У ҳақда таниқли урду адиби Қамар Райис “Бобур шахсияти ва шеърияти” асарида бундай дейди: “Табиат бу тоғли Фарғона водийсига мислсиз ҳусн ато этган, Бобур унинг шайдоси бўлган. Табиатнинг мана шу сўлим гўшасида Бобурнинг шоирона тафаккури куртак очган. Унинг боғлари, чинорлари, шакардан ширин меваларини таъриф қилишдан бир сония чарчамаган...”.
Бобурнинг буюклиги ва халқимизга суюклиги нимада? Гап шундаки, у ҳам бошқалар қатори оддий инсон бўлган, лекин тақдир синовларига тан бериб, қўл қовуштириб ўтирмади. Юксак даражадаги ақл- идроки, тафаккури, сабр-тоқати, матонати билан машаққатли ҳаёт йўлини босиб ўтиб, Ҳинд ерида буюк Бобурийлар салтанатига асос солди. Қайси бир соҳани олиб қарамайлик, барчасида пешқадам, илдам бўлди. Ҳар доим адолатни туғ қилиб, муборак ялов қилиб қўлида кўтариб юрди. Оддий масалалардан тортиб, мушкул ҳолатларгача ҳақиқатга таянди, рўй-рост сўзлади. Гарчи тақдир Бобурни юртидан олисларга олиб кетган бўлса-да, у ҳамиша она диёр, ватан нафаси билан яшади.
Бобур ота-боболаримиздан мерос бўлиб авлоддан авлодга ўтиб келган адолат, ҳақиқат, раҳм-шафқат, саховат каби чинакам инсоний туйғуларни ўзининг қалб гўзаллиги, ақл-заковати билан уйғунлашган ҳолда юзага чиқара олган чинакам инсонлардан биридир.
Бори элға яхшилиқ қилгинки, мундин яхши йўқ,
Ким дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиқ
байти унинг бош шиори эди. У дўсту душманга бир хил муомалада бўлди, дўстнинг садоқатини қадрлади, душманнинг мардлигига тан берди. Яқин кишