АТ, сунъий интеллект ва креатив иқтисодиёт ривожига янги руҳ берилиб, 10 миллион ёшни рақамли индустрия ва келажак касбларига олиб кириш мақсад қилинди.
Истиқлол байрами арафасида хитойлик ҳамкорлар билан «Самарқанд – 2028» сунъий йўлдоши фазога учирилгани алоҳида ғурур билан қайд этилди.
– Менинг ниятим: Ўзбекистон технология соҳаларида жаҳонга илғор ташаббусларни таклиф қиладиган марказга айланиши зарур. Ўзбек тили рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тил бўлиши лозим, – деди давлатимиз раҳбари.
Инсон қадри ҳақида сўз юритганда, аҳоли саломатлигига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди. Сўнгги йилларда соҳага ажратилаётган маблағ 8 каррадан зиёд оширилиб, сифатли тиббий хизмат олиш имконияти марказда ҳам, ҳудудларда ҳам яратилди.