Ушбу маблағлар хусусий секторни ривожлантириш, хотин-қизлар ва фермерлар учун янги имкониятлар яратиш, энергетика ҳамда рақамли иқтисодиётни модернизация қилишга йўналтирилади.

Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши томонидан маъқулланган дастур доирасида 2029–2031 йилларда 275 мингта қўшимча ва сифатлироқ иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришдан иборат. Бунинг учун ижтимоий суғурта қамрови, жумладан, ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини олиш имкониятлари кенгайтирилади. Шунингдек, хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилади.

Хусусий секторнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва бозорда адолатли рақобат муҳитини шакллантириш ишлари давом эттирилади. Бу хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, инновацияларни жорий этиш ва янги иш ўринларини яратиш имкониятларини кенгайтиради.

Дастур доирасида рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 2028 йилга қадар яна 500 минг нафар фойдаланувчи, жумладан, 250 минг нафар хотин-қиз кенг полосали интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши режалаштирилган. Шу билан бирга, шахсий маълумотларни хавфсиз трансчегаравий узатиш қоидалари такомиллаштирилиб, корхоналарнинг халқаро рақамли платформалар ва булутли хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади.

Энергетика соҳасида электр энергияси ва табиий газ бозорларини тартибга солувчи қоидалар ҳамда институтлар такомиллаштирилади. Электр энергиясини ишлаб чиқариш ва тақсимлаш соҳаларига хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун шароит яратилади. 2028 йилгача электр энергияси истеъмолчиларининг 15 фоизига хусусий операторлар бошқарадиган тақсимлаш тармоқлари орқали хизмат кўрсатиш режалаштирилган.

Қишлоқ хўжалигида фермер ва чорвадорларни қург‘оқчилик, сув тошқинлари ҳамда кескин об-ҳаво ҳодисалари каби хатарлардан ҳимоя қилиш мақсадида суғурта тизими кенгайтирилади. 2028 йилга бориб фермер ва чорвадорларнинг 35 фоизини қишлоқ хўжалиги суғуртаси билан қамраб олиш кўзда тутилган.

Шунингдек, экологик тоза ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳам дастурнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Биноларнинг энергия самарадорлиги стандартлари такомиллаштирилади, корхоналарни атроф-муҳит ифлосланиши ва энергия сарфини камайтирувчи технологияларга инвестиция киритишга рағбатлантириш чоралари кўрилади. 2028 йилгача энергия самарадорлигини ошириш учун 10 миллион долларлик хусусий инвестиция жалб этиш ҳамда тақсимланган қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 3 000 МВтга етказиш режалаштирилган.

Ташқи савдо соҳасида эса савдо жараёнларини рақамлаштириш, «Ягона дарча» тизимини такомиллаштириш ва чегарадаги божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш назарда тутилган. Бу корхоналарнинг халқаро савдо операцияларини камроқ вақт ва харажат билан амалга оширишига, шунингдек, Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнига хизмат қилиши кутилмоқда.

Умуман, Жаҳон банки маъқуллаган 800 миллион долларлик молиялаштириш пакети иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва экологик барқарор ўсишни таъминлашга қаратилган.