Биз бугун мамлакатимизни интеллектуал трансформация қилиш ва стратегик ривожлантиришнинг тарихан янги сифат босқичига киряпмиз. Бу жараён эса янгича қараш ва илмий-инновацион ёндашувларни тақозо этади. Бинобарин, янги Ўзбекистон ислоҳотлари ўзига хослиги илмийлик ва илғор хорижий тажрибаларга асосланганлигида кўринади. Давлатимиз раҳбарининг сиёсий лидерлик ва ислоҳотчилик феноменига оид энг ёрқин жиҳати ҳам аслида ана шундай илмийлик ва глобал эътирофга лойиқлигида.
Мамлакатимизнинг буюк келажаги замирида аждодларимиз яратган ва бизга мерос қилиб қолдирган юксак цивилизацион капитал ётади. Уни асраб-авайлаш ва кейинги авлодларга янада самарали қилиб етказиш ниҳоятда муҳим.
Асосий омил
Бугун биз беқарор, ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий турбулент дунёда яшаяпмиз. Мана шундай шароитда давлатнинг очиқлик сиёсати миллий бозоримизга глобал компанияларнинг жадал кириб келишига йўл очиб берди. Ички рақобат даражасини кескин оширишга имкон яратди. Натижада рақобатбардошлик иқтисодий тараққиётнинг бош драйверига айланди. Миллий рақобатбардошлик мазмун-моҳияти тубдан ўзгарди.
Маълумки, саноат даврида давлатларнинг иқтисодий қудрати асосан, табиий ресурслар, капитал ва ишлаб чиқариш қувватлари билан белгиланади. Бугунги билимлар иқтисодиёти эса рақобатбардошликнинг асосий манбалари инсон капитали, профессионал компетенциялар, сунъий интеллект, инновация ва технологиялар, меҳнат маҳсулдорлиги, инфратузилма, институтлар сифати ҳамда стратегик бошқарув қобилияти каби драйверларга таянмоқда.
Маълумотларга кўра, Сингапур, Япония, Жанубий Корея, Дания, Финляндия дунё иқтисодиётининг энг рақобатбардош мамлакатлари қаторига киради. Ваҳоланки, улар табиий ресурсларга бой эмас. Аксинча, катта табиий бойликларга эга айрим мамлакатлар эса ҳали ҳам юқори даромадли иқтисодиёт қаторига қўшила олмаяпти. Шу маънода, Глобал рақобатбардошлик индексида иштирок этиш Ўзбекистон учун ҳам энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Фикримизча, рақобатбардошлик ҳақида гап кетганда, ушбу категориянинг асосий омили сифатида фақат иқтисодиётни эмас, балки миллат рақобатбардошлигини ҳам тушуниш лозим. Чунки рақобатбардошлик, аввало, инсон капитали билан изоҳланади. Ишчи кучининг билими, саломатлиги, тажрибаси ва профессионал компетенциялари иқтисодий рақобатбардошликни яратувчи энг асосий омиллар. Глобал рақобатбардошлик индексида қайд этилган етакчи давлатларда таълим, соғлиқни сақлаш ва инсон капиталига инвестициялар даражаси ниҳоятда юқорилиги бунинг яққол тасдиғидир.
Рақобатбардошликдан резильентлик сари
Глобал пандемия янги илмий-амалий қарашни — резильентлик концепциясини шакллантирди. Мазкур атама давлатларнинг ташқи шок ва инқирозларга чидамлилиги, иқтисодиёти ҳамда инсон фаолияти тез тикланишини англатади. Бу борада мамлакатимизда жуда катта амалий тажриба тўпланди. Шундан келиб чиқиб, бизда бугунги кунда миллий рақобатбардошликнинг икки асосий мезони — рақобатбардошлик (competitiveness) ва резильентлик (resilience) шаклланди дейиш мумкин.
Юқорида қайд этилган ҳолат иқтисодий фаннинг энг муҳим баҳсларидан бирини яна кун тартибига олиб чиқмоқда. Яъни нега айрим давлатлар бой ва рақобатбардош, бошқалари эса катта имкониятларига қарамай ортда қолмоқда?
Сўнгги уч аср давомида ушбу саволга жавоб излаш иқтисодий назариянинг асосий вазифаларидан бири бўлиб келди. Айрим иқтисодчи олимлар меҳнат маҳсулдорлигини миллатлар бойлигининг манбаи сифатида кўрсатса, бошқалари нисбий устунлик назарияси орқали халқаро
ихтисослашув аҳа-
миятини асослаб берди. Кейинроқ инновациялар иқтисодий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида талқин қилинди. Инсон капитали назарияси шаклланди, институтлар сифатининг ҳал қилувчи аҳамияти илмий жиҳатдан асосланди. Глобал дунёда компаниялар ва миллатлар қандай қилиб рақобатбардош бўлиши тадқиқ қилинди.
Рационаллик, маънавият ва гуманизм
Рақобатбардошлик нафақат иқтисодий, балки ниҳоятда муҳим ижтимоий-сиёсий тугалликка эга тушунча ҳамдир. Шарқ цивилизация мактабида иқтисодий бойлик яратишнинг ўзи якуний мақсад эмас. Унда юксак инсоний-ахлоқий нормалар орқали адолатли жамият ва халқ фаровонлигига етишишга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” асарида адолатли давлат бошқаруви ва халқ фаровонлигига эришишнинг юксак тамойиллари илмий-услубий таҳлил этилган. “Темур тузуклари”да эса юксак ахлоқ адолатли давлат ва халқ бирлигининг мустаҳкам таянчи эканлиги ҳар томонлама таҳлил этилиб, тегишли стратегик тавсиялар берилган.
Шунингдек, бугунги кунда фақат рақобатбардош иқтисодиётни гапиришнинг ўзи етарли эмас. Чунки глобал тараққиёт эҳтиёжлари давлатлардан иқтисодиёт ва ижтимоий-сиёсий соҳаларнинг ўзаро уйғунлашган стратегик ёндашувларини талаб қилмоқда. Рақобатбардош миллатни шакллантириш учун Ғарбнинг иқтисодий рационализми ва Шарқнинг маънавий-гуманистик мероси бирлашиши лозим. Ҳеч муболағасиз таъкидлаш мумкинки, XXI асрда ҳақиқий ижтимоий-иқтисодий тараққиёт айнан шу икки интеллектуал анъана уйғунлигида вужудга келади.
Ўзбекистон учун муҳим масалалардан яна бири бу — аждодларимиз яратиб кетган цивилизацион (маданий-тарихий) капиталдан унумли фойдаланиш масаласи. Туризм иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим драйвери, Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларимиз эса иқтисодий тараққиётга хизмат қилувчи капитал марказлари ҳисобланади. Миллатимизнинг бой тарихи, миллий маданияти, урф-одат ва анъаналари, ота-боболаримиз яратган, биз эъзозлаб, асраётган ажойиб архитектура дурдоналари бугун иқтисодиётимиз учун бойлик яратишнинг салмоқли манбаига айланиб бормоқда.
Президентимизнинг стратегик иқтисодий сиёсати боис, сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодий либераллаштириш, давлат бошқарувини модернизация қилиш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва хусусий сектор ролини кучайтириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳоли сони ўсиб бориши, меҳнат ресурслари кўпайиши ва минтақавий интеграция жараёнлари жадаллашуви янги имкониятларни очмоқда. Бироқ иқтисодий ўсишнинг ўзи рақобатбардошликни англатмайди. Ҳақиқий савол бошқача: Ўзбекистон қандай қилиб иқтисодий ўсиш барқарор бўлишини таъминлайди? Бу масала нафақат бугунги иқтисодий сиёсатимизнинг, балки кейинги йилларда давлатни стратегик ривожлантиришнинг бош йўналиши бўлиб бормоқда.
Амалий таклифлар ва уйғунлик
Бугун эл-юрт ободлиги, халқ фаровонлиги ва ватан равнақи каби миллий ғоялар қуршовида яшаяпмиз. Шу боис, ушбу эзгу миллий ғоя ва орзу-умидлар ушалишининг сиёсий-ҳуқуқий ҳамда ижтимоий-иқтисодий асослари олимлар томонидан турли йўналишларда тадқиқ қилиняпти. Ўзбекистонни стратегик ривожлантириш, иқтисодиётни трансформация ва модернизация қилиш концепцияларига, уларнинг асосий мақсади, таркибий қисмлари ҳамда драйверларига турли қараш ва ёндашувлар мавжуд. Булар умуммиллий очиқ мулоқот механизмлари орқали мамлакатни стратегик ривожлантириш дастурларида эътиборга олиниши керак бўлган жиҳатлар.
Илмий тадқиқотлар ва амалий тажрибаларга таянган ҳолда Ўзбекистоннинг келгуси ўн йилликдаги муваффақиятининг мантиқий кетма-кетлигини таъминлашга доир бир қатор жиҳатларга эътиборингизни қаратмоқчимиз.
Цивилизацион капитал ва миллий қадриятлар. Миллатнинг тарихий тараққиёти давомида шаклланган маънавий, маданий, ахлоқий ва интеллектуал мероси ҳамда унинг миллий ўзлиги, умумий мақсадлари, ривожланиш фалсафасини белгилаб берувчи фундаментал стратегик ресурсдир. Бу қатлам миллий тараққиётнинг маънавий-цивилизацион пойдеворини ташкил этади. Мазкур қатламнинг таркибий тузилишига миллий ғоя, миллий қадриятлар, миллий идентификация, тарихий хотира, маданий мерос, маънавият, ижтимоий ишонч ва миллий мақсадлар каби компонентларни киритиш мумкин. Унинг асосий драйверлари оила, маҳалла, таълим, маданият, илм-фан, диний-маърифий институтлар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари бўлади.
Инсон капитали ва ижтимоий тараққиёт. Бу аҳолининг билим, соғлиқ, касбий компетенция, ижодий салоҳият, ижтимоий фаоллик ва инновацион қобилиятини ривожлантириш орқали мамлакатнинг интеллектуал ҳамда меҳнат ресурсларини шакллантирувчи асосий стратегик омили. Шунинг учун юқори билимли, рақобатбардош, соғлом ва ижтимоий масъулиятли инсон капиталини шакллантириш зарур. Бундан олинадиган натижа эса юқори малакали кадрлар, профессионал, ижодкор ва самарали инсон капиталидир. Уни ҳаракатга келтирувчи куч, аввало, инсоннинг интилиши, шунингдек, таълим тизими, илм-фан, инновациялар, давлат сиёсати, хусусий сектор ва жамоат институтлари ҳисобланади.
Миллий иқтисодий экотизим — иқтисодий субъектларнинг самарали фаолият юритиши, инвестициялар жалб қилиниши, инновациялар ривожланиши ва миллий бойлик яратилиши учун зарур институционал, ҳуқуқий, молиявий, инфратузилмавий, энергетик, технологик ва рақобат шароитларининг ўзаро боғлиқ яхлит тизими. Мазкур қатлам фаолиятининг асосий мақсади миллий бойлик яратиш учун қулай ва барқарор иқтисодий муҳитни шакллантиришдан иборат. Унинг таркибий қисмлари сифатида иқтисодий институтлар, қонун устуворлиги, хусусий мулк ҳимояси, рақобат, молия тизими, инфратузилма, энергетика, транспорт ва логистика, рақамли инфратузилма ва инновацион экотизимни киритиш мумкин.
Миллий иқтисодий экотизимни ҳаракатга келтирувчи асосий драйверлар сифатида самарали институтлар, давлат сиёсати, хусусий сектор, инвестициялар, технологиялар ва рақобат муҳитини қайд этиш лозим. Натижада иқтисодий бойлик яратиш учун мустаҳкам таянч яратилади. Юқори самарадорликка эга иқтисодий муҳит шаклланади, инвестициявий жазибадорлик ортади.
Миллий бойлик яратиш. Инсон капитали ва миллий иқтисодий экотизимнинг самарали ўзаро таъсири натижасида юқори қўшилган қиймат, меҳнат унумдорлиги, инновациялар ҳамда иқтисодий ўсиш орқали мамлакатнинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш жараёни. Ушбу тизимни ҳаракатга келтирувчи кучлар сифатида тадбиркорлик, хусусий сектор, инновация, инвестиция, технология ва бозор механизмларини келтириш мумкин. Кутиладиган натижа эса барқарор иқтисодий ўсиш, юқори қўшилган қиймат, миллий даромад ва фаровонликнинг ошиши ҳисобланади.
