Азал-азалдан ўзининг дўстлик, биродарлик ва бағрикенглик анъаналари билан шуҳрат қозонган қадимий ва бетакрор Ўзбекистон заминида ҳозирги вақтда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч ва аҳил яшаб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда. Турли конфессияга мансуб диний ташкилотлар, “Дўстлик” жамиятлари ва 157 та миллий маданий марказ эркин фаолият кўрсатиб келаётир.

Мамлакатимиздаги давлат таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнлари 7 тилда олиб борилмоқда, қардош тилли мактабларда таҳсил олаётган фарзандла­римиз давлат ҳисобидан дарслик ва ба­диий адабиётлар билан таъминланмоқда. Барча ҳудудларимиздаги “Дўстлик уй­лари” турли миллатга мансуб фуқаролар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Тинчлик, миллатлар ўртасидаги аҳил­лик, ҳамжиҳатлик бебаҳо неъмат. Юрти­мизда кечаётган янгиланиш жараёнларида миллатлараро тотувлик, ўзаро аҳиллик ва биродарлик, тинчлик ғояларини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Давлатимиз раҳба­ри ташаббуси асосида ҳар йили 30 июль юртимизда “Халқлар дўстлиги” куни си­фатида кенг нишонланади. Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабат­лар ва хориждаги ватандошлар масала­лари бўйича қўмита томонидан ташкил этилган ва 25-31 июль кунлари давом эта­диган “Дўстлик” фестивали ҳам бу бора­даги оқилона ҳамда узоқни кўзловчи сиё­сатнинг амалдаги ёрқин намунасидир.

Пойтахтимизда старт олган мазкур фестивалнинг илк тадбири турли миллат вакиллари, миллий маданият марказлари вакиллари, кенг жамоатчиликнинг “Янги Ўзбекистон” мажмуасига ташрифи билан бошланди. Фестиваль иштирокчилари “Янги Ўзбекистoн” бoғидаги муҳташам бадиий обида — Мустақиллик мoнументи пoйига гулчамбар қўйдилар.

— “Дўстлик” фестивалларининг таш­кил этилиши мамлакатимизда миллат­лар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ижтимоий барқарорликни таъминлаш, жамиятимиз­да ўзаро ҳурмат, меҳр, бағрикенглик муҳи­тини мустаҳкамлаш борасидаги давлат сиёсатига ҳамоҳанг, — дейди қўмита раиси Қаҳрамон Сариев. — Фестиваль дастури кун тартибидан бир-биридан бе­такрор тадбирлар, анжуманлар, мусиқий дастурлар, тақдимотлар, кўргазма, халқаро ҳунармандчилик ярмаркаси, ижодий учрашувлар, концерт ва танловлар жой олган. Бу йилги фестивалнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унинг доирасига Қирғиз маданияти кунлари тадбирлари ҳам ки­ритилган. Шу муносабат билан ушбу мамлакатдан шоир, ёзувчи, санъаткор ва жамоатчилик вакилларидан иборат катта делегация фестивалда меҳмон сифатида иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари са­ройида “Дўстлик” фестивали муносабати билан гала-концерт, шунингдек, Тошкент Фотосуратлар уйида “Дўстлик нигоҳи” қардош халқлар фотосуратлари кўргаз­маси ташкил этилди. Унда юртимизда барча миллат вакилларининг эмин-эркин ижод қилиши учун яратилган шароитлар­нинг амалий натижаларини кўриш ва та­нишиш имконияти яратилган. Ҳафталик доирасида бугун Тошкентдаги “Наврўз” этно-боғида “Она замин бағридан” деб номланган тадбир, Ёзувчилар уюшмасида халқлар дўстлигига бағишланган ижодий учрашув ва адабий мушоиралар ўтказиш назарда тутилган.

Куннинг аҳамиятли воқеаларидан бири эса, шубҳасиз, бу қўмита бино­си жойлашган майдонда юртимиз­даги миллий маданий марказлар павильонларининг очилиш тад­биридир. Унда республика миқё­сида фаолият юритаётган 22 та марказнинг тақдимоти бўлиб ўтади.

Эртага эса пойтахтимиз “Умуммиллий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш — Янги Ўзбе­кистон тараққиётининг муҳим асоси” мавзусидаги халқаро конференцияга мезбонлик қи­лади. Мазкур йирик тадбирда бугун дунёда кечаётган мураккаб шароитда ўзаро ҳамжиҳатлик, тинч­лик ва барқарорликни асраб-авайлаш, бу борада дўстлик жамиятлари ва миллий маданий марказларнинг роли ва аҳамияти, ҳиссаси атрофлича муҳокама этилади.

Шунингдек, юрт тараққиёти, ёшлар маънавиятини юксалтириш, халқлар дўст­лигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган ватандошлар, миллий маданият марказлари, ҳамкор вазирлик ва идоралар­нинг вакилларини “Халқлар дўстлиги” нишони билан тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтади.

Шуниси диққатга сазоворки, болалар ёзги оромгоҳларида “Дўстлик болаликдан бошланади” номли маърифий тадбир­лар, ҳудудлардаги маданият ва истироҳат боғларида, хиёбон ва сайилгоҳларда фестиваль муносабати билан санъаткорлар ва миллий маданий марказлар бадиий жамо­алари иштирокидаги “Дўстлик оҳанглари” деб номланган концерт дастурлари, турли халқларнинг ҳунармандчилик ижодиёти намуналари, мусаввирлар асарларидан иборат кўргазмалар ташкил этилган.

— Таъкидлаш жоизки, кейинги йил­ларда жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли ягона оила туй­ғусини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умумин­соний қадриятларга ҳурмат билан қараш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш ишлари янги, юқори босқич­га кўтарилди, — дейди Республика Озар­байжон миллий маданият маркази раиси Мобил Мамедов. — Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси қарорига мувофиқ, 30 июль бутун дунёда Халқаро дўстлик куни сифа­тида нишонланади. Ўзбекистоннинг кучли бағрикенглик сиёсати туфайли бу байрам, мана бир неча йиллардан бери юртимизда ҳафталик фестиваль шаклида ўтказиб ке­линмоқда. Кўп миллатли халқимиз бу са­нани кўтаринки руҳда кутиб оляпти.

Хорижий давлатларда истиқомат қила­ётган ватандошларимиз билан алоқалар­ни кучайтиришга қаратилган кенг кўлам­ли ишлар ҳам Ўзбекистоннинг дўстлик ва инсонпарварлик диёри сифатидаги нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. “Халқлар дўстлиги” фестивали доираси­да ўтказилаётган турли маданий-маъри­фий ва илмий-амалий тадбирлар ҳаётимиз қоидасига айланган “Ўзбекистон — уму­мий уйимиз” деган ғоят муҳим тамойил­ни янада кенг қарор топтиришда беқиёс аҳамиятга эга.

Нодир МАҲМУДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири