Барқарор ривожланиш ва иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш соҳаларида БМТ Тараққиёт дастури билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиз учун 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган янги дастурини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шериклик ижобий суръатда ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилди. Охирги беш йилда умумий қиймати 120 миллион доллардан зиёд бўлган 100 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилди, ҳамкорликнинг умумий ҳажми эса 550 миллион доллардан ошди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар “яшил” трансформация, иқлим молияси маблағларини жалб қилиш, Оролбўйи бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш ҳамда иқлим ўзгариши оқибатида юзага келадиган йўқотишлар ва зарарни баҳолаш механизмларини такомиллаштириш йўналишларида ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёр эканини билдирди.