Бу ҳақда Сенатнинг 19-ялпи мажлисида муҳокама қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ҳамда ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунда назарда тутилган.

Қайд этилишича, кейинги йилларда давлат чегараларини муҳандислик жиҳатидан мустаҳкамлаш, чегара қўшинларининг моддий-техника базасини кучайтириш ва миллий хавфсизликни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бироқ трансмиллий жиноятчиликнинг янги кўринишлари, жумладан, давлат чегараси орқали ерости тоннеллари қуриш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари мавжуд қонунчиликни такомиллаштириш заруратини юзага келтирган.

Маълум қилинишича, 2016–2025 йилларда давлат чегарасида 12 та ноқонуний ерости тоннели аниқланган. Улар орқали катта миқдордаги товар-моддий бойликлар, валюта қимматликлари ва бошқа товарларни мамлакатга яширин олиб киришга уринишлар кузатилган.

Қонун билан Жиноят кодексига давлат чегараси орқали еростида ноқонуний тоннеллар ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, улардан фойдаланиш, бундай фаолиятни ташкил этиш ёки молиялаштириш учун алоҳида жиноий жавобгарлик киритилмоқда.

Шунингдек, бундай ноқонуний иншоотлардан фойдаланиб давлат чегарасини кесиб ўтиш ёки контрабанда жиноятларини содир этиш учун ҳам жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Қонун лойиҳасида инсонпарварлик тамойили ҳам назарда тутилган. Хусусан, бундай қилмишни биринчи марта содир этган шахс ўз ихтиёри билан давлат органларига ноқонуний тоннель ҳақида хабар берса ёки жиноятни фош этишга фаол кўмаклашса ва унинг ҳаракатларида бошқа жиноят таркиби бўлмаса, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган ўзгартишларга кўра, давлат чегараси орқали еростида ноқонуний тоннеллар қуриш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар бўйича дастлабки терговни Давлат хавфсизлик хизмати органлари терговчилари амалга оширади.

Сенаторлар мазкур ўзгартишлар давлат чегараси дахлсизлигини мустаҳкамлаш, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, миллий ва иқтисодий хавфсизликни таъминлаш ҳамда мамлакатда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.