Азал-азалдан ўзининг дўстлик, биродарлик ва бағрикенглик анъаналари билан шуҳрат қозонган қадимий ва бетакрор Ўзбекистон заминида ҳозирги вақтда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч ва аҳил яшаб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда. Турли конфессияга мансуб диний ташкилотлар, “Дўстлик” жамиятлари ва 157 та миллий маданий марказ эркин фаолият кўрсатиб келаётир.
Мамлакатимиздаги давлат таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнлари 7 тилда олиб борилмоқда, қардош тилли мактабларда таҳсил олаётган фарзандларимиз давлат ҳисобидан дарслик ва бадиий адабиётлар билан таъминланмоқда. Барча ҳудудларимиздаги “Дўстлик уйлари” турли миллатга мансуб фуқаролар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Тинчлик, миллатлар ўртасидаги аҳиллик, ҳамжиҳатлик бебаҳо неъмат. Юртимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида миллатлараро тотувлик, ўзаро аҳиллик ва биродарлик, тинчлик ғояларини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида ҳар йили 30 июль юртимизда “Халқлар дўстлиги” куни сифатида кенг нишонланади. Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита томонидан ташкил этилган ва 25-31 июль кунлари давом этадиган “Дўстлик” фестивали ҳам бу борадаги оқилона ҳамда узоқни кўзловчи сиёсатнинг амалдаги ёрқин намунасидир.
Пойтахтимизда старт олган мазкур фестивалнинг илк тадбири турли миллат вакиллари, миллий маданият марказлари вакиллари, кенг жамоатчиликнинг “Янги Ўзбекистон” мажмуасига ташрифи билан бошланди. Фестиваль иштирокчилари “Янги Ўзбекистoн” бoғидаги муҳташам бадиий обида — Мустақиллик мoнументи пoйига гулчамбар қўйдилар.
— “Дўстлик” фестивалларининг ташкил этилиши мамлакатимизда миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ижтимоий барқарорликни таъминлаш, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр, бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги давлат сиёсатига ҳамоҳанг, — дейди қўмита раиси Қаҳрамон Сариев. — Фестиваль дастури кун тартибидан бир-биридан бетакрор тадбирлар, анжуманлар, мусиқий дастурлар, тақдимотлар, кўргазма, халқаро ҳунармандчилик ярмаркаси, ижодий учрашувлар, концерт ва танловлар жой олган. Бу йилги фестивалнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унинг доирасига Қирғиз маданияти кунлари тадбирлари ҳам киритилган. Шу муносабат билан ушбу мамлакатдан шоир, ёзувчи, санъаткор ва жамоатчилик вакилларидан иборат катта делегация фестивалда меҳмон сифатида иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари саройида “Дўстлик” фестивали муносабати билан гала-концерт, шунингдек, Тошкент Фотосуратлар уйида “Дўстлик нигоҳи” қардош халқлар фотосуратлари кўргазмаси ташкил этилди. Унда юртимизда барча миллат вакилларининг эмин-эркин ижод қилиши учун яратилган шароитларнинг амалий натижаларини кўриш ва танишиш имконияти яратилган. Ҳафталик доирасида бугун Тошкентдаги “Наврўз” этно-боғида “Она замин бағридан” деб номланган тадбир, Ёзувчилар уюшмасида халқлар дўстлигига бағишланган ижодий учрашув ва адабий мушоиралар ўтказиш назарда тутилган.
Куннинг аҳамиятли воқеаларидан бири эса, шубҳасиз, бу қўмита биноси жойлашган майдонда юртимиздаги миллий маданий марказлар павильонларининг очилиш тадбиридир. Унда республика миқёсида фаолият юритаётган 22 та марказнинг тақдимоти бўлиб ўтади.
Эртага эса пойтахтимиз “Умуммиллий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим асоси” мавзусидаги халқаро конференцияга мезбонлик қилади. Мазкур йирик тадбирда бугун дунёда кечаётган мураккаб шароитда ўзаро ҳамжиҳатлик, тинчлик ва барқарорликни асраб-авайлаш, бу борада дўстлик жамиятлари ва миллий маданий марказларнинг роли ва аҳамияти, ҳиссаси атрофлича муҳокама этилади.
Шунингдек, юрт тараққиёти, ёшлар маънавиятини юксалтириш, халқлар дўстлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган ватандошлар, миллий маданият марказлари, ҳамкор вазирлик ва идораларнинг вакилларини “Халқлар дўстлиги” нишони билан тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтади.
Шуниси диққатга сазоворки, болалар ёзги оромгоҳларида “Дўстлик болаликдан бошланади” номли маърифий тадбирлар, ҳудудлардаги маданият ва истироҳат боғларида, хиёбон ва сайилгоҳларда фестиваль муносабати билан санъаткорлар ва миллий маданий марказлар бадиий жамоалари иштирокидаги “Дўстлик оҳанглари” деб номланган концерт дастурлари, турли халқларнинг ҳунармандчилик ижодиёти намуналари, мусаввирлар асарларидан иборат кўргазмалар ташкил этилган.
— Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш ишлари янги, юқори босқичга кўтарилди, — дейди Республика Озарбайжон миллий маданият маркази раиси Мобил Мамедов. — Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси қарорига мувофиқ, 30 июль бутун дунёда Халқаро дўстлик куни сифатида нишонланади. Ўзбекистоннинг кучли бағрикенглик сиёсати туфайли бу байрам, мана бир неча йиллардан бери юртимизда ҳафталик фестиваль шаклида ўтказиб келинмоқда. Кўп миллатли халқимиз бу санани кўтаринки руҳда кутиб оляпти.
Хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан алоқаларни кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар ҳам Ўзбекистоннинг дўстлик ва инсонпарварлик диёри сифатидаги нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. “Халқлар дўстлиги” фестивали доирасида ўтказилаётган турли маданий-маърифий ва илмий-амалий тадбирлар ҳаётимиз қоидасига айланган “Ўзбекистон — умумий уйимиз” деган ғоят муҳим тамойилни янада кенг қарор топтиришда беқиёс аҳамиятга эга.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири