Аммо бу рақамлар ортида деҳқон маҳсулотининг бозорга ўз вақтида етиб бориши, кичик тадбиркорнинг онлайн харидор топиши, ишлаб чиқарувчининг барқарор энергия таъминоти ва минглаб иш ўринлари очиш масаласи турибди.

Фарғона водийсида гилос пишганида ёки Самарқандда шафтоли терими бош­ланганида деҳқон учун битта асосий савол туғилади: маҳсулот дунё бозори, жумладан, Россияга вақтида етиб борадими, йўлда сифати бузилмайдими, пули хавфсиз келадими? Тошкентдаги тикувчи ёки Бухородаги ҳунарманд олдида ҳам шунга ўхшаш савол пайдо бўлади: маҳсулотни Москва, Қозон ёки Екатеринбургдаги харидорга қандай етказиш мумкин?

Шу маънода, ЎзбекистонРоссия иқтисодий ҳамкорлиги фақат дипломатик баёнотлар мавзуси эмас, балки чегарадаги навбат, темир йўлдаги вагон, банкдаги пул ўтказмаси, газ босими, интернет дўконидаги буюртма ва оддий оиланинг даромади билан боғлиқ амалий масаладир.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 81,2 миллиард долларга етган. Бу 2024 йилдагига нисбатан 20,7 фоиз кўп. Мазкур савдода Хитой 21,2 фоиз улуш билан биринчи, Россия 16 фоиз улуш билан иккинчи йирик ҳамкор бўлди. Россия билан савдо ҳаж­ми 13 миллиард долларга яқинлашди.

2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида ҳам бу тенденция сақланди: Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида Хитой 6,2 миллиард доллар, Россия эса 4,5 миллиард доллар билан энг йирик шериклар қаторидан жой олди. Демак, Россия бозори Ўзбекистон учун нафақат анъанавий, балки ҳамон жуда катта ва амалий аҳамиятга эга бозор бўлиб қолмоқда.

Бу, халқона тушунтирганда, ҳар йили икки мамлакат ўртасида минглаб шартнома, юз минглаб тўлов, миллионлаб тонна товар ва хизматлар ҳаракатланади дегани. Ушбу жараёнда фермер, логистика компанияси, банк, ишлаб чиқарувчи, онлайн сотувчи ва истеъмолчи ягона занжирга уланади.

Икки давлат 2030 йилгача ўзаро савдо ҳажмини 30 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Бунга эришиш учун кўпроқ товар сотишнинг ўзи етарли эмас. Савдо таркиби ҳам ўзгариши, хомашё ўрнини тайёр маҳсулот, оддий экспорт ўрнини қўшма ишлаб чиқариш ва узоқ муддатли шерикчилик эгаллаши керак.

Ўзбекистон денгизга чиқиш имконига эга эмаслиги боис, экспортининг катта қисми темир йўл, автомобиль йўли ва авиацияга боғлиқ. Йўл ишончли бўлмаса, экспортчи шартнома тузишдан қўрқади, деҳқон маҳсулотини ички бозорда арзон сотишга мажбур бўлади, завод эса хом­ашёни кеч олади.

2025 йилда Ўзбекистон ва Россия ўртасида темир йўл орқали юк ташиш кўрсаткичи 19,3 фоиз ошиб, 8,6 миллион тоннага етди. Авиақатновлар ҳам иқтисодий алоқаларнинг муҳим қисмига айланмоқда: икки мамлакат шаҳарлари ўртасида ҳафтасига юзлаб рейслар қатнамоқда. Бу фақат йўловчи оқими эмас, балки хизматлар, кичик ҳажмли юклар, ишбилармонлик сафарлари ва туризм учун ҳам имкониятдир.

Мева-сабзавот экспортида ҳам вақт алоҳида аҳамиятга эга. Гилос ёки шафтоли учун бир кунлик кечикиш ҳам нарх, сифат ва харидор ишончига таъсир қилади. Шунинг учун музлаткичли контейнерлар, тезкор темир йўл йўналишлари, “Агроэкспресс” каби лойиҳалар ва фитосанитар текширувларни соддалаштириш экспорт учун ҳал қилувчи омилдир.

Тадбиркорга керакли асосий омил — адолатли йўлак: тариф олдиндан маълум бўлиши, ҳужжат талаблари тушунарли, чегарадаги текширув шаффоф ва тез ўтиши керак. Бундай тизим йўлга қўйилса, ҳамкорликнинг фойдаси биринчи бўлиб экспортчи ва истеъмолчига тегади.

Охирги йилларда Ўзбекистон — Россия савдосида янги тушунча пайдо бўлди: маркетплейслар ва рақамли хизматлар. Аввал ташқи бозорга чиқиш учун йирик ­дистрибьютор ёки улгуржи харидор топиш керак эди. Ҳозир эса кичик ишлаб чиқарувчи ҳам маҳсулотини онлайн платформа орқали Россиянинг турли шаҳарларига таклиф қила олади.

Wildberries, Ozon ва бошқа платформалар Ўзбекистон тадбиркорлари учун янги экспорт эшигига айланмоқда. Бу эшикдан тикувчилик, уй-рўзғор буюмлари, ҳунармандчилик маҳсулотлари, озиқ-овқат ва косметика товарлари ўтади. Қулай логис­тика ва сертификатлаш тўғри йўлга қўйилса, кичик цех ҳам ташқи бозорда ўз харидорини топиши мумкин.

Бироқ рақамли савдода ҳам қоидалар аниқ бўлиши шарт. Онлайн тўлов хавфсизми, электрон шартнома икки томон учун тенг кучга эгами, қайтарилган товар учун жавобгарлик кимнинг зиммасида, шахсий маълумотлар қандай ҳимоя қилинади? Бу саволларга тушунарли жавоб бўлмаса, кичик тадбиркор янги бозорга киришдан чўчийди.

Шунинг учун электрон ҳужжатларни ўзаро тан олиш, тўлов тизимларини уйғунлаштириш, истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва солиқ ҳисоботини соддалаштириш савдо айланмасига бевосита таъсир этади. Бу масалалар ечилса, онлайн савдо йирик компаниялар эмас, минглаб кичик бизнес субъектлари учун ҳам реал имкониятга айланади.

Шу маънода, Президентимизнинг 4-5 июнь кунлари Россияга амалий ташрифи доирасида 29-Петербург халқаро иқтисодий форумидаги нутқида “Евроосиё технологик саноатлаштириш камари”ни ­шакллантириш ташаббусини илгари сургани ғоят катта аҳамиятга эга.

Бундан кўзланган асосий мақсад ­саноат кооперациясининг ягона рақамли платформаси билан бирлаштирилган ишлаб чиқариш ва технологик кластерларнинг ўзаро боғлиқ тизимини яратишдир.

— Рақобат нафақат бозорлар ва табиий ресурслар учун курашда намоён бўлмоқда, балки технологиялар, логистика ва инфратузилма соҳаларида ҳам унинг таъсири сезилмоқда, — деди давлатимиз раҳбари.

Икки мамлакат ҳамкорлигининг маданий-гуманитар йўналишини мустаҳкамлаш мақсадида “Самарқанддан Петербурггача” креатив-туристик йўлаги лойиҳасини ишга тушириш таклифи санъат ва кино ­фестиваллари, музей кўргазмалари, гастрономия ҳафталиклари ва мусиқий тадбирларни биргаликда ташкил этишни назарда тутади.

Бугун дунё чуқур қайта қуриш жараёнини бошдан кечирмоқда. Транспорт йўналишлари ўзгармоқда, янги ишлаб чиқариш занжирлари шаклланмоқда. Замонавий технологик платформалар пайдо бўлиб, барча соҳада сунъий интеллект жорий этилмоқда. Энергетика, озиқ-овқат ва рақамли хавфсизлик масалалари тубдан қайта кўриб чиқилмоқда.

Ишлаб чиқарувчи учун энергия кўринмас, лекин энг муҳим таянч. Электр энергияси ёки газ тармоғи узилса, дастгоҳ ишлашдан тўхтайди, музлаткич ўчади, буюртма кечикади, ишчи даромади хавф остида қолади. Ўзбекистон иқтисодиёти ўсгани сари энергияга талаб ҳам ошиб бормоқда.

Россия гази шу нуқтаи назардан қисқа ва ўрта муддатли барқарорлик омилига айланди. 2024 йилги ҳисоботларга кўра, Россиядан Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажми 5,64 миллиард куб метрни ташкил этди. Кейинги келишувларда йиллик етказиб бериш ҳажмини 7,7 миллиард куб метргача ошириш кўзда тутилган. Бу қиш ойларида аҳоли ва саноат учун муҳим ёрдам бўлиши мумкин. Аммо газ импорти энергетика соҳасидаги муаммони ҳал этишдаги ягона чора эмас. Узоқ муддатда Ўзбекистон маҳаллий ишлаб чиқариш, қайта тикланувчи энергия, энергия тежамкор технологиялар ва импорт манбаларини биргаликда диверсификациялаши керак.

Ташриф доирасида Президентимиз ­Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин иштирокида мамлакатимизда интеграциялашган атом электр станциясининг биринчи энергия блокини қуришга старт берилгани энергетикадаги энг йирик ва энг масъулиятли лойиҳалардан биридир.

Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистоннинг технологик, индустриал ва илмий тараққиётида янги босқични бошлаб бериб, янги тармоқ — атом энергетикасини ривожлантириш учун асос яратади. Станцияни қуриш ва эксплуатацияга тайёрлаш ишлари энг замонавий халқаро стандартлар, илғор муҳандислик ечимлари асосида ҳамда Халқаро атом энергияси агентлигининг доимий назоратида бажарилмоқда. Ушбу улкан лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон — Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Лойиҳа тўлиқ қувватга ўтгач, йилига тахминан 17,2 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариши ва мамлакат истеъмолининг 14 фоизгача қисмини қоплаши кутилмоқда. Бу Ўзбекистон учун базавий электр генерациясини мустаҳкамлаш имкониятидир.

Шу билан бирга, атом энергетикаси фақат мегаватт ёки миллиард киловатт-­соат билан ўлчанмайди. Жамоатчилик учун очиқ ахборот, мустақил назорат, хавфсизлик маданияти, кадрлар тайёрлаш, фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик ва экологик мониторинг лойиҳанинг ажралмас қисми бўлиши керак.

Президентимиз форумда яна бир муҳим ташаббусни илгари сурди. Бу капитал бозорини янада ривожлантириш, барқарор молиявий ва инвестициявий платформани шакллантириш мақсадида энг яхши стандартлар асосида фаолият юритадиган Тошкент халқаро молия марказини ташкил этишдир. Марказнинг махсус ҳуқуқий мақом ва солиқ имтиёзларига эга экани инвесторларга бизнес юритиш учун қулай восита ва ишончли кафолатларни тақдим этади.

Савдо ва энергетикадан ташқари, иқтисодий ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши — инвестиция. 2026 йил
1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда хорижий инвестиция иштирокидаги
19 минг 72 та корхона фаолият юритмоқда. Улардан 3260 таси Россия капитали иштирокидаги корхоналардир.

Бу корхоналар пул билан бирга янги технология, бошқарув тажрибаси, бозор стандартлари ва иш ўринлари ҳам олиб келади. Маҳаллий бизнес учун эса бундай шериклик янги маҳсулот ишлаб чиқариш, экспорт қилиш ва рақобатбардошликни ошириш имконияти.

Инвестор учун энг муҳим омил — прог­ноз қилиниши мумкин бўлган қоидалар. Солиқ, валюта, лицензия, суд ва ер ажратиш жараёни қанчалик аниқ бўлса, хавф шунчалик камаяди. Ўзбекистонда 2025 йили ЯИМ реал ҳисобда 7,7 фоиз ўсгани, инфляциянинг 2024 йил охиридаги 9,8 фоиздан 2026 йил апрелида 7 фоизгача пасайгани ва халқаро захираларнинг 2026 йил 1 май ҳолатига кўра, 70,9 миллиард доллар атрофида бўлгани иқтисодий барқарорлик учун муҳим ишорадир.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдони 30 миллиард долларга етказиш мақсадига фақат миқдор сифатида қараш тўғри эмас. Савдо ҳажми ўсиши билан бирга сифати ҳам ўзгариши керак.

Ўзбекистон учун бу — мева-сабзавотни қайта ишланган ва қадоқланган маҳсулот сифатида сотиш, ип-калавани тайёр тўқимачилик маҳсулоти кўринишида экспорт қилиш, меҳнат ва хомашёдан кўра бренд, дизайн, логистика ва сервисдан кўпроқ даромад олиш дегани. Россия учун эса Ўзбекистон бозорида оддий маҳсулот етказиб берувчи эмас, технология ва қўшма ишлаб чиқариш бўйича узоқ муддатли шерик бўлиш имконияти.

Ҳамкорлик кенгайиши билан бирга хавфлар ҳам мавжуд: тўловлар, санкция­вий чекловлар, валюта ўзгариши, логис­тикадаги узилишлар ва бозорга ортиқча боғланиб қолиш эҳтимоли. Шу сабабли экспорт йўналишларини диверсификация­лаш, рақобат муҳитини сақлаш ва ички ишлаб чиқарувчилар манфаатини ҳимоя қилиш муҳим.

Иқтисодий ҳамкорликни қарамлик ёки сиёсий шиор эмас, манфаатлар мувозанати сифатида кўриш керак. Асосий савол битта: бу алоқа тадбиркорнинг ишини осонлаштирадими, истеъмолчига танлаш имкониятини берадими, иш ўрни очадими? Агар йўллар, рақамли қоидалар, энергия ва инвестиция муҳити шу мақсадга хизмат қилса, 13 миллиард долларлик бугунги савдо келажакда янада барқарор ва фойдали иқтисодий шерикликка айланиши шубҳасиз.

Зиёдулла МУҲИДДИНОВ,

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти

лойиҳа раҳбари