Мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва маҳаллаларда барқарор ижтимоий муҳитни шакллантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ҳудудларда хавфсизлик инфратузилмаси кенгайтирилиб, 263 мингта таниб олувчи камера, 70 мингта замонавий домофон ва 22 мингта ташвиш тугмаси ўрнатилди. Ижтимоий профилактика чоралари орқали 2,1 миллион нафар шахснинг муаммолари манзилли ҳал этилди.

Натижада криминоген вазияти энг оғир бўлган 809 та маҳалланинг 701 таси ушбу тоифадан чиқарилди. Қарийб 4,4 мингта маҳалла “яшил” тоифада қолмоқда.

Шу билан бирга, жамиятдаги ўзгаришлар, рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши, кибержиноятчилик ва бошқа замонавий таҳдидлар ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини янги босқичга олиб чиқишни тақозо этмоқда.

Хусусан, 2014 йилда қабул қилинган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунга ўтган даврда 20 дан ортиқ ўзгартириш киритилган бўлса-да, унинг айрим нормалари бугунги талабларга жавоб бермай қолган.

Шу муносабат билан тақдимотда мазкур қонунни янги таҳрирда қабул қилиш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари янги қонун ҳуқуқбузарлик содир этилгандан кейин чора кўришга асосланган ёндашувдан хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган проактив профилактика моделига ўтишни таъминлаши зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан 14 та давлат идораси шуғулланаётган бўлса-да, уларнинг вазифалари айрим ҳолларда такрорланмоқда, ваколатлари аниқ чегараланмаган. Тақдимотда профилактика субъектлари доирасини яна 7 тага кенгайтириш таклиф қилинди.

Президентимиз бу таклифнинг мақсадга мувофиқлигини аниқ асослаш, энг аввало, ҳар бир идоранинг вазифаси, ваколати ва жавобгарлигини белгилаш, улар ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш муҳимлигини қайд этди.

Шунингдек, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси комиссиясининг ваколатларини қонун даражасида белгилаш назарда тутилмоқда. Бунда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, профилактика чораларининг самарадорлигини баҳолаш ва мониторинг қилиш механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Қонун лойиҳасида илк бор профилактиканинг янги йўналишларини белгилаш, хусусан, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар, кибержиноятчилик, уюшган жиноятчилик, яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашишда превентив чораларни кучайтириш назарда тутилмоқда.

Қолаверса, ижтимоий ва виктимологик профилактика механизмларини такомиллаштириш, таълим муассасаларини профилактика тадбирлари билан кенг қамраб олиш, жиноятдан жабрланган фуқароларнинг хавфсизлиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича янги нормалар илгари сурилди.

Бунда жиноятдан жабрланганлар ва гувоҳларнинг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкига таҳдид юзага келганда уларнинг хавфсизлиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишда кўмаклашган фуқароларни рағбатлантириш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш юзасидан мажбурий профилактик кўрсатма беришнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш таклиф қилинмоқда.

Тақдимотда криминоген вазиятни баҳолаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чоралари самарадорлигини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, ҳозирги баҳолаш усуллари асосан статистик маълумотларга таянади. Жиноятчиликка таъсир қилувчи ижтимоий-иқтисодий омиллар етарлича таҳлил қилинмайди, мавжуд ахборот тизимлари ўзаро тўлиқ интеграциялашмаган.

Шу боис, криминоген вазиятни баҳолашнинг янги моделини жорий этиш таклиф қилинди. Унга кўра, илк бор аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва яширин жиноятчилик кўрсаткичларини ҳам инобатга оладиган “криминоген барқарорлик индекси”ни шакллантириш кўзда тутилмоқда.

Бунинг учун давлат идораларининг ахборот ресурсларини бирлаштирадиган ягона криминоген маълумотлар платформасини ишга тушириш, сунъий интеллект технологиялари ёрдамида жиноятчилик хавфларини таҳлил қилиш ва прогнозлаш, криминоген хариталарни шакллантириш режалаштирилмоқда.

Мазкур механизмлар орқали ҳудуд ва маҳаллалардаги криминоген вазият мунтазам баҳоланиб, хавф даражасига қараб манзилли профилактика чоралари белгиланади. Масъул идоралар фаолияти натижадорлик кўрсаткичлари асосида баҳоланади, муаммоларни ҳал этиш юзасидан таъсирчан назорат ўрнатилади.

Давлатимиз раҳбари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси бўлиб қолмасдан, барча масъул идоралар, маҳалла ва жамоатчиликнинг ҳамжиҳатликдаги фаолиятига асосланиши кераклигини таъкидлади.

Ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш, ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқараётган омилларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, фуқаролар осойишталигини ишончли таъминлаш устувор вазифа экани кўрсатиб ўтилди.

Тақдимот якунида мутасаддиларга қонун лойиҳасини билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида такомиллаштириш, профилактика субъектларининг вазифа ва ваколатларини аниқ белгилаш, рақамли таҳлил ва мониторинг механизмларини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди. Криминоген вазиятни баҳолашнинг янги моделини жорий этишни назарда тутувчи фармон имзоланди.