Бу ерда пастқам иморатлар, тартибсиз қурилган бозор ва савдо дўконлари, тор кўчалар кўп эди, Тўйтепа (Ҳозирги Нурафшон) деган шаҳар борлигини ҳамма ҳам билмасди. Бугун ушбу кентга нафақат мамлакатимиз ҳудудларидан юртдошларимиз, балки кўплаб чет давлатлардан меҳмонлар келиб-кетмоқда.

Нурафшонга сафаримиз бутунлай янгидан барпо этилган “Тошкент йўли” кўчасидан бошланди. Бу ерда яқинда ишга туширилган замонавий ер ости йўли орқали кўчанинг у томонига ўтиб олдик. Ушбу йўлнинг ўн йил олдинги ҳолатини билардим, бугун уни таниб бўлмайди. Кўчанинг икки томонидаги баланд-баланд, замонавий ва чиройли иморатлар эътиборни тортади.

Телефонлашганимиздек, шу ҳудудда Нурафшон шаҳар ҳокимининг Ахборот хизмат раҳбари Бахтиёр Қурбонов билан учрашдик. Унинг ҳамроҳлигида шаҳар ҳокимлигига кириб масъуллардан маълумотлар олдик. Биламизки, 2017 йил 25 август куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн биринчи ялпи мажлисида Сенаторлар Тошкент вилояти Тўйтепа шаҳри номини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиққан ва Тўйтепа шаҳри номини Нурафшон шаҳри, деб ўзгартириш бўйича қарор қабул қилинган.

Шу ўтган қарийб ўн йил мобайнида бу ерда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармон ва қарорлари ижроси доирасида жуда катта бунёдкорлик ишлари, кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, таълим ва тиббиёт муассасалари, корхона ва ташкилотлар учун янги бино ва иншоотлар, “Янги Ўзбекистон” боғи, “Ватанпарвар боғи”, Зулфия Зокирова ёдгорлик мажмуаси, замонавий сайр ҳиёбонлари, сунъий кўл, амфитеатр, фавворалар, кенг яшил ҳудудлар, велосипед ва пиёдалар йўлаклари барпо этилди. Юзга яқин кўп қаватли уй-жойлар қад кўтарди. “Янги Ўзбекистон” массиви, янги маҳаллалар ташкил этилди. “Янгиобод”– улардан бири. Бу ерда қурилиб фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйларда яшаётганлар орасида Бобур Холмирзаев оиласи ҳам бор.

– Бу уйларда инсон яхши яшаши учун нима зарур бўлса, ҳаммаси мужассам, – дейди Б. Холмирзаев. – Энг муҳими, яшил ҳудуд майдони кенг. Шундан бўлса керак, ҳаво тоза. Фарзандларимиз учун замонавий болалар майдончаси, биз, катталар учун эса сайр ҳудуди ташкил этилгани, боғча ва мактабнинг уйимизга яқинлиги бизга катта қулайликлар яратмоқда. Мана шундай шарт-шароитлар яратиб берган давлатимиз раҳбарига оиламиз, қолаверса, қўни-қўшнилар номидан миннатдорлик билдираман.

Нурафшонни гоҳ яёв, гоҳ транспортда кезар эканмиз, бу ерда нафақат тартиб билан қурилган янги аҳоли яшаш массивлари, балки кўплаб давлат ва нодавлат корхона-ташкилотлар, таълим муассасалари, ишлаб чиқариш ва соғломлаштириш объектларининг замонавий биноларига, савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарига кўзимиз тушди.

Шаҳардаги усти ёпиқ автостоянкалар томларига қуёш батареялари ўрнатилгани, улардан олинаётган электр энергиянинг бир қисми шу ерни ўзида ўрнатилган қурилмалар орқали автоуловларни қувватлашга йўналтирилаётгани эътиборга молик. Нурафшонда бундай ноанъанавий ёндашувлар асосида ҳаётга татбиқ этилаётган юқори самарадорликка эга лойиҳалар кўп.

Шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, бу ердаги инфратузилмани тубдан янгилаш ишларига хорижий ташкилотлар ҳам жалб этилган. Ҳозирги кунда Хитой, Туркия, Жанубий кореяликлар билан биргаликда марказлашган иссиқлик, муқобил энергия, ичимлик ва оқава сув тармоқлари модернизация қилинмоқда. Рақамли инфратузилма, шаҳарнинг коммунал, транспорт ва хавфсизлик тизимлари ягона интеллектуал бошқарув тизимига уланмоқда.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Нурафшон мамлакатимизда амалга оширилаётган замонавий шаҳарсозлик сиёсати ва бунёдкорлик фалсафасининг ёрқин тимсолидир. Бу ёндашувнинг марказида инсон манфаатлари туради. Нурафшон XXI аср талабларига мос, хавфсиз, қулай ва юксак ҳаёт сифатини таъминлайдиган замонавий шаҳар сифатида шаклланмоқда. У мамлакатимизда “Smart City” модели асосида барпо этилаётган илк шаҳардир.

Холмурод Салимов,

Yuz.uz мухбири