Премьерада ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Сатторов бошчилигидаги соҳа ходимлари, уларнинг оила аъзолари, Академия курсантлари ҳамда бўлажак ички ишлар органлари ходимлари иштирок этди.

Спектакль Ислом Ҳамро асари асосида Ички ишлар вазирлиги буюртмасига биноан Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон давлат драма театри ҳамкорлигида саҳналаштирилган.

Саҳна асарида бош қаҳрамоннинг мураккаб ҳаёт йўли, ҳақиқат учун кураши ва руҳий кечинмалари орқали инсон шаъни, виждон ва масъулият масалалари ёритилган. У томошабинларни ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати ва ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида мушоҳада юритишга ундайди.

Спектаклда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар мазмуни ҳам ўз ифодасини топган.

Асарда кўтарилган масалалар ички ишлар органлари ходимларининг кундалик фаолияти билан ҳам бевосита боғлиқ. Зеро, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини унутмаслик, ҳолатларга холис баҳо бериш ва қонун талабларига қатъий риоя қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Қаҳрамонларнинг танлови ва хатти-ҳаракатлари орқали ҳалоллик, мардлик, адолатпарварлик ҳамда хизмат бурчига садоқат каби фазилатлар намоён этилади.

Спектакль, айниқса, бўлажак ички ишлар органлари ходимларининг касбий масъулиятини чуқурроқ англаши, инсон тақдирига дахлдор ҳар бир қарорга виждонан ёндашиши нуқтаи назаридан тарбиявий аҳамиятга эга.

«Оқлов» асари инсон қадрини асраш, адолатни ҳимоя қилиш ва хизмат бурчини ҳалол бажариш ҳар бир ходимнинг муҳим вазифаси эканини эслатади. Инсонпарварлик эса нафақат касбий талаб, балки виждон амри ҳам бўлиши лозим.

Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти ахборот хизмати хабар берди.