3–10 сентябрь кунлари Жанубий Кореянинг Кёнгги провинцияси Гвангжу шаҳрида Корея армияси Махсус операциялар кучлари қўмондонлиги томонидан ташкил этилган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси учинчи бор иштирок этди.

Беллашувда 8 давлатдан 28 та мерганлар жамоаси қатнашди. Жумладан, Жанубий Кореядан 15 та, Ўзбекистондан 3 та, Вьетнамдан 3 та, БАА ва Мўғулистондан 2 тадан, Туркия, Камбоджа ва Қозоғистондан 1 тадан жамоа иштирок этган.

Мусобақа доирасида жами 20 та махсус тактик машқ бажарилди. Иштирокчилар шаҳар, тоғ ва ўрмон шароитида турли масофалардаги нишонларга пистолет, автомат ва мерганлик қуролларидан аниқ ўқ узиш бўйича беллашди.

Бу йилги мусобақанинг ўзига хос жиҳати — машқларнинг ҳеч бири ўтган йилги шартларни такрорламагани бўлди. Машқларнинг шартлари ва қоидалари улар бошланишига қадар иштирокчиларга маълум қилинмаган.

Шунингдек, нишонларнинг 40 фоизини ҳаракатланувчи ва ҳавода учувчи дрон нишонлари ташкил этди.

Мусобақада мерганларнинг юқори даражадаги диққат-эътибори, чидамлилиги ва кучли стресс остида, кундузи ҳамда тунда мураккаб машқларни бажариш қобилияти синовдан ўтказилди.

Якуний натижаларга кўра, Ўзбекистон жамоаси хорижий давлатларнинг 13 та мерганлар жамоаси орасида энг юқори натижани қайд этди:

  • Ўзбекистон — 678,4 балл
  • Вьетнам — 666,6 балл
  • Туркия — 471,1 балл

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоа мазкур мусобақада 2024 йилда иккинчи, 2025 йилда эса биринчи ўринни эгаллаган эди.

Мусобақа ғолиблари 11 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинади.