Education World Forum доирасида бўлиб ўтган тадбирда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигининг INQAAHE тармоғига тўлиқ аъзолиги тасдиқланди.

INQAAHE бугунги кунда 300 дан ортиқ сифатни таъминлаш агентликлари, аккредитация ташкилотлари ва экспертларни бирлаштирган глобал тармоқ ҳисобланади.

Мазкур аъзолик Ўзбекистон миллий аккредитация тизими халқаро стандартларга мувофиқ эканини англатади.

Тўлиқ аъзолик қатор янги имкониятларни очади:

  • аккредитациядан ўтган олий таълим муассасалари дипломларининг халқаро миқёсда тан олиниши кучаяди;
  • битирувчиларнинг хорижда таълим олиш ва меҳнат фаолиятини давом эттириш имкониятлари кенгаяди;
  • давлат аккредитацияси натижаларининг халқаро эътирофи ортади;
  • олийгоҳларнинг халқаро рейтинглар, аккредитация жараёнлари ва грант дастурларида иштирок этиши енгиллашади;
  • етакчи хорижий университетлар билан қўшма ва икки дипломли дастурлар кўлами кенгаяди;
  • INQAAHE тармоғи орқали халқаро экспертларни жалб этиш имконияти яратилади;
  • миллий экспертлар малакасини ошириш ва илғор халқаро тажрибани ўрганиш имкониятлари кенгаяди.

Мутахассислар фикрича, мазкур аъзолик Ўзбекистонда таълим сифати, халқаро интеграция ва миллий дипломлар нуфузини янги босқичга олиб чиқишда муҳим стратегик аҳамиятга эга.