«Алоқали кўл» Ҳазорасп туманининг чекка маҳаллаларидан. Аммо, ҳозирда барча ҳудудларда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар ушбу ҳудудни ҳам четлаб ўтмаган. Аксинча, маҳаллада ҳозирда тўртта йирик парраданчилик мажмуаси бунёд этиляпти.

«Ҳазорасп олтин чичен» фермер хўжалиги 201 минг, «Ҳазорасп техно парранда» 301.5 минг, «Ҳазорасп олтин товуқлар» 201 минг ва «Ҳазорасп олтин тухум парранда» 402 минг АҚШ доллари ҳисобига йирик паррандачилик мажмуалари қуришни бошлади. Ушбу тадбиркорлик субъектлари айнан паррандачиликни ривожлантириш учун янгидан ташкил қилинган фермер хўжаликлари ҳисобланади.

«Ўзсаноатқурилиш банк» томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар мажмуалар ишга тушгач, бир мавсумда ўзини қоплайди. Негаки, ушбу йирик паррандачилик мажмуаларида 300 минггача парранда парваришлаш мумкин бўлади.

Янгича кўринишдаги «Техно» усулида қурилаётган паррандачилик мажмуаларида тухум ва парранда гўшти етиштирилиб, ички бозорга чиқарилиши режалаштирилган. Бу билан нафақат туман, балки қўшни туманлар аҳолисининг шу маҳсулотларга бўлган талаб ва эҳтиёжи тўла қопланишига эришилади.

Айни пайтда «Алоқали кўл» маҳалласидан юзлаб ёшлар иш билан таъминланади.

Рўзимбой ҲАСАН,

«Янги Ўзбекистон» мухбири