Бу бежиз эмас. Зеро, гендер тенглик ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бўлиб, жамиятни барқарор ривожлантиришда муҳим ўрин тутадиган мезондир. Шу боис, тараққиётнинг юксак чўққиларини кўзлаб илгарилаётган ҳар бир давлат сиёсатида бу масала ҳамиша устувор ўрин эгаллайди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар жараёнида бу борадаги устувор вазифалар ижросига қаратилаётган доимий эътибор инсон ҳуқуқларини муҳофазалаш, хотин-қизларнинг оилада ва жамиятда фаоллигини ошириш, барча соҳаларни ривожлантиришда муҳим самаралар бераётир. Юртимизда сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлашнинг қонунчилик ва институционал негизини мустаҳкамлаш йўлида таъсирчан чоралар кўрилди. Хусусан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига қаратилган 24 та ҳужжат, жумладан, 2 та қонун, Президентнинг 6 та фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 16 та қарори қабул қилинди. Қонун ҳужжатлари хотин-қизларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ҳуқуқларига оид стандартларга мослиги нуқтаи назаридан инвентаризация қилинди. “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгаши фаолияти йўлга қўйилди.
Мамлакатимизда илк бор 2018 йилда Оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси қабул қилинди. Аёлларнинг никоҳ ёши эркаклар билан тенглаштирилиб, 18 ёш этиб белгиланди. Қонун ҳужжатлари хотин-қизларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ҳуқуқлари камситилишига оид стандартларга мослиги нуқтаи назаридан инвентаризация қилинди. Аёллар меҳнати тўлиқ ёки қисман қўлланилиши тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхати бекор қилинди. Бу билан хотин-қизлар барча соҳаларда эркаклар қаторида меҳнат қилиши, ўз салоҳиятини намоён этиши учун имконият кенгайди.
Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди. Мазкур стратегиядаги барча йўналишлар БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ишлаб чиқилган.
АЁЛНИНГ ЎРНИ ҚАЕРДА?
“Аёл ожиза”, “Аёлнинг ўрни оилада”, “Аёл ишламаслиги, уй юмушлари, фарзанд тарбияси билан банд бўлиши керак” каби тушунчалар онгимизга қаттиқ ўрнашиб қолгани боис яқин-яқингача аёлларнинг бирор идорада раҳбарликка кўтарилишига таажжубланадиган бўлиб қолган эдик, – дейди Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова. – Аммо ҳаёт шиддати бу қарашлар тараққиётга тўсиқ бўлишини яққол намоён этмоқда. Зеро, тарихимизда рўй берган муҳим эврилишлар жараёнида ҳам зукко боболаримиз сафида оқила, уддабурон, тадбиркор момоларимизнинг ўз ўрни бўлгани манбалардан маълум. Ана шу тарихий қадриятлар ва жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, сўнгги йилларда аёлларни жамиятдаги ислоҳотларга кенг жалб этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Хусусан, 2016 йилда раҳбар аёллар сони 7 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга етди. Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага кўтарилди ва айнан шу кўрсаткич бўйича ТОП-50 таликдан ўрин олди. Сиёсий партиялардаги хотин-қизлар улуши 44 фоизга, олий таълимда 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди, хотин-қизлар ахборот коммуникацияси, инновация, энергетика, муҳандислик каби замонавий соҳаларга кенг жалб этилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бу йўналишдаги ишлар янада кенгаймоқда.
Эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони 2 баробар оширилиб, 2 мингтага етказилди. Базавий тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасасига қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда давлат олий таълим муассасалари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилди. Тартибга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан 100 нафардан хотин-қиз учун тўлов пули ҳар йили маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан, молиявий барқарор давлат олий таълим муассасалари томонидан 50 нафаргача хотин-қиз учун давлат олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Жорий йилда болаларни давлат боғчаларига қабул қилишнинг регламенти янгиланди. Унга кўра, “Аёллар дафтари”га киритилган ёлғиз оналар фарзандларига имтиёзли навбатга эга бўлиш ҳуқуқи белгиланди. Кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни касбга қайта ўқитишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш учун касб-ҳунар таълими муассасаларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан грантлар ажратиш амалиёти жорий этилди.
Жумладан, Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилигида Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилди. Судьялар орасида гендер тенгликни таъминловчи механизмларни жорий этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши билан ўзаро ҳамкорликда ҳаракатлар дастури имзоланди.
ИНСОН МАНФААТИ ҲАМИША УСТУВОР
Гендер тенглик тушунчаси нафақат аёллар, балки эркакларнинг манфаати ва ҳуқуқларини ҳам бирдек ҳимоялашга йўналтирилган. Мамлакатимизда бу борадаги ислоҳотлар жараёнида аёллар ва эркаклар вакиллари манфаатини бирдек таъминлаш масаласи доимий эътиборда. Бу йўналишда ёшларга замонавий андозалар бўйича билим бериш баробарида касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашиш, тадбиркорликка жалб этиш ва ўзини ўзи банд қилганлик учун рағбатлантириш субсидиялар, ўз бизнесини бошлаши учун имтиёзли кредит ажратишга йўлланма бериш каби саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
“Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиблари бўлган ўқувчиларга мос таълим йўналишлари бўйича олий таълим муассасаларига танловдан ташқари кириш имтиҳонларисиз давлат гранти асосида қабул қилинади. “Темурбеклар мактаби” битирувчиларига эса, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга киришда ўтказиладиган тест синовларида ўзлари тўплаган баллнинг 30 фоизи миқдорида, бошқа давлат олий таълим муассасаларига ўқишга киришда тўплаган баллнинг 15 фоизи миқдорида қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилмоқда. Ҳарбий хизмат ўтаган ва тавсияномага эга бўлган талабаларга контракт тўловининг 35 фоизи компенсация қилиб берилади.
Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларнинг ҳайдовчилик курсларида ўқиш харажатлари БҲМнинг 4 баробари миқдоригача ва сафарбарлик чақируви резерви хизмати бадали “Ёшлар дафтари” маблағлари ҳисобидан қопланади. “Ёшлар дафтари”га киритилган, моддий аҳволи қийин ёшларга БҲМнинг 4 баробаригача миқдорда бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.
Ҳар бир вилоятда ёшлар қурилиш соҳаси касбларига тайёрлаш мақсадида махсус марказларда овқат ва яшаш жойи билан таъминлаган ҳолда 6 ойгача ўқитилади. Бундай имконият ва имтиёзлар ўсиб келаётган ёшларнинг ҳаётдан ўз ўрнини эгаллаши ва муносиб ҳаёт кечириши учун муҳим омил бўлмоқда.
“АЁЛЛАР ДАФТАРИ” ТУФАЙЛИ УШАЛАЁТГАН ОРЗУЛАР
— 15 йил мобайнида қишлоғимиздаги эски машина-трактор паркининг уй дейишгаям арзимайдиган кулбасида оилам билан яшаб келдик, — дейди Бухоро тумани “Работак” маҳалласида яшовчи Дилором Жўраева. — Турмуш ўртоғим ногирон бўлгани учун янги уй қуришга қурбимиз етмасди. Фарзандларим эса камолга етгани сайин тенгдошларининг яшаш шароитини кўриб кўнгли ўксирди. Болаларим “бизнинг ҳам ўз уйимиз бўладими”, деб савол беришса нима деб жавоб беришни билмай қолардим. Она учун бундан ортиқ мусибат йўқ. Шундай кунларнинг бирида маҳаллада “Аёллар дафтари” очилгани, муҳтож оилаларга имтиёзли асосда уй-жой берилиши ҳақида эшитиб, кўнглимда умид учқунлади. Маҳаллага мадад сўраб борсам, аллақачон мени рўйхатга киритишган экан...
Мана, ҳозир маҳалламизда барпо этилган кўп қаватли уйлардан уч хонали замонавий хонадонда бахтли ҳаёт кечирмоқдамиз. Уйнинг бошланғич тўлови ҳам давлатимиз кўмагида тўлаб берилди. Ҳозир маҳаллада ободонлаштириш соҳасида ишлаяпман. Оилам ва фарзандларим келажагидан кўнглим тўқ.
Бу “Аёллар дафтари” туфайли орзулари рўёбга чиққан биргина аёлнинг дил сўзлари. Бугунги кунда бундай имконият туфайли ҳаёти ва дунёқараши бутунлай ўзгарган минглаб аёлни учратиш мумкин. Жумладан, маълумотларга кўра, нотурар жойларда яшаётган 4769 нафар хотин-қиз имтиёзли арзон уй-жойлар билан таъминланган. 4300 нафарга яқин хотин-қизнинг уй-жойи таъмирланган, 4 мингдан зиёдига ижара компенсацияси тўлаб берилган.
– Дастлаб, 2020 йилнинг октябрь-декабрь ойларида Республика касаба уюшмалари федерацияси билан ҳамкорликда жойларда уйма-уй юриш орқали 6,5 миллиондан ортиқ хотин-қизнинг муаммолари пухта ўрганилиб, ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга давлат томонидан манзилли ёрдам бериш мақсадида жами 433 мингга яқин хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилди, – дейди маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Гулнора Маъруфова. – Улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, аёлларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишларини тизимли равишда ўрганиш ҳамда масъул ташкилотлар томонидан ўз вақтида ҳал этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизми жорий этилди. Бугунги кунда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг 99,4 фоизига амалий ёрдамлар кўрсатилди ва муаммолари ҳал этилди. Жумладан, 131 мингдан ортиқ хотин-қиз иш билан таъминланди, 36 мингдан зиёди касб-ҳунарга ўқитилди. Ўзгалар парваришига муҳтож 29 мингдан ортиқ, боқувчисини йўқотган 37 мингга яқин, қарамоғида ногиронлиги бўлган болалари мавжуд 8 мингдан зиёд ёлғиз аёлга 55 миллиард сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.
Айни вақтда Аёллар дафтари”нинг 2-босқичи доирасида 9 та тоифа бўйича 450 мингдан ортиқ хотин-қизлар дафтарга киритилиб, уларга моддий, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Бундан ташқари, хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш йўналишида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Соҳадаги ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва қонун индексида Ўзбекистон
2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 давлат қаторига киритилди.
ЗЎРАВОНЛИККА ЙЎЛ ЙЎҚ!
— Қонунчилигимизга гендер таъсирчанлик нуқтаи назаридан баҳо берилганда, Конституциядан тортиб кодекслар ва қонунларда барча фуқароларнинг ирқи, тили, дини, миллати, жинсидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги мустаҳкамланган бўлиб, ушбу тамойил қонуности ҳужжатларда ҳам ўз ифодасини топган, — дейди Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудова. — Бироқ, юртимизда аёлларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллашуви жараёни билан бирга, афсуски, жамиятимизнинг баъзи қатламларида ҳали-ҳануз гендер тенгликка тўсиқ бўладиган иллатлар бор. Масалан, аёл кишига ожиза деб қараш, оилада ўғил фарзанд туғилишига мойиллик истаги, қизларнинг олий таълим олишига иккинчи даражали масала сифатида қаралиши, улар турмуш қуришида ота-она хоҳиш-иродасининг таъсири, иш берувчилар томонидан аёлларга қараганда эркак ходимларга устунлик берилиши, оилада аёлга турмуш ўртоғи томонидан тазйиқ ўтказилиши ҳолатларига шунчаки оилавий можаро сифатида эътиборсиз муносабатда бўлиниши кабилар шулар жумласидандир. Бундай стереотипларни йўқотмасдан туриб жамиятда гендер тенглик тўлақонли таъминлангани ҳақида сўз юритиб бўлмайди, албатта. Бунинг учун, авваламбор, жамиятнинг онгини соғломлаштириш, аёлларга бўлган муносабатни ўзгартириш талаб этилади.
Бу борадаги муаммоларга қарши курашишда 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур қонуннинг ижросини таъминлаш мақсадида зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларга ўз вақтида ва манзилли ёрдам кўрсатиш, уларни ҳимоя қилиш, ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атвор пайдо бўлишига йўл қўймаслик мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари фаолият юритмоқда.
