23–24 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказида мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор ташкил этилган Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. “Янги Ўзбекистон зиёлилари – миллий юксалиш таянчи” шиори остида ўтган анжуманга мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан сайланган 210 вакилни қўшиб ҳисоблаганда жами 500 делегат: олимлар, академиклар, педагоглар, шифокорлар, ёзувчи-шоирлар, инноваторлар ва тадбиркорлар жам бўлди.

Анжуманга навбатдаги одатий расмий тадбир эмас, балки кенгаш аъзоси ва шу залда ўтирган бир зиёли – ОАВ ва таълим тизимида меҳнат қилаётган инсон сифатида қарар эканман, бутун бошли даврнинг оғриқлари, иккиланишлари кўз олдимдан ўтди.

Жамият тараққиётида зиёлиларнинг уюшиши янги ҳодиса эмас. Тарихимизда Амир Темур салтанатидан тортиб ХХ аср бошидаги жадид маърифатпарварларигача бўлган даврларда миллат тақдири ақл ва илм эгалари маслаҳати билан ҳал қилинган. Хорижда ҳам, масалан, Францияда асрлар давомида тил ва тафаккур мезонларини белгилаб келаётган Франция академияси, Буюк Британияда илм-фан сиёсатига таъсир кўрсатувчи Қироллик жамияти ёки ривожланган давлатларнинг миллий стратегик кенгашлари интеллектуал қатлам овозини давлат бошқарувига етказувчи кўприк вазифасини ўтайди.

Бироқ уларнинг аксарияти тор академик ёки соҳавий доира билан чекланган. Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг ўзига хослиги шундаки, у олимни ҳам, чекка қишлоқдаги ўқитувчию шифокорни ҳам, ижодкору тадбиркорни ҳам битта мулоқот майдонига жамлади. Анжумандан аввал 10–14 ноябрь кунлари барча ҳудудларда ўтган учрашувларда икки мингдан ортиқ зиёли қатнашиб, уч мингдан зиёд фикр ва мингга яқин таклиф билдиргани бу мулоқотнинг фақат пойтахт доирасида қолиб кетмаганини кўрсатади.

Икки кун давомида кенгаш ялпи мажлис ва еттита шўбада – миллий ўзлик ва “Ўз” фалсафасидан тортиб ўзбек тили ва адабиёти, илм-фан ва таълим, инновацион тиббиёт, рақамли тараққиёт ва медиамакон, креатив иқтисодиёт ҳамда “яшил” тараққиётгача бўлган йўналишларда аниқ таклифларни ишлаб чиқди. Йиғилишда иштирок этган Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг “Зиёлиларимиздан холис фикр ва дадил таклифларни кутамиз. Кенгаш янги ғоялар майдонига айланишига ишонаман”, деган сўзлари анжуманнинг асосий руҳини белгилаб берди.

Албатта, холис таҳлил кўзи билан қарасак, мингга яқин таклифнинг барчаси ҳам бир хил вазнга эга эмас. Улар орасида стратегик ечимлар ҳам, кундалик ташкилий масалалар ҳам бор. Шунинг учун бу таклифларнинг ҳақиқий даражаси бугун айтилган баландпарвоз сўзлар эмас, эртага уларнинг қанчалик сараланиши, аниқ ижро механизмига боғланиши ва қоғозда қолиб кетмаслиги билан ўлчанади.

Эртак айтишдан қўрққан кунларим

Бу залда ўтириб, 2010 йиллардаги оғир бир ҳолатни эсладим. Ўша йилларда жамиятда шундай бир муҳит шаклланган эдики, зиёли бўлиш шараф эмас, гўё ортиқча юкка айланиб қолгандек эди. Ҳалол меҳнати, илми ва китоби билан кун кўрган кўплаб зиёлиларнинг моддий аҳволи танг, жамиятдаги обрўси эса ачинарли даражада паст эди. Кўчада “кўча тили”ни ўрганиб улғайганларнинг ошиғи олчи, китоб ўқиганларнинг эса рўзғори бут бўлмаган пайтлар эди.

Ўшанда фарзандларимга кечалари эртак ўқиб берар эканман, ичимда ғалати бир ҳадик пайдо бўларди. Болаларимнинг кўзлари порлаб, эртак қаҳрамонларига чин дилдан ишониб тинглашини кўрардим-у, юрагим санчарди: “Мен уларга эртак айтиб, эзгулик ва китобни севдириб, эртага уларни ҳам моддий етишмовчилик ва қадрсизликка маҳкум этиб қўймаяпманми? Ахир улар ҳам фаровон яшашга ҳақли-ку!”.

Бу оғриқ узоқ йиллар юрагимда турди. Ҳатто бугун, орадан йиллар ўтиб, вазият ўзгарганидан кейин ҳам кичик ўғлимга эртак айтиб берар эканман, ўша эски қўрқув дафъатан эсимга тушиб, бир сесканиб оламан. Хайриятки, у кунлар қўрқинчли тушдек ортда қолди.

Бизга “тарбия формуласи” керак

Мен оддий ишчи-деҳқон оиласида туғилиб ўсганман. Бугун эса зиёли сифатида шу анжуманда қатнашяпман. Мени энг кўп ўйлантирадиган савол будир: бугунги ўзбек зиёлиси ва, умуман, оддий ўзбек оиласи фарзандини қандай тарбиялаши керак?

Гап диплом ёки илмий унвонда эмас, чинакам зиёли деганда мустақил фикрга, маънавий-ахлоқий масъулиятга ва жамият олдида фуқаролик позициясига эга инсонни тушунаман. Афсуски, жамиятимизда бундай қатлам ҳали ҳам кўп эмас. Оддий оилада ўсаётган бола келажакда фақат оғир жисмоний меҳнат билан чекланиб қолмай, ўзлигини йўқотмаган ҳолда дунёнинг энг илғор интеллектуал элитаси билан бир сафда тура олиши учун нима қилишимиз керак?

Албатта, инсон тақдирини қуруқ математик тенгламага солиб бўлмайди. Лекин оилаларимиз учун худди аниқ механизмдек тушунарли ва ишлайдиган миллий тарбия концепцияси – ўзига хос “тарбия формулалари” керак. Оддий тилда ёзилган, икки-уч номдаги ихчам китоб-қўлланмалар яратайликки, унда оиланинг моддий шароити, ота-онанинг касб-кори ва муҳитидан келиб чиққан аниқ тавсиялар бўлсин. Ота-она қайси йўлни танласа, фарзанди қандай салоҳият ва дунёқараш эгаси бўлиб вояга етишини олдиндан кўра олсин.

Умид ва ҳадик ўртасида

Зиёлилар билан ишлаш осон эмас, чунки улар ақл ва таҳлил билан яшайди, уларни енгил-йилпи шиор ёки баландпарвоз гаплар билан ишонтириб бўлмайди. Ҳар бирининг ўз қараши бор инсонларни фақат битта нарса – Ватан тараққиёти, миллат маърифатини юксалтириш ва халқнинг қаддини тиклашдек буюк мақсад бирлаштира олади.

Ўйлайманки, анжуманда кўпчилик катта умид билан чиқди. Шу билан бирга, айримларда “Булар юксак савияда айтилган чиройли гаплардек қолиб, амалда кўп нарса ўзгармаса-чи?!” деган эҳтиёткор ҳадик ҳам йўқ эмас. Бу ҳадикни фақат битта йўл билан йўқотиш мумкин – ташаббусни зиёлиларнинг ўзи қўлга олиши ва ҳар бир билдирилган таклиф ижроси ортида фидойилик билан туриши керак.

Анжуман якунида кенгаш аъзолари олдимизга қўйилаётган вазифаларга содиқлик аҳдини қабул қилдик ва халқимизга илк мурожаатномамизни йўлладик. Бу қандайдир рамзий ҳужжат эмас, халқ олдидаги виждон мажбурияти бўлиб қолишини истар эдим.

Ҳамза АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси