Қайд этилишича, Ўзбекистон гидроэнергетикаси тарихи 1926 йил май ойида дастлабки гидроэлектр станция — Бўзсув ГЭС ишга туширилиши билан бошланган.

2017 йил 18 май санаси эса мамлакат гидроэнергетикаси тарихида янги босқич сифатида баҳоланмоқда. Айнан шу куни Ўзбекистон Президентининг фармони асосида Ўзбекгидроэнерго мустақил ва ягона тармоқ сифатида ташкил этилган. Ушбу қарор соҳани тизимли бошқариш, инвестицияларни кенг жалб қилиш, янги қувватларни яратиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлгани таъкидланди.

Сўнгги тўққиз йилда соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Агар 2017 йилга қадар мамлакатда умумий қуввати 1604 мегаватт бўлган 36 та гидроэлектр станция фаолият юритган бўлса, 2026 йилга келиб ГЭСлар сони 100 тага етди. Соҳанинг умумий қуввати эса 2402 мегаваттни ташкил этмоқда.

Шу билан бирга, қисқа вақт ичида қўшимча 800 мегаватт «яшил» энергия қувватлари яратилди. Бу нафақат электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Соҳада миллий муҳандислик салоҳиятини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунда гидроэлектр станцияларни лойиҳалаш, қуриш, монтаж қилиш, синовдан ўтказиш ва ишга тушириш ишларининг асосий қисми маҳаллий мутахассислар томонидан амалга оширилмоқда.

Таъкидланишича, гидроэнергетика соҳасида маҳаллийлаштириш даражаси ҳам янги босқичга чиққан. Илгари хориждан олиб келинган қатор ускуна ва механизмлар эндиликда мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда.

Хусусан, УзҲйдроПоwэр заводи Марказий Осиёда гидроагрегатлар ишлаб чиқарувчи ягона корхона сифатида фаолият юритмоқда. Қуввати 40 мегаваттгача бўлган гидроагрегатлар ишлаб чиқариш имкониятига эга мазкур завод айни пайтда «миллий лойиҳалар» учун зарур жиҳоз ва эҳтиёт қисмларини етказиб бермоқда.

Шунингдек, соҳада рақамлаштириш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда. Илғор хорижий тажриба асосида гидротехника иншоотлари хавфсизлигини назорат қилишга қаратилган «Вазиятлар маркази» ишга туширилди.

Ушбу марказ орқали Ўзбекгидроэнерго тасарруфидаги 6 та сув омбори ҳамда 100 дан зиёд катта ва кичик ГЭСлар реал вақт режимида кузатиб борилмоқда. Бунда Италиянинг СИСГEО компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 4000 га яқин юқори аниқликдаги датчик ва назорат қурилмалари ўрнатилган.

Жамият сўнгги уч йил давомида ЭСГ рейтинги бўйича 79 балллик халқаро кўрсаткични сақлаб келмоқда. Бу Марказий Осиёдаги энг юқори натижалардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекгидроэнергонинг халқаро молиявий кўрсаткичлари ҳам яхшиланган. Хусусан, Fitch Ratings агентлиги 2020 йилда компанияга илк бор «B+» рейтинги берган бўлса, 2025 йил якунига кўра рейтинг «BB+» барқарор даражасигача оширилди.

Мутахассислар фикрича, бу компаниянинг молиявий барқарорлиги, инвестицион жозибадорлиги ва корпоратив бошқарув тизими халқаро даражада эътироф этилаётганини англатади.

Жорий йилда ҳам соҳада ижобий иқтисодий ўсиш кузатилмоқда. Хусусан, 2026 йил якунига қадар электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 7,1 миллиард киловатт-соатга етказиш режалаштирилган.

Байрам тадбирида гидроэнергетика тизимида фаолият юритаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун спорт мусобақалари, миллий таомлар танловлари, ҳунармандчилик кўргазмалари, интеллектуал беллашувлар ҳамда концерт дастурлари ташкил этилди.

Тадбир ташкилотчилари таъкидлашича, мазкур байрам нафақат соҳадаги ютуқларни намойиш этиш, балки энергетикларнинг машаққатли меҳнатини эътироф этиш, жамоада аҳиллик ва корпоратив маданиятни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.