Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида фуқароларни хорижга ишга юбориш билан боғлиқ бир қатор фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилди.
Жумладан, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс танишлари орқали Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи 6 нафар фуқарони Словакия Республикасига ишга юбориш эвазига 145 миллион сўм талаб қилган. У олдиндан 85 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Яна бир ҳолатда Тошкент шаҳрида хорижий давлатларга виза олиш бўйича консалтинг хизматлари кўрсатувчи МЧЖ раҳбари пойтахтда яшовчи, 2002 йилда туғилган фуқаронинг ишончига алдов йўли билан кириб, унга виза расмийлаштириш орқали Германияга ишга юборишни ваъда қилган. У мазкур хизмат эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.
Шу каби ҳолат Тошкент вилоятида ҳам қайд этилди. Зангиота туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган аёл Ангрен шаҳрида истиқомат қилувчи, 2000 йилда туғилган фуқаронинг ишончига алдов йўли билан кириб, виза расмийлаштирган ҳолда уни Жанубий Кореяга ишлаш учун юбориш эвазига 5 900 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатларнинг барчаси юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.