Мазкур натижа мамлакатимиз учун тарихий кўрсаткич бўлиб, Ўзбекистон жаҳондаги энг тез ривожланаётган стартап экотизимларидан бири сифатида эътироф этилди.

Ҳисоботга кўра, мамлакат бир йил ичида +227,3 фоиз ўсиш суръатини қайд этган бўлиб, бу 2026 йил рейтингидаги энг юқори натижа сифатида баҳоланган. Шунингдек, Ўзбекистон “Country of the Year 2026” — стартап экотизими энг жадал ривожланган давлат сифатида ҳам эътироф этилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг глобал рейтингдаги позицияси босқичма-босқич мустаҳкамланиб бормоқда:

— 2023 йил — 111-ўрин
— 2024 йил — 110-ўрин
— 2025 йил — 98-ўрин
— 2026 йил — 79-ўрин

Натижада мамлакат 2023 йилдан буён жами 32 поғона юқорилади.

Давлат раҳбари томонидан рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва стартап экотизимини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор бугун ўзининг амалий самарасини бермоқда.

Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил апрель ойида IT Park мажмуасига ташриф буюриб, у ерда яратилган замонавий шароитлар, ёшлар учун имкониятлар ва инновацион лойиҳалар билан танишган эди.

Шунингдек, давлат раҳбари пойтахтдаги IT Park’га ташрифи чоғида сунъий интеллект технологияларини вазирлик ва идоралар фаолиятига, иқтисодиётнинг турли тармоқларига кенг жорий этишга қаратилган илғор лойиҳалар тақдимоти билан танишиб, соҳани жадал ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган “National AI Hackathon” тадбирида иштирок этди. Ушбу хакатон мамлакатимизда сунъий интеллект экотизимини шакллантириш ва технологик стартапларни қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил сиёсатнинг амалий ифодаси бўлди.

Ҳисоботда Марказий Осиё дунёдаги энг тез ўсувчи стартап субҳудуди сифатида қайд этилган бўлиб, ушбу ўсишнинг асосий драйверларидан бири сифатида Тошкент шаҳри алоҳида тилга олинган.

Хусусан, Тошкент стартап экотизими +155,7 фоиз ўсиш кўрсаткичи билан минтақадаги энг тез ривожланаётган шаҳарлардан бири сифатида эътироф этилди. Жаҳон миқёсида эса Тошкент 121 поғонага кўтарилиб, дунёнинг топ-300 шаҳарлари қаторига кирди. Самарқанд ва Фарғона шаҳарлари эса илк бор топ-1000 талик рейтингдан жой олди.

Бугунги кунда мамлакатимизда инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, рақамли тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, IT Park фаолиятини кенгайтириш, стартапларни молиявий ва инфратузилмавий жиҳатдан рағбатлантириш, халқаро инвестицияларни жалб этиш ҳамда ёшлар учун технологик имкониятларни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий самарасини бермоқда.