Қайд этилишича, ҳужжатнинг асосий мақсади коммунал хўжалиги соҳаси ходимларининг кўп йиллик ҳалол ва самарали меҳнатини муносиб эътироф этиш, уларнинг жамиятдаги нуфузи ва ижтимоий мақомини ошириш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, соҳада юксак касбий маданият, масъулият ва фидойиликни рағбатлантиришдан иборат.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, амалдаги «Ўзбекистон Республикасида коммунал, маиший ва савдо соҳасида хизмат кўрсатган ходим» фахрий унвони негизида алоҳида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими» фахрий унвони таъсис этилади.
Депутатлар таъкидлашича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши коммунал хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган ходимларни муносиб рағбатлантириш, ёш ва малакали кадрларни тизимга кенгроқ жалб этиш, шунингдек, коммунал хизматлар сифати ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилиниб, кўриб чиқиш учун Сенатга юборилди.