Ўзбекистон миллий терма жамоаси АҚШнинг Атланта шаҳрида жаҳон чемпионатидаги тарихий дебют олдидан сўнгги тайёргарлик босқичини давом эттирмоқда.

«Оқ бўрилар» Атланта яқинидаги Мариетта шаҳрида жойлашган «Atlanta United» клубининг замонавий машғулотлар базасида йиғин ўтказмоқда. Тайёргарлик икки йўналишда олиб борилмоқда: футболчилар тренажёр залларида жисмоний ҳолат ва чидамлиликни ошириш устида ишлаётган бўлса, майдонда тактик ҳаракатлар, комбинацион ўйин ва техник маҳоратини такомиллаштиришга эътибор қаратилмоқда.

Бош мураббий Фабио Каннаваро ва унинг мураббийлар штаби ҳар бир футболчи билан индивидуал тарзда ишлаб, жамоанинг жаҳон чемпионатига тайёргарлигини назорат қилмоқда.

Шу кунларда мухлислар орасида ярим ҳимоячи Жалолиддин Машариповнинг саломатлиги ҳақидаги хавотирлар ҳам муҳокама қилинмоқда. Футболчи бу борада изоҳ бериб, аҳволи яхши эканини маълум қилди.

«Ҳозирда ҳаммаси жойида. Грижа ўшанда безовта қилган эди, шифокорлар яхши ишлашди ва муолажадан кейин аҳволим анча яхшиланди. Худо хоҳласа, икки кундан кейин умумий гуруҳ билан машғулотларга қайтаман», — деди Машарипов.

Унинг таъкидлашича, мазкур муаммо бир неча йилдан буён кузатилиб келади.

«Бу касаллик менда беш-олти йилдан бери бор. Уч йил аввал Эронга қарши ўйин олдидан ҳам укол олиб майдонга тушганман. Баъзан оғриқ бериб туради, буни грижаси бор инсонлар яхши тушунишади», — деди футболчи.

Машарипов ўзини яхши ҳис қилаётганини билдириб, жаҳон чемпионати баҳсларида майдонга тушишга умид қилаётганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатидаги илк учрашувини 18 июнь куни Колумбия терма жамоасига қарши ўтказади.