Бу ҳақда Инновацион ривожланиш агентлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Янгиликлар Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 октябрдаги 604-сон қарорида белгиланган.

Қарорга мувофиқ, илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланувчи ташкилотларнинг ягона электрон реестри ташкил этилади. Бунинг учун 2027 йил 1 январга қадар reyestr.ilmiy.uz платформаси ишлаб чиқилади.

2027 йил 1 февралга қадар ташкилотларни реестрга киритиш бўйича давлат хизмати йўлга қўйилади. 1 апрелга қадар эса илмий ва инновацион фаолиятга оид ахборотларнинг ягона электрон базаси жорий этилади.

Янги тизим орқали ҳар бир олим ва тадқиқотчига бир марта бериладиган, бутун илмий фаолияти давомида ўзгармайдиган шахсий идентификация рақами тақдим этилади.

Бу рақам орқали олимларнинг илмий натижалари, грантлар ва лойиҳалардаги иштирокига оид маълумотлар ягона электрон муҳитда жамланади.

Шунингдек, илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ белгилашда илмий мақолалар, монографиялар, патентлар ва бошқа илмий натижалар электрон тарзда тасдиқланади.

Science ID орқали юқори илмий фаоллик кўрсатган муаллифларга лавозим маошига нисбатан 10 фоизгача қўшимча ҳақ тўлаш назарда тутилган. Бироқ бу тўлов автоматик тарзда белгиланмайди. Ходимнинг илмий ҳиссаси ва белгиланган мезонларга мувофиқлиги ташкилот комиссияси томонидан баҳоланади.

Қарор билан ёш олимларни хорижий илмий стажировкаларга юбориш тартиби ҳам такомиллаштирилди.

Энди номзодлар QS, THE ёки ARWU халқаро рейтингларидаги ТОП-500 олий таълим муассасаларига, шунингдек, AD Scientific Index рейтингидаги ТОП-1000 таликка кирган илмий ташкилот ва марказларга юборилади.

Танловда 20 ёшдан ошган ва 40 ёшга тўлмаган шахслар иштирок этиши мумкин. Бунда бир номзод бир вақтнинг ўзида фақат битта танловда қатнашади.

Бундан ташқари, «Академик ҳаракатчанлик» дастури ва «Бўлажак олим» танловини ташкил этиш, молиялаштириш ҳамда мониторинг қилиш жараёнлари рақамлаштирилади.

Мазкур ўзгаришлар илмий фаолият натижаларини ҳисобга олишда шаффофлик ва ягона ёндашувни таъминлаш, олимлар ҳамда ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган.