларни тушунишни кенгайтиради ва ҳамкорликка қўшимча суръат бағишлайди. Унда баён этилган ёндашувлар ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг асосини ташкил этувчи ўзаро ишонч, тенг ҳуқуқлилик, маданий хилма-хилликни ҳурмат қилиш ва биргаликда ривожланиш тамойилларига ҳамоҳангдир.

Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти директори ўринбосари Пан Дапеннинг эътироф этишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг китоби Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг асосий босқичларини изчил акс эттиради ҳамда ички ва ташқи стратегияни уйғунликда кўриб чиқиш имконини беради. Унда мамлакатдаги кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, Янги Ўзбекистон замонавий миллий тараққиётининг асосий тамойиллари кенг очиб берилган.