Маҳаллаларда муаммоси бор хотин-қизларни аниқлаш ва уларга зарур ёрдам кўрсатиш мақсадида, аввало, нотинч оилаларда мавжуд муаммоларни бартараф этиш орқали соғлом турмуш тарзига қайтариш бўйича профилактик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 2020-2021 йилларда зўравонлик ва тазйиққа учраган 35161 хотин-қизга ҳимоя ордери берилди. Ўтган муддат давомида ҳимоя ордери берилган оилаларда олиб борилган профилактик ишлар натижасида 18533 оила яраштирилди, 12887 оилада низолар бартараф этилди. Маҳаллалардаги оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиялари оилавий низолар, қўни-қўшнилар ўртасидаги жанжаллар, бола тарбияси билан шуғулланмаётган ота-оналар ва бошқа масалалар бўйича доимий муҳокамалар ташкил этмоқда.
Бу ишлардан мақсад оилада зўравонликларга чек қўйилишига эришиш. Зеро, аёлларнинг турмуш ўртоғи ёки бошқа қариндошлари томонидан калтакланишига оилавий можаро, оддий ҳол, деб қараш мутлақо нотўғри.
Шу билан бирга, судлар томонидан оила, меҳнат, уй-жой ҳуқуқи билан боғлиқ фуқаролик ишларини кўришда аёлларга нисбатан жисмоний, руҳий ва иқтисодий зўравонлик аниқланган ҳолатларда прокуратурага хабарнома юбориш ва хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдириш, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда аёлларга нисбатан жисмоний, руҳий ва иқтисодий зўравонликка учрагани ҳолатида қонунларни қўллаш юзасидан суд амалиётини такомиллаштириш таклиф этилмоқда.
ГЕНДЕР ТЕНГЛИК ВА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК
Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг маълум қилишича, Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида халқаро ҳамжамиятни хабардор этиш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг АҚШ ва Европа Иттифоқи, Жанубий Корея, Япония, Россия, Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон, Кения давлатларига хизмат сафарлари ташкил этилди. Биринчи маротаба Марказий Осиё раҳбар аёлларининг норасмий платформаси иш бошлади. Ўзбекистон жорий йилда бу платформага раислик қилмоқда.
Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида 2021-2022 йилларда халқаро ташкилотлар билан гендер тенглик масалалари бўйича ҳамкорлик қилишга қаратилган миллий дастур ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Жорий йил 30 июнь – 2 июль кунлари Парижда гендер тенгликка бағишланган “Тенглик авлоди” халқаро форуми бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация иштирок этди. Форумда кўп қиррали ҳаракатлар коалициялари тузилди. Коалицияларга 30 га яқин мамлакат ва 70 дан ортиқ турли тузилма, шу жумладан, БМТ агентликлари, фуқаролик жамияти муассасалари, ёшлар уюшмалари, хусусий компаниялар ва давлат хайрия ташкилотлари қўшилди. Ҳаракатлар коалицияси доирасида Ўзбекистон хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш ва гендер зўравонликни бартараф этиш мажбуриятини ўз зиммасига олди. Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача бўлган даврда Миллий барқарор ривожланиш мақсадларининг гендер соҳасига тегишли бандлари бўйича индикаторлар шакллантирилди.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ўтказилган сўровда етакчи сиёсатчилар, иқтисодчилар, олимлар, журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва бошқа жамоат фаоллари Президентимизнинг кейинги йилларда бошқа йўналишдаги муҳим ислоҳотлари қаторида юртимизда гендер тенгликни таъминлаш борасидаги амалий ташаббусини ҳам эътироф этгани эса, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари таъминланаётганидан далолат.
Зеро, жамиятда гендер тенгликка эришиш борасида амалга оширилаётган ишлардан мақсад халқимизнинг демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этишдек эзгу ниятларини рўёбга чиқариш, юрт тараққиётини юксалтиришдир. Шубҳасизки, ушбу хайрли мақсад сари ташланган ҳар бир дадил қадам ёруғ истиқболга, юксалиш ва фаровонликка эришишда муҳим пойдевор бўлади.
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири