Бугунги стратегик вазифа фақат янги корхоналар ташкил этиш эмас. Асосий мақсад микро ва кичик бизнеснинг ўрта, ўрта корхоналарнинг эса миллий ва халқаро бозорларда рақобатлаша оладиган йирик компанияларга айланиши учун барқарор экотизим яратишдир. Бу ўзгаришлар иқтисодий кўрсаткичларда ҳам ифодасини топмоқда.

2025 йилнинг 9 ойида мамлакатимизда 63 мингта янги корхона ташкил этилган бўлса, 2026 йилнинг шу даврида 68 мингтага етди. Бу 8 фоиз ўсиш демакдир.

Якка тартибдаги тадбиркорлар сони ҳам изчил ортиб бормоқда. Уларнинг сони 2025 йилда 2021 йилдагидан 37 фоиз, 2026 йилнинг ўтган 10 ойида эса яна 29 фоиз ўсиб, 386 мингтага етди.

Тадбиркорлик муҳитини яхшилашда давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим бурилиш ясади. Ушбу ҳужжат бизнесни асоссиз маъмурий босимдан ҳимоя қилиш ва унинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришга қаратилган.

Энг муҳим янгиликлардан бири кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга уч йиллик мораторий жорий этилганидир. Инсон саломатлиги ва хавфсизлиги, жиноий ишлар ҳамда меҳнат қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ белгиланган истиснолардан ташқари, кичик бизнесни текшириш тақиқланди. Ушбу талабни бузган мансабдорлар учун жавобгарлик белгиланди.

Натижа кўп куттирмади: мораторийга қадар ойига ўртача 17 мингдан ортиқ текширув ўтказилган бўлса, ундан кейин бу кўрсаткич 6 мингтага ҳам етмади. Яъни текширувлар сони қарийб уч баравар камайди.

Фармон билан тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг яна қатор муҳим кафолатлари мустаҳкамланди. Аввало, тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси белгиланди. Энди қонунчиликдаги бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар, ноаниқликлар ва шубҳалар тадбиркор фойдасига талқин қилинади.

Шунингдек, “Биринчи хато учун — огоҳлантириш” тамойили жорий этилди. Биринчи марта ҳуқуқбузарликка йўл қўйган тадбиркорга жарима қўллаш ўрнига камчиликни бартараф этиш учун 10 кун муҳлат берилади.

Яна бир муҳим кафолат — бир йил давомида камерал солиқ текширувидан ташқари ҳар қандай такрорий текширув фақат бизнес омбудсман рухсати билан ўтказилади.

Тадбиркорларнинг молиявий юкини енгиллаштириш учун “Иккинчи имкон” иқтисодий амнистияси эълон қилинди. Унга кўра, солиқ қарзининг асосий қисмини 2026 йил якунига қадар тўлаган кичик ва ўрта бизнес субъектларининг пенялари бекор қилиниб, ижро ишлари тўхтатилади.

Ҳисоботларни кечиктириб топширганлик учун 2026 йил 1 январига қадар қўлланилган, ҳануз тўланмаган маъмурий ва молиявий жарималар ҳисобдан чиқарилади. Нақд пулда ҳисоб-китоб қилиш чегарасининг 25 миллион сўмдан БҲМнинг 400 бараваригача оширилиши ҳам тадбиркорлар учун қўшимча енгиллик яратди.

Албатта, қонунчиликда белгиланган кафолатларнинг амалда ишлаши муҳим. Бу борада бизнес омбудсман томонидан доимий мониторинг ва таъсирчан чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг юқорида номи келтирилган фармони ижроси доирасида сўнгги уч йилдаги назорат жараёнларини таҳлил қилиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини бирхиллаштиришга қаратилган “Самарали назорат” тадбири ўтказилмоқда.

Унинг мақсади — текширувларда йўл қўйилган камчиликларнинг ҳуқуқий оқибатларини бартараф этиш ва бундай ҳолатлар такрорланишига йўл қўймаслик. Текширувларнинг қонунийлиги ва шаффофлигини таъминлашда “Ягона давлат назорати” электрон ахборот тизимидан кенг фойдаланилмоқда. Шу билан бирга, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, уларга тегишли маблағларни қайтариш бўйича амалий ишлар давом этмоқда.

2026 йилнинг 9 ойида бизнес омбудсман томонидан кўрилган чоралар натижасида тадбиркорлар фойдасига 233 миллиард сўм ундирилиб, 76 та ноқонуний қарор бекор қилинди. Бу рақамлар ортида минглаб тадбиркорларнинг ҳал этилган муаммолари турибди.

