Жорий йилнинг 17 май куни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида АҚШлик ватандош, АҚШ ва Канада бухоро яҳудийлари нашри “Bukharian times” газетаси бош муҳаррири Рафаэль Некталов билан учрашув ўтказилди. Ватандош 2022 йилнинг 19 май куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳридаги яҳудийлар қабристонининг ободонлаштириш ишларининг тугаши ҳамда Синагога очилиш тадбирларида иштирок этиш учун ташриф буюрган.
Р.Некталов Ўзбекистонда тарихий обидаларни сақлаш ва кейинги авлодларга етказиш бўйича керакли ишлар амалга оширилаётганлигини ва шу қаторда яҳудийлар қабристонларини сақлаб қолиш ва ободонлаштиришга Ҳукумат даражасида эътибор қаратаётганлиги, миллатлараро, динлараро эркинлик ва бағрикенглик масалаларига жиддий ёндашаётганлигини алоҳида эътироф этиб, ушбу тажрибани бутун дунёга намуна сифатида кўрсатиш лозимлигини билдирди.
Шунингдек, суҳбат давомида Р.Некталов билан АҚШда истиқомат қилаётган ватандошлар, улар дуч келаётган муаммолар, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш йўналишлари, Ўзбекистон тарихи, маданияти ва туризм салоҳияти ҳамда имкониятларини кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини ошириш масалаларида музокара олиб борилди.
Учрашувда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва келгусида қилинадиган режалар юзасидан келишиб олинди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан
дўстликалоқалари қўмитаси