Сессияда сўзга чиққан вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Анвар Аҳмедовнинг ахборотига кўра, жорий йилнинг 9 ойи якуни бўйича содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 тага ёки 10,6 фоизга камайган.

Шундай бўлса-да, йўл-транспорт ҳодисалари Жондор (3 тага), Пешкў (1 тага), Қоровулбозор (1 тага) туманлари ҳамда Бухоро шаҳрида (4 тага) кўпайишига йўл қўйилганини таъкидлади.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг 52 таси тезликни ошириш оқибатида содир этилганлиги аниқланган. Бухоро шаҳрида умумий 68 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган бўлиб, ҳодисаларнинг 9 таси ўлим билан якунлангани айтиб ўтилди.

Сессияда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича вилоят махсус комиссиясининг Бухоро шаҳридаги I.Karimov, M.Iqbol, Намозгоҳ, Ибн Сино, B.Naqshband ҳамда Навоий шоҳ кўчаларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг юқори тезлигини соатига 60 км этиб белгилаш юзасидан таклифи кўриб чиқилди.

Бу борада депутатларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилди ва маъқулланди ҳамда ушбу таклифни тасдиқлаш учун йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика махсус комиссиясига тақдим этиш белгиланди.