Глобал рақобатбардошлик ва интеграция — мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига самарали интеграциялашиши, ташқи бозорларда рақобат устунликларини қўлга киритиши, инвестициялар, технологиялар, билимлар ва глобал қиймат занжирларини жалб қилиш қобилиятидир. Ушбу қатлам фаолиятининг асосий мақсади Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётида муносиб ўрин эгаллаши ва ташқи рақобат устунликлари мустаҳкамланиши ҳисобланади. Пировардида мамлакат глобал иқтисодиётда юқори рақобатбардош бўлади, халқаро иқтисодиётда таъсири кучаяди.
Миллий хавфсизлик ва резильентлик. Мамлакатнинг ички ва ташқи таҳдидларга қарши туриш, стратегик ресурсларини муҳофаза қилиш, инқирозларга тез мослашиш ва миллий тараққиёт узлуксизлигини таъминлаш қобилиятини ифодаловчи комплекс тизим. Бугунги глобал турбулентлик ва стратегик ноаниқликлар даврида ушбу қатлам фаолиятининг асосий мақсади миллий тараққиёт натижаларини муҳофаза қилиш ва барқарорлигини таъминлашдан иборат.
Стратегик салоҳиятга эга давлат. Инсон капитали, миллий иқтисодий экотизим, миллий бойлик яратиш, глобал рақобатбардошлик ва миллий хавфсизликни ягона стратегик мақсадлар сари уйғун ривожлантира оладиган, юртнинг ободлиги, халқ фаровонлиги ва мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиётини таъминлаш қобилиятига эга давлат. Бу юқорида келтирилган олти қатламнинг интеграл натижаси ҳисобланади. Шунинг учун унинг таркиби алоҳида секторлар эмас, балки давлатнинг интеграл қобилиятлари билан ифодаланади. Бу ўринда стратегик давлат бошқаруви барча қатламларни бирлаштирувчи механизм сифатида намоён бўлади.
Ўзбекистонни ривожлантиришнинг муҳим драйверларидан бири — мамлакатни стратегик позициялашдир. Асосий мақсад Ўзбекистонни глобал тараққиётга ўз ҳиссасини қўшувчи ва цивилизацион ҳамда интеллектуал устунликларга эга бўлган мустақил ривожланиш модели сифатида шакллантиришдан иборат.
Бу борада геостратегик жойлашув, глобал меҳнат тақсимотидаги ўрин, инсон ресурслари сифатини ошириш каби драйверлардан самарали фойдаланиш керак. Жумладан, Ўзбекистон Буюк ипак йўли марказида жойлашган. Географик нуқтаи назардан мамлакатимиз Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи табиий кўприк вазифасини бажаради. Глобал иқтисодиётда таъминот занжирлари қайта шаклланаётган ҳозирги шароитда мазкур геостратегик устунлик янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Халқаро транспорт йўлаклари, логистика марказлари ва савдо платформаларини ривожлантириш орқали Ўзбекистон товарлар, хизматлар, капитал ва билимлар ҳаракатининг муҳим марказларидан бирига айланиши мумкин.
XXI асрда инсон капитали давлатларнинг энг муҳим стратегик ресурсига айланмоқда. Ўзбекистон аҳолиси ўртача ёши нисбатан ёшлиги, меҳнат ресурслари мунтазам ўсиб бориши ва таълим қамрови жадал суръатларда кенгайиши мамлакат учун муҳим демографик дивиденд яратмоқда. Шундай экан, бугунги вазифа мазкур демографик ресурсни юқори малакали инсон капиталига айлантиришдан иборат.
Бундан ташқари, глобал иқлим ўзгариши шароитида барқарор ривожланиш ва экологик трансформация давлат рақобатбардошлигининг муҳим мезонларидан бирига айланмоқда. Оролбўйи фожиаси инсоният тарихидаги энг йирик экологик инқирозлардан бири сифатида тан олинган бўлса-да, айнан шу ҳудуд бугун глобал экологик тикланиш ва “яшил” тараққиёт лабораториясига айланиш имкониятига эга. Бугунги кунда ушбу масала давлат сиёсатининг марказидан жой олиб улгурди. Президентимиз сўнгги йилларда “яшил” энергетика, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш ва экологик инновациялар соҳасида муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда. Келгусида мамлакат экологик трансформация ва иқлимга мослашув соҳасида халқаро тажриба марказларидан бири сифатида шаклланиши мумкин.
Давлатимиз раҳбари сиёсати нуқтаи назардан қараганда, янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади фақат иқтисодий ўсиш эмас, балки Учинчи Ренессанс ғояси асосида мамлакатни илм-фан, инновациялар ва маърифат марказига айлантиришдан иборат. Ренессанс мероси мамлакат учун нафақат маънавий қадрият, балки интеллектуал ва иқтисодий капитал вазифасини ҳам бажаради.
Ўзбекистон ислом цивилизациясининг энг йирик маърифий ва илмий марказларидан бири ҳисобланади. Бухорий, Термизий, Мотуридий, Марғиноний ва Нақшбанд каби буюк алломалар мероси мамлакатимизнинг улкан цивилизацион капитали.
Замонавий дунёда диний бағрикенглик, маърифат ва дунёвий тараққиёт уйғунлиги тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон ана шу прогрессив тамойилларга асосланган ҳолда маърифий ислом, маданиятлараро мулоқот ва диний бағрикенглик соҳасида халқаро аҳамиятга эга интеллектуал платформалардан бирига айланади. Бу мамлакатнинг халқаро нуфузини ва “юмшоқ куч” салоҳиятини мустаҳкамлайди.
Рақобатбардошликнинг замонавий драйверлари орасида билимлар иқтисодиёти, илмий тадқиқотлар ва инновациялар алоҳида аҳамият касб этади. Халқаро университетлар, тадқиқот марказлари, таҳлил институтлари, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасидаги экотизимларни ривожлантириш орқали Ўзбекистон минтақа учун билимлар, инновациялар ва стратегик ғоялар экспорт қилувчи мамлакатга айланади. Бу эса мамлакатнинг узоқ муддатли рақобат устунлигини таъминлайди. Тўғри, бу йўналишда қилинаётган ишлар кам эмас. Аммо ишларга янада стратегик руҳ ва аҳамият бериш талаб этилади.
Ўтган асрнинг охири ва асримизнинг бошида рўй берган қатор глобал инқирозлар глобал рақобат концепцияси моҳияти ҳамда унинг драйверларини тубдан ўзгартириб юборди. Ўтган асрда асосан иқтисодиётлар рақобат қилган бўлса, XXI асрда, ҳеч шубҳасизки, миллатлар рақобатлашмоқда.
Юқорида таъкидлаганимиздек, рақобатбардош миллат ва стратегик салоҳиятга эга давлатни шакллантириш учун Ғарбнинг иқтисодий рационализми ва Шарқнинг маънавий-гуманистик мероси бирлашиши лозим. Давлатнинг рақобатбардошлиги фақат иқтисодий самарадорлик ва барқарорлик билан эмас, балки миллатнинг ижтимоий қадриятлари ҳамда ижтимоий драйверлари билан ҳам ўлчанади. Рақобатбардош миллат мазкур тизимнинг институционал ва ижтимоий ифодаси бўлса, юқори даромадли иқтисодиёт унинг натижаси ҳисобланади. Миллий рақобатбардошлик драйверлари сифатида сунъий интеллект ёки рақамли трансформация билан бирга илмий-технологик тараққиёт, демографик ўзгаришлар, экологик барқарорлик ва “яшил иқтисодиёт” ҳамда геоиқтисодий, геосиёсий ўзгаришларни таъкидлаш жоиз.
Президентимизнинг 2025 йил 30 октябрдаги “Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини жорий этиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида стратегик аҳамиятга эга ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш, мониторинг қилиш ҳамда самарадорлигини баҳолашнинг барқарор механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари белгиланган. Ҳеч муболағасиз таъкидлаш мумкинки, ушбу тадбирларни сифатли ва самарали амалга ошириш ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида рақобатбардош муҳитни шакллантириш имконини яратади.
Адҳам БЕКМУРОДОВ,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор
Бекзод МАМАТҚУЛОВ,
мустақил илмий тадқиқотчи