Масалан, хусусий боғчаларга субсидия тўлашдаги тизимли хато бартараф этилди. Ахборот тизимидаги нотўғри ҳудудий тасниф туфайли айрим тарбияланувчилар учун ойига 178 минг сўм ўрнига 125 минг сўм тўланган.

Бизнес омбудсман ташаббуси билан тегишли вазирлик ва ҳокимликлар маълумотларни тўғрилади. Натижада 2240 тарбияланувчи бўйича компенсация белгиланган миқдорга етказилди. Эндиликда хусусий боғчалар ҳар ой қўшимча 130,8 миллион сўм олади.

Наманган вилоятида эса бозорлардаги тадбиркорлардан икки хил йиғим ундириш амалиётига чек қўйилди. Битта йиғим жорий этилиши натижасида 38 та деҳқон бозорида фаолият юритаётган 7 мингдан ортиқ тадбиркорнинг харажатлари қисқарди.

Яна бир мисол тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари билан боғлиқ. Президентимизнинг 2023 йил 10 январдаги “Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда соҳанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ушбу соҳада электр энергияси учун бир ойлик олдиндан тўлов талаби бекор қилинган эди. Бироқ амалда 1798 та тадбиркорга мазкур имтиёз қўлланилмаган. Бизнес омбудсман таъсир чорасидан сўнг ахборот тизимидаги камчиликлар тузатилди, имтиёзларни тўлиқ қўллаш таъминланди. Натижада тадбиркорлардан ҳар ой 85 миллиард сўмни олдиндан ундириш амалиёти тўхтади.

Бундай чоралар кичик ва ўрта бизнеснинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириб, корхоналарнинг эркин фаолият юритиши ва босқичма-босқич йирик компанияларга айланиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Бироқ кичик бизнеснинг йирик компанияга айланиши фақат солиқ имтиёзлари ёки текширувларни чеклаш билан таъминланмайди. Халқаро бозорга чиқиш, инвесторлар ишончини қозониш ва арзон инвестиция ресурсларини жалб қилиш учун бизнеснинг ички бошқаруви ҳалол, шаффоф ва коррупция хавфларидан холи бўлиши зарур.

Шу мақсадда Президентимизнинг 2026 йил 16 февралдаги фармони билан тасдиқланган давлат дастури доирасида “Коррупциясиз, ҳалол ва ошкора бизнес — Ўзбекистон барқарор ривожланишининг асоси” миллий дастурига старт берилди.

Дастур хусусий секторда корпоратив ҳалоллик, қонунийлик ва комплаенс маданиятини янги миллий стандартга айлантиришга қаратилган.

Ушбу ташаббусларнинг мантиқий давоми сифатида 2026 йил 23 ноябрь куни бизнес омбудсман девони, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида V халқаро бизнесда ҳалоллик форуми ўтказилди.

“Тоза бизнес: ҳалол бизнеснинг янги стандарти” мавзусидаги анжуманда ЕХҲТ, БМТ, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Европа Иттифоқи ваколатхонаси каби нуфузли халқаро институтлар иштирок этди.

Форумда давлат ва бизнес ўртасидаги янги муносабатлар, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар орқали коррупция хавфларини олдиндан аниқлаш, комплаенс тизимларини жорий этиш ҳамда тадбиркорларнинг Антикоррупция хартиясига қўшилиши муҳокама қилинди.

Бу жараёнда асосий мақсад миллий корхоналар шаффофлигини ошириш орқали ­халқаро инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш ва уларнинг жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.

Ўзбекистонда тадбиркорликнинг ҳар бир босқичини қўллаб-қувватлашга қаратилган яхлит тизим шаклланмоқда. Маҳалладаги ўзини ўзи банд қилган фуқародан якка тартибдаги тадбиркорга, кичик корхонадан ўрта ва йирик компаниягача бўлган ўсиш йўли учун ҳуқуқий ва институционал шароитлар яратилмоқда.

Кичик бизнес учун уч йиллик текширувлар мораторийси молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш ва ресурсларни кенгайишга йўналтириш имконини берса, ўрта бизнес учун ташаббускор аудит, ихтиёрий комплаенс ва халқаро ҳалоллик стандартлари янги бозорларга чиқиш йўлини очмоқда.

Бу ислоҳотларни бирлаштириб турган асосий мақсад тадбиркорнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, унинг эркин ўсиши учун шароит яратиш орқали кучли, мустақил ва рақобатбардош Ўзбекистон иқтисодиётини барпо этишдир.

Абдуманноп БЎРИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил