Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Банк ижрочи директорлари кенгаши томонидан маъқулланган маблағ Халқаро тараққиёт ассоциацияси орқали тақдим этилади.

Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасиннинг таъкидлашича, дастур доирасида минглаб шифокор ва ҳамширалар тайёрланади, тиббий хизмат кўрсатиш тизими модернизация қилинади.

SHIFO-1 дастури доирасида Самарқанд вилоятидаги 400 дан ортиқ оилавий поликлиникани модернизация қилиш учун инвестициялар йўналтирилади.

Шунингдек, 6,4 минг нафардан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, 1 250 нафар оилавий шифокор ва 5 минг нафар ҳамшира ўқитилиб, сертификат берилади.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг қарийб 80 фоизини аёллар ташкил этиши инобатга олиниб, дастурда уларнинг касбий тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилади.

Дастур доирасида миллий рақамли соғлиқни сақлаш платформаси — D-MED ҳам кенгайтирилади. Унга беморларнинг рақамли реестри ва бошқа зарур воситалар интеграция қилинади.

Бу орқали 330 минг нафар катта ёшли аҳолини юрак-қон томир касалликлари хавфи бўйича скринингдан ўтказиш, 250 минг нафар беморнинг даволаниш жараёнини мунтазам кузатиб бориш имконияти яратилади.

Маълум қилинишича, SHIFO-1 дастури 2028 йил декабрига қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа ихтисослаштирилган идоралар томонидан амалга оширилади.

Дастурнинг умумий қиймати 525 миллион долларни ташкил этади. Шундан 425 миллион доллари Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиялаштирилади.