Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Испарта шаҳридаги «Коммандос» тоғ-ўқув машқлар марказида ташкил этилган мусобақа 10–21 май кунлари бўлиб ўтди.
Беллашувда Ўзбекистон, Туркия, Туркманистон, Покистон, Косово, Озарбайжон, Италия, Грузия, Болгария, Мўғулистон, Испания ҳамда Жазоир каби 13 давлатдан 24 та жамоа иштирок этди.
Мусобақада иштирокчилар «Минора ва қайиқдан ўқ отиш», «Жанговар отиш», «Юқори аниқликда отиш», «Тўсиқ ортидан отиш», «Ҳаводаги вертолётдан отиш», «Ўзини синаш», «Тунда номаълум масофаларга ўқ отиш» ҳамда «Сюрприз» шартлари бўйича маҳоратини намойиш қилди.
7 та шарт бўйича тўпланган баллар асосида энг кучли 10 та жамоа финалга йўл олган. Ҳал қилувчи босқичда ўзбекистонлик мерганлар вазифаларни юқори аниқлик ва тезкорлик билан бажариб, рекорд натижаларни қайд этди.
Қарийб 10 кун давом этган беллашувлар якунига кўра, Ўзбекистон жамоаси хорижий давлатлар армиялари орасида биринчи ўринни эгаллаб, олтин медаль билан тақдирланди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси ушбу мусобақада бешинчи бор иштирок этмоқда. Жамоа 2022–2023 йилларда иккинчи ўринни, 2024–2026 йилларда эса кетма-кет биринчи ўринни қўлга киритган.
Мутасаддиларга кўра, бундай халқаро мусобақалар ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва ўзаро билим алмашишда муҳим аҳамият касб этади.