Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йилига 300 дона шундай техника ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Сеялка очиқ майдонларда ҳамда плёнка остида экиш учун мўлжалланган икки хил вариантда ишлаб чиқарилади.
Янги техниканинг асосий хусусияти — ғўзапояни майдалаш ва ғалла экиш ишларини бир вақтнинг ўзида бажариш имкониятидир. Бунда майдаланган ўсимлик қолдиқлари далага бир текис сочиб кетилади.
Бу усул тупроқ эрозиясининг олдини олиш, намликни сақлаш, ерга қўшимча ишлов бериш заруратини камайтириш ва техника сарфини қисқартириш имконини беради.
Сеялканинг махсус конструкцияси уруғни қатор бўйлаб бир текис тақсимлаб, белгиланган чуқурликка жойлаштиришга хизмат қилади. Бу уруғларнинг бир маромда униб чиқиши учун қулай шароит яратади.
Мазкур техника Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг Жиззах вилоятига ишчи сафари доирасида Мирзачўл туманида тақдим этилди. Тақдимотда вазир билан бирга вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев ҳам иштирок этди.
Тадбирда техникани янада такомиллаштириш, амалиётда синовдан ўтказиш ва ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Янги сеялкани ишлаб чиқариш ташаббуси маҳаллий муҳандислик ва инновацион ишланмаларни ривожлантириш, ресурс тежамкор технологияларни қишлоқ хўжалигига кенг жорий этишга қаратилган.
Техниканинг амалиётга кенг татбиқ этилиши ресурсларни тежаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.