Қишлоқ хўжалигида ҳам шундай. Яхши нав, сифатли уруғ, кучли генетика – бу «hardware», яъни ақлли қурилма. Лекин унинг имкониятини тўлиқ очиб берадиган нарса – тўғри агротехника, тўғри сақлаш, тўғри экиш, тўғри сув бериш, тўғри озиқлантириш, тўғри нур, тўғри ҳарорат ва тўғри парваришдир. Бошқача айтганда, булар уруғ ва ўсимликнинг «software»идир.

Бир қарашда бу жуда оддий гапдек туюлади. Аммо аслида бугун дунё қишлоқ хўжалиги айнан шу ҳақиқатни қайта кашф этмоқда. Чунки келажак озиқ-овқат хавфсизлигини фақат янги нав, янги техника ёки кўпроқ ўғит билан таъминлаб бўлмайди. Иқлим ўзгаряпти, сув танқислиги кучайяпти, тупроқ шўрланиши, иссиқ тўлқинлар, янги касаллик ва зараркунандалар деҳқончилик олдига ҳар йили янги саволлар қўймоқда. Бундай даврда уруғнинг генетик имкониятини тўғри “ишга тушириш”ни билиш ҳам алоҳида илм, алоҳида маҳоратга айланмоқда.

Бу илмнинг номи – эпигенетика.

Эпигенетика деганда кўпчилик мураккаб лаборатория, ген, ДНК, молекула, ускуна, формула деб ўйлаши мумкин. Аслида эса уни деҳқон тилида жуда содда тушунтириш мумкин: ДНК — бу уруғнинг алифбоси. Эпигенетика эса шу алифбодан қайси сўз қачон, қаерда ва қандай ўқилишини бошқарадиган тартибдир.

Яъни уруғдаги генлар ўзгармайди. Аммо ўша генларнинг ишлаш тартиби ўзгариши мумкин. Бир ген вақтида “уйғонади”, бошқаси вақтинча “жим туради”, учинчиси стресс келганда тезроқ ишга тушади. Бунга ҳарорат, нур, сув, туз, тупроқ, озуқа, микроорганизмлар, сақлаш шароити ва парвариш таъсир қилади.

Компьютерда software рақамлар билан ёзилади. Уни ўзгартириш учун мутахассис керак. Уруғда эса генларни ишлатадиган кўплаб “дастурлар” табиат томонидан гўё қалам билан ёзилгандек. Деҳқон тўғри шароит берса, ўша қалам билан ёзилган дастурни кучайтириши, йўналтириши, баъзан қайта “ёзиши” мумкин. Уруғ совуқни ҳис қилади, нурни ҳис қилади, сувни ҳис қилади, тупроқни ҳис қилади. Ўсимлик қимирламайди, юрмайди, гапирмайди, лекин у муҳитни “ўқийди”. Шу ўқиш натижасида ўзини ҳимоя қилиш, ўсиш, гуллаш, ҳосил тугиш ёки пишиш тартибини ўзгартиради.

Мана шу – эпигенетик агротехника, яъни ўсимлик хотираси ва муҳит сигналларидан оқилона фойдаланишдир.

Уруғ ҳам тайёргарлик кўради

Биз кўпинча уруғни оддий тирик материал деб биламиз: ерга ташласак, сув берсак, унади, деб ўйлаймиз. Аммо уруғ ҳам тирик тизим. Унинг ҳам уйғониш вақти, тайёргарлик даври, ички ритми бор. Уруғнинг уйғониши одамнинг эрталаб уйғонишига ўхшайди. Кимдир дарров сергак туради, кимдир кечроқ уйғонади, кимдир умуман тайёр бўлмагани учун ишга кириша олмайди.

Далани тасаввур қилинг. Бир гектарга минглаб, миллионлаб уруғ экилади. Агар улар бир вақтда унмаса, даладаги ривожланиш ҳам бир хил бўлмайди. Бир ўсимлик эрта чиқади, иккинчиси уч кундан кейин, учинчиси бир ҳафтадан кейин. Кейин гуллаш ҳам ҳар хил бўлади, бошоқ чиқариш ҳам, пишиш ҳам. Натижада фермер бир майдонда бир вақтнинг ўзида ҳам яшил, ҳам пишган, ҳам кечиккан ўсимликларни кўради. Бу эса ҳосилдорликка, сув сарфига, касалликка чидамлиликка ва йиғим-терим сифатига таъсир қилади. Шунинг учун уруғнинг бир вақтда ва барқарор униши — оддий масала эмас. Бу ҳосилнинг бошланғич калитидир. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бу борада жуда қизиқ ва амалда ўзини оқлаган тажриба шаклланди. Ғалла уруғларини экишдан олдин икки ой давомида +4 даража совуқ шароитда сақлаш тавсия этилди. Аввалига кўпчилик ишонмади. “Уруғни музлаткичга қўйишдан нима фойда?” деганлар ҳам бўлди. Аммо кейин амалиёт кўрсатдики, бу жуда муҳим усул экан. Нима учун?

Бу ерда гап оддий совитиш ҳақида эмас. Бу уруғнинг ички уйғониш жараёнини тартибга солиш ҳақида. Янги йиғиб олинган ғалла уруғи ҳали тўлиқ “тайёр” бўлмаслиги мумкин. Унда табиий тиним даври инглизча қилиб айтганда “seed dormancy” бор. Агар бундай уруғ дарҳол экилса, унинг бир қисми яхши унмайди ёки кеч унади. Айрим ҳолатларда 30 фоизгача уруғ кутилган даражада униб чиқмаслиги мумкин. Бу далада ўсимлик сонининг камайиши, кейин эса ҳосилнинг пасайиши дегани. Уруғни +4 даражада икки ой сақлаш эса уни бир хил уйғотади. Натижада уруғлар бир вақтда униб чиқади, ниҳоллар бир хил ривожланади, гуллаш ва пишиш ҳам уйғунлашади. Далада ўсимликлар сони кўпаяди. Ҳосил бир маромда шаклланади. Фермернинг меҳнати, суви, ўғити, техникаси ва вақти самаралироқ ишлайди. Бу ерда нав ўзгаргани йўқ. ДНК ўзгаргани йўқ. Лекин уруғнинг “ишга тушиш software’и” тўғри йўлга қўйилди. Мана шунинг ўзи катта фарқ берди. Айрим майдонларда гектарига қўшимча бир тонна ва ундан ортиқ ҳосил олиш имкони пайдо бўлди. Бу – деҳқон учун катта даромад, мамлакат учун эса озиқ-овқат хавфсизлигига қўшилган катта ҳисса.

Оддий савол: биз янги нав яратиш учун йиллар сарфлаймиз, катта маблағ ва илм керак. Лекин яхши навни тўғри “уйғотиш” учун баъзан оддий совуқда сақлаш технологияси етарли бўлиши мумкин. Демак, қишлоқ хўжалигида катта натижа ҳар доим қиммат технологиядан келмайди. Баъзан катта натижа – тўғри тушунилган оддий илмдан келади.

Нур ҳам ўсимликка хабар беради

Ўсимликнинг кўзи йўқ, лекин у нурни кўради. Қулоғи йўқ, лекин муҳит сигналларини эшитгандек қабул қилади. Оёғи йўқ, лекин нур, сув ва озуқа томон ҳаракат қилади. Бу – табиатнинг ажойиб мўъжизаси. Картошка уруғ туганакларида ҳам шундай ҳолат бор. Картошка туганаги ерга тушишдан олдин маълум даражада “уйғониши” керак. Унинг кўзи, яъни куртаги, тўғри вақтда ҳаракатга келиши зарур. Агар туганак суст бўлса, униши кечикади, майдонда ўсимликлар бир хил ривожланмайди, ҳосил ҳам паст бўлади.

Бугун Ўзбекистонда қизил нур билан картошка уруғ туганакларини экишдан олдин ишлов бериш бўйича амалий тажрибалар олиб борилмоқда. Бу усулнинг моҳияти шундаки, қизил нур ўсимликдаги нурни қабул қилувчи тизимларга таъсир қилади. У куртак уйғониши, ўсиш ритми, кейинги ривожланишга таъсир кўрсатиши мумкин. Натижада уруғ туганак “уйғонади”, майдонда ниҳоллар яхшироқ кўринади, ривожланиш тезлашади. Эътибор беринг: бу ерда ҳам ДНК ўзгармайди. Нав бошқа навга айланмайди. Лекин ўсимликнинг ичидаги “қалам билан ёзилган” ишлаш дастурига нур орқали таъсир қилинади. Шунинг учун буни ҳам эпигенетик фикрлашга яқин агротехника дейиш мумкин. Амалиётда бундай ёндашув картошка ҳосилдорлигида катта фарқ бериши мумкин. Агар аввал айрим майдонларда гектаридан 20–25 тонна ҳосил олинган бўлса, тўғри тайёрланган уруғ туганак, тўғри агротехника, тўғри сув ва парвариш билан 50 тонна ва ундан юқори натижаларга эришиш мумкинлиги кузатилмоқда. Бу фақат битта усулнинг эмас, балки бутун “software”нинг тўғри ишлаши натижасидир.

Шу ўринда яна бир муҳим хулоса бор. Биз кўпинча ҳосилни фақат ер, сув ва ўғит билан боғлаймиз. Албатта, булар муҳим. Аммо ўсимликка нур ҳам хабар беради. Ҳарорат ҳам хабар беради. Сақлаш шароити ҳам хабар беради. Демак, замонавий деҳқончилик – бу ўсимлик билан “гаплашиш” санъатидир. Ким ўсимлик тилини яхши тушунса, у даладан кўпроқ ва сифатлироқ ҳосил олади.

Пахта даласида рангли плёнканинг сири

Ўзбекистон пахтачилиги сўнгги йилларда катта ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Пахта майдонлари қисқаряпти, лекин ҳосилдорлик ва самарадорлик ошмоқда. Томчилатиб суғориш, лазерли текислаш, янги навлар, уруғчилик тизими, кластерлар, қайта ишлаш – буларнинг барчаси пахтачиликни янги босқичга олиб чиқмоқда.

Энди бу йўналишга яна бир қизиқ қараш қўшилмоқда: рангли плёнка остида пахта етиштириш.

Плёнка остида экиш биз учун янгилик эмас. У тупроқ ҳароратини сақлайди, намликни ушлаб туради, сувни тежайди, ниҳолни эртароқ ривожлантиради. Лекин бу ерда яна бир оддий, бир қарашда ғалати туюладиган савол туғилади: плёнканинг ранги ҳам аҳамиятлими? “Бўлди-да энди, плёнка дединглар — қиляпмиз-ку. Энди ранглисини чиқардингларми?” дейдиганлар ҳам топилади. Бу табиий. Чунки деҳқон ҳар бир янги гапнинг амалий фойдасини кўргиси келади.

Жавоб эса оддий: ҳа, плёнканинг ранги ҳам аҳамиятли бўлиши мумкин. Чунки ранг — бу нур сифати. Нур сифати эса ўсимликка хабар. Қизил, кўк, яшил, оқ ёки шаффоф плёнка тупроқ ва ўсимлик атрофидаги нур муҳитини бироз ўзгартиради. Ўсимлик эса бу ўзгаришни сезади. Унда phytochrome, cryptochrome каби нурни қабул қилувчи тизимлар бор. Улар орқали ўсимлик “мен қандай муҳитдаман?”, “соя борми?”, “тезроқ ўсишим керакми?”, “гуллашни қачон бошлашим керак?”, “пишишни қандай тезлаштираман?” деган ички қарорларни қабул қилади. Бу жараёнларнинг бири “shade avoidance response”, яъни соядан қочиш жавоби деб аталади. Оддий қилиб айтганда, ўсимлик ўзини сояда деб ҳис қилса, тезроқ ўсишга ҳаракат қилади. Поя, барг, гуллаш ва кейинги ривожланишда ўзгаришлар бўлиши мумкин. Айрим ҳолатларда бу ҳосилнинг эртароқ пишишига, тола сифатига, тола узунлигига ёки кўсак шаклланишига таъсир қилиши мумкин. Бу йил Ўзбекистонда томчилатиб суғориш билан бирга рангли плёнкалар — жумладан, кўк, қизил, яшил каби плёнкаларни катта майдонларда синаш ишлари бошланди. Энг қизиғи, фермер учун бу қўшимча катта харажат эмас. У барибир плёнка ишлатади. Фақат плёнканинг ранги ўзгаради. Лекин шу кичик ўзгариш ўсимликка бериладиган “нур сигнали”ни ўзгартириши мумкин.

Мана буни ҳақиқий аграр software дейиш мумкин. Нав ўша нав. Ер ўша ер. Сув бериш тизими ўша тизим. Лекин ўсимликнинг муҳитни қабул қилиши ўзгаряпти. Унинг ривожланиш дастури бошқача ишга тушиши мумкин. Бу эса пахтачиликда эртапишарлик, сув тежамкорлиги, ҳосил ва сифат учун янги имконият очади. Албатта, бу йўналиш илмий жиҳатдан янада чуқур ўрганилиши керак. Қайси ранг қайси тупроқда, қайси навда, қайси иқлимда, қайси экиш муддатида яхши натижа беради – буларни аниқ тажрибалар кўрсатади. Лекин энг муҳим нарса – биз энди ўсимликни фақат ўғит ва сув қабул қиладиган “объект” деб эмас, балки муҳит сигналларини ўқийдиган тирик тизим деб кўра бошладик. Бу қарашнинг ўзи қишлоқ хўжалигимизда янги давр бошланаётганини кўрсатади.

Генетика керак, лекин унинг ўзи етарли эмас

Сўнгги асрда қишлоқ хўжалигидаги улкан ютуқларнинг катта қисми генетика орқали келди. Янги навлар, серҳосил линиялар, касалликка чидамли ўсимликлар, толаси сифатли пахта, ҳосили юқори ғалла, мевали ва сабзавот экинларининг янги турлари – буларнинг барчаси селекция ва генетиканинг буюк хизмати.

Лекин бугун дунё янги ҳақиқатга келди: яхши генетика ўз-ўзидан яхши ҳосил дегани эмас. Бир нав бир майдонда ажойиб натижа бериши, бошқа майдонда эса ўртача натижа бериши мумкин. Нега? Чунки генетик имкониятнинг юзага чиқиши муҳитга боғлиқ. Бу ерда генетика билан агротехника ўртасида кўприк керак. Ана шу кўприк – эпигенетик фикрлашдир.

Генетика уруғга имконият беради. Эпигенетик агротехника эса шу имкониятни ишга туширади. Генетика hardware бўлса, эпигенетик билимга таянган агротехника softwareдир. Hardware кучли бўлиб, software нотўғри бўлса, тизим секин ишлайди. Software тўғри бўлса, ҳатто мавжуд имкониятлар ҳам анча самарали ишлайди. Шунинг учун ривожланаётган мамлакатлар учун бу йўналиш жуда муҳим. Чунки ҳар бир давлатда ҳам қиммат лабораториялар, юқори технологияли таҳлиллар, ҳар бир фермерда эса катта маблағ бўлмаслиги мумкин. Лекин ҳар бир фермер уруғни тўғри сақлашни, тўғри уйғотишни, сувни тўғри беришни, тупроқни асрашни, нур ва ҳароратнинг аҳамиятини тушуниши мумкин. Ҳар бир агроном майдонда кичик тажриба қўйиши, даволанган ва даволанмаган уруғни таққослаши, натижани кўриши мумкин. Бу – қиммат эмас, лекин билим талаб қиладиган йўл.

Эпигенетик агротехника нима қилиши мумкин?

Уни деҳқон тилида бир нечта оддий йўналишга ажратиш мумкин.

Биринчиси – уруғни олдиндан тайёрлаш. Бу гидропрайминг, яъни уруғни сув билан маълум муддат намлаб, кейин қайта қуритиш бўлиши мумкин. Бу уруғнинг бир маромда унишига ёрдам беради. Айрим ҳолатларда туз ёки озуқа моддалари жуда паст концентрацияда қўлланиб, уруғ келажакдаги шўрланиш ёки қурғоқчиликка тайёрланиши мумкин. Биологик препаратлар билан ишлов бериш эса уруғ атрофида фойдали микроорганизмлар фаолиятини кучайтиради.

Иккинчиси – ўсимликни енгил стресс орқали чиниқтириш. Бу ерда гап ўсимликни қийнаш ҳақида эмас. Гап уни ақл билан тайёрлаш ҳақида. Масалан, ўсишнинг нозик бўлмаган даврида сувни меъёр билан камайтириш ўсимликка кейинги сув танқислигига тайёрланиш сигнали бериши мумкин. Бу усул ҳар бир экинда, ҳар бир босқичда эҳтиёткорлик билан қўлланиши керак. Лекин тўғри бажарилса, сув тежамкорлиги ва стрессга чидамлиликни оширишга хизмат қилади.

Учинчиси – нур ва ҳароратни бошқариш. Ғалла уруғини +4 даражада сақлаш, картошка туганагига қизил нур бериш, пахтада рангли плёнкадан фойдаланиш – буларнинг барчаси ўсимликка бериладиган муҳит сигналларини бошқаришдир.

Тўртинчиси – тупроқ микробиомини асраш. Тупроқ фақат қум, лой ва минерал эмас. У тирик дунё. Унда миллиардлаб бактериялар, замбуруғлар ва фойдали организмлар яшайди. Улар илдиз билан гаплашади, озуқа алмашинувига ёрдам беради, ўсимлик иммунитетини кучайтиради. Демак, тупроқни ҳаддан ташқари бузиш, кераксиз кимёвий босим, органик модда камайиши – булар ўсимликнинг табиий software муҳитини ҳам бузади.

Бешинчиси – энг яхши мослашган ўсимликлардан уруғ танлаш. Агар даланинг бир қисмида иссиқ, шўр, қурғоқчилик ёки касаллик шароитида ҳам яхши турган ўсимликлар бўлса, уларга эътибор бериш керак. Бу классик селекциянинг ҳам, эпигенетик фикрлашнинг ҳам асосий йўналишларидан бири. Албатта, гибрид экинлар, уруғчилик қоидалари ва нав тозалиги ҳисобга олиниши шарт. Лекин фермер ўз майдонида қайси уруғ, қайси усул, қайси агротехника яхши натижа берганини ёзиб борса, у ҳам илмга асосланган деҳқонга айланади.

Деҳқон энди фақат ижрочи эмас, билим эгаси бўлиши керак

Келажак қишлоқ хўжалигида деҳқон фақат ер ҳайдайдиган, уруғ сепадиган, сув очадиган одам бўлиб қололмайди. У ўсимликни тушунадиган, тупроқни ўқийдиган, иқлимни кузатадиган, технологияни синаб кўрадиган билим эгаси бўлиши керак.

Аввал аграр соҳада кўпроқ “қайси нав яхши?”, “қайси техника кучли?”, “қайси ўғит самарали?” деган саволлар берилар эди. Энди саволлар кенгаймоқда:

Уруғ экишга тайёрми?

Унинг тиним даври бузилганми?
У бир вақтда унадими?
Тупроқда фойдали микроблар борми?
Сувни қайси босқичда кўпроқ, қайси босқичда камроқ бериш керак?
Плёнка ранги ўсимликка қандай сигнал беряпти?
Нур, ҳарорат ва намлик ўсимликнинг ички ривожланишини қандай бошқаряпти?
Бу усул кейинги йил ҳам натижа берадими?
Бу маҳсулот инсон саломатлиги учун хавфсизми?
Бу технология тупроқ ва сувга зарар етказмаяптими?

Мана шу саволларни бера бошлаган фермер – янги давр фермеридир.

Чорвачиликда ҳам “хотира” бор

Эпигенетик фикрлаш фақат ўсимликка тегишли эмас. Чорвачиликда ҳам тирик организм муҳитга, озуқага, стрессга, парваришга жавоб беради. Сигир, қўй, эчки, товуқ ёки балиқ – булар оддий маҳсулот ишлаб чиқарадиган “механизм” эмас. Улар тирик мавжудот. Уларнинг организми озуқа сифати, сув, ҳаво, ҳарорат, ҳаракат, касаллик, стресс ва инсон муносабатини қабул қилади.

Шунинг учун чорвачиликда ҳам фақат “қанча сут берди?”, “қанча гўшт берди?”, “қанча тухум берди?” деган саволнинг ўзи етарли эмас. Савол шундай бўлиши керак: у қандай шароитда боқилди? Қандай озуқа берилди? Стресс бўлдими? Антибиотиклар оқилона ишлатилдими? Ҳайвонга инсоний муносабат бўлдими? Маҳсулот хавфсизми? У бола саломатлигига, оила дастурхонига, жамият соғлигига хизмат қиладими?

Бу ерда биз эҳтиёткор ва масъулиятли бўлишимиз керак. “Гўшт ёки сутнинг хотираси бор” деган гап илмий жиҳатдан тўғридан-тўғри исботланган қоида сифатида эмас, балки тирик организмнинг муҳитга жавоби сифатида тушунилиши керак. Яъни ҳайвон қандай боқилса, унинг организми шундай жавоб беради. Бу жавоб маҳсулот сифатида, хавфсизлигида, озуқавий қийматида акс этиши мумкин.

Демак, эпигенетик фикрлаш бизга яна бир катта сабоқ беради: тирик организмга фақат фойда манбаи сифатида қараш мумкин эмас. Унга масъулият, ахлоқ ва ғамхўрлик билан қараш керак. Бу — инсонпарвар қишлоқ хўжалигининг асоси.

Бозор керак, лекин инсон ундан устун

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида “бозорбоп маҳсулот”, “экспорт”, “даромад”, “рентабеллик”, “кластер”, “қайта ишлаш” каби тушунчалар жуда муҳим аҳамият касб этди. Бу тўғри. Қишлоқ хўжалиги даромадли бўлмаса, деҳқон манфаат кўрмаса, фермер бойимаса, соҳа ривожланмайди. Бозор талабини билиш, рақобатбардош маҳсулот етиштириш, экспорт қилиш — булар замонавий иқтисодиётнинг муҳим қисми.

Аммо қишлоқ хўжалиги фақат бозор учун бўлса, у бир куни инсондан узоқлашиб кетиши мумкин. Фақат фойдани ўйласак, сувни кўп сарфлашимиз, тупроқни чарчатишимиз, ҳайвонга меҳрсиз муносабатда бўлишимиз, сифатдан кўра миқдорни устун қўйишимиз мумкин. Бу эса қисқа муддатда фойда бериши, лекин узоқ муддатда жамиятга зарар келтириши мумкин.

Шунинг учун бугунги Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги янги йўлни танламоқда: бозорга йўналган, лекин инсонга қаратилган қишлоқ хўжалиги. Яқинда «2050 йил дастурхони» тўғрисида Янги Ўзбекистон газетасида чоп этилган мақолада бу ҳақида батафсил тўхталдик. Бу нима дегани?

Бу – маҳсулот бозорбоп бўлсин, лекин инсон саломатлигига хизмат қилсин дегани.
Бу – фермер даромад олсин, лекин тупроқ ва сув ҳам асралсин дегани.
Бу – экспорт ошсин, лекин ички озиқ-овқат хавфсизлиги унутилмасин дегани.
Бу – технология кирсин, лекин у табиатга зарар қилмасин дегани.
Бу – чорва маҳсулоти кўпайсин, лекин ҳайвонга инсоний муносабат бўлсин дегани.
Бу – бугунги фойда эртанги авлод ҳисобига бўлмасин дегани.

Мана шу ерда HECI – Humanity, Ethics, Creativity and Imagination, яъни инсонийлик, ахлоқ, ижодкорлик ва тасаввур ёндашуви қишлоқ хўжалиги учун жуда муҳим аҳамият касб этади. Инсонийлик бизга деҳқон, истеъмолчи, бола, она, фермер, ишчи ва келажак авлод манфаатини ўйлашни ўргатади. Ахлоқ бизга “қила оламизми?” деган саволдан олдин “қилиш тўғрими?” деган саволни беришни ўргатади. Ижодкорлик бизга қиммат технология кутмасдан, мавжуд имкониятдан янги ечим топишни ўргатади. Тасаввур эса 10 йил, 20 йил, 50 йил кейинги қишлоқ хўжалигини кўра билишга ёрдам беради.

Эпигенетик агротехника ҳам айнан шу тўрт устунга мос келади. У инсонпарвар, чунки фермерга оддий ва арзон усуллар беради. У ахлоқий, чунки табиат имкониятларини зўравонлик билан эмас, тўғри тушуниш орқали ишлатади. У ижодкор, чунки совуқ, нур, ранг, сув ва тупроқни янги маънода кўришга ўргатади. У тасаввурли, чунки келажак қишлоқ хўжалигида генетика ва муҳит бошқаруви қандай бирлашишини кўрсатади.

Ўзбекистон учун бу нима беради?

Ўзбекистон иқлими қуруқ, сув ресурслари чекланган, айрим ҳудудларда тупроқ шўрланиши бор. Аҳоли сони ортиб бормоқда. Озиқ-овқатга талаб ошмоқда. Дунёдаги геосиёсий вазият, логистика, нархлар, иқлим хавфлари ҳар бир мамлакатни ўз озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақида жиддий ўйлашга мажбур қилмоқда. Бундай шароитда биз фақат кўпроқ ер, кўпроқ сув, кўпроқ ўғит ҳисобидан ривожлана олмаймиз. Биз кўпроқ билим, кўпроқ самарадорлик, кўпроқ аниқлик, кўпроқ масъулият ҳисобидан ривожланишимиз керак.

Эпигенетик агротехника Ўзбекистон учун бир нечта муҳим имконият очади. Биринчидан, мавжуд навлар имкониятини тўлиқроқ очади. Иккинчидан, уруғ сарфини ва майдондаги нотекис унишни камайтиради. Учинчидан, сув ва озуқа самарадорлигини оширади. Тўртинчидан, стрессга чидамлиликни кучайтиради. Бешинчидан, фермерни тажрибага, кузатувга ва билимга яқинлаштиради. Олтинчидан, қишлоқ хўжалигини фақат техник соҳадан тирик тизимни бошқариш санъатига айлантиради. Бу йўналишда бизга катта миллий дастур керак эмас, дейиш хато бўлади. Аксинча, бу йўналишни илмий асосда тизимлаштириш керак. Ҳар бир вилоятда, ҳар бир асосий экин бўйича оддий дала тажрибалари қўйилиши зарур. Токи, совуқда сақланган ва сақланмаган уруғ таққослансин; қизил нур берилган ва берилмаган картошка майдонлари солиштирилсин, рангли плёнкалар турли навларда, турли тупроқда, турли сув режимида текширилсин ҳамда биологик ишлов берилган ва берилмаган уруғлар ўрганилсин. Натижалар фақат “ҳосил кўпайдими?” деган савол билан эмас, балки “илдиз қандай ривожланди?”, “сув тежалдими?”, “пишиш тезлашдими?”, “маҳсулот сифати қандай бўлди?”, “бу натижа кейинги йил ҳам такрорланадими?” деган саволлар билан баҳолансин.

Илмий муассасалар эса бу жараёнларни молекуляр даражада ўрганиши керак. ДНК метилланиши, ген фаоллиги, стресс хотираси, хроматин ҳолати каби кўрсаткичлар таҳлил қилинса, биз оддий фермер тажрибасини катта илмга айлантира оламиз. Мана шу ерда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги нафақат амалиётчи, балки дунёга янги ғоя таклиф қилувчи мамлакатга айланиши мумкин.

Бизга аграр software яратувчилар керак

Биз узоқ йиллар давомида қишлоқ хўжалигида «hardware» муҳандисларини, яъни селекционерлар, генетиклар, механизаторлар, ирригаторлар, технологларни тайёрлашга катта урғу бердик. Бу жуда муҳим. Лекин энди бизга аграр «software» яратувчилар ҳам керак. Ким улар?

Улар – уруғни қандай уйғотишни биладиган агрономлар.
Улар – ўсимликнинг нурга, сувга, совуққа, тузга ва тупроққа жавобини тушунадиган мутахассислар.
Улар – фермерга қиммат эмас, ақлли ечим таклиф қиладиган олимлар.
Улар – ҳар бир майдонни тажриба майдони, ҳар бир фермерни кузатувчи, ҳар бир уруғни тирик имконият деб кўрадиган янги авлод кадрларидир.

Қишлоқ хўжалиги таълими ҳам шу йўналишда ўзгариши керак. Талабалар фақат ўғит нормаси, суғориш меъёри ёки касаллик номи билан чекланмаслиги керак. Улар ўсимликнинг муҳит билан мулоқотини тушуниши керак. Улар “ген нима?”, “эпигенетик белги нима?”, “ўсимлик хотираси нима?”, “стрессга тайёрлаш нима?”, “тупроқ микробиоми нима?”, “биостимулятор қандай ишлайди?”, “нур сифати ўсимликка қандай таъсир қилади?” деган саволларга оддий ва амалий жавоб бера олиши керак. Шунда бизда фақат янги навлар эмас, янги фикрлайдиган агрономлар ҳам пайдо бўлади.

Келажак даласи – ақлли, инсонпарвар ва хотирали дала

Келажак даласи қандай бўлади? У фақат катта техника юрадиган майдон эмас. У фақат дрон учадиган, сенсор ўрнатилган, рақамлаштирилган ҳудуд ҳам эмас. Албатта, булар керак. Лекин келажак даласи, энг аввало, тирик тизим сифатида тушунилган дала бўлади.

Унда уруғнинг хотираси ҳисобга олинади. Тупроқнинг нафаси асралади. Сув исроф қилинмайди. Нур ва ҳароратдан оқилона фойдаланилади. Фойдали микроблар ҳимоя қилинади. Ҳайвонга маҳсулот машинаси эмас, тирик мавжудот сифатида қаралади.
Фермер фақат ҳосил эмас, саломатлик ва келажак учун ҳам масъул эканини ҳис қилади. Мана шундай далада бозор ҳам бор, даромад ҳам бор, экспорт ҳам бор. Лекин уларнинг устида яна бир буюк мақсад туради: инсон саломатлиги, табиат барқарорлиги ва келажак авлод ҳаққи. Шунинг учун бугун биз қишлоқ хўжалигида янги гапни айтишимиз керак:

Хулоса қилиб, яна бир бор таъкидламоқчиман:

Яхши уруғ – ақлли компьютер. Тўғри агротехника – уни ишлатадиган software. Эпигенетик билим – шу software’ни тўғри ёзиш, тўғри ўчириш ва тўғри янгилаш санъати.

Агар биз шуни тушунсак, қишлоқ хўжалигимизда янги имкониятлар очилади. Биз фақат кўпроқ маҳсулот эмас, соғломроқ маҳсулот етиштиришни ўрганамиз. Фақат бозор учун эмас, инсон учун ишлайдиган аграр тизим қурамиз. Фақат бугунги ҳосилни эмас, эртанги авлод дастурхонини ҳам ўйлаймиз.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги бу йўлга кириб келмоқда. Бу йўл осон эмас, лекин тўғри йўл. Чунки келажак қишлоқ хўжалиги фақат генетика билан эмас, генетика ва эпигенетика, илм ва ахлоқ, бозор ва инсонпарварлик, технология ва табиат уйғунлиги билан юксалади.

Айни шу жиҳатдан қараганда, бугун мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ана шу янги давр талабларига тўла мос келади. Илм-фанни қўллаб-қувватлаш, фермер ва деҳқонга эркинлик бериш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, уруғчиликни ривожлантириш, рақамлаштириш, қайта ишлаш, экспорт салоҳиятини ошириш, энг муҳими, инсон манфаатини марказга қўйиш – буларнинг барчаси қишлоқ хўжалигини оддий маҳсулот етиштириш соҳасидан илмга таянган, табиатни асрайдиган, фермерни бойитадиган ва халқ саломатлигига хизмат қиладиган янги тараққиёт мактабига айлантирмоқда.

Шу боис Ўзбекистонда шаклланаётган бу янги аграр йўл – генетика, эпигенетика, замонавий агротехника, сув тежамкорлиги, рақамли ечимлар ва инсонпарвар масъулият уйғунлиги – нафақат мамлакатимиз учун, балки озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгариши ва келажак қишлоқ хўжалиги ҳақида ўйлаётган бошқа давлатлар учун ҳам ўрганишга арзийдиган амалий модел бўлиши мумкин. Зеро, бу ислоҳотларнинг туб маъноси фақат ҳосилни кўпайтириш эмас, балки халқни сифатли, хавфсиз ва соғлом озиқ-овқат билан таъминлаш, табиатни асраш ва келажак авлод олдидаги масъулиятни адо этишдир.

Энг муҳими, бу йўл ҳар бир фермердан бошланади. Уруғни қўлга олганда, уни оддий дон деб эмас, катта имкониятга эга ақлли “қурилма” деб кўришдан бошланади. Далани суғорганда, сувни фақат намлик эмас, ўсимликка берилаётган хабар деб тушунишдан бошланади. Нур, ранг, совуқ, иссиқ, тупроқ ва парваришни ўсимлик software’ини бошқарадиган восита деб қабул қилишдан бошланади. Шунда деҳқончилик фақат касб эмас, илмга таянган ижодга айланади. Қишлоқ хўжалиги фақат бозор эмас, инсонпарвар тараққиёт мактабига айланади. Дастурхонимиз эса фақат тўкин эмас, соғлом, хавфсиз ва келажак авлодга муносиб бўлади.

Иброҳим Абдураҳмонов,
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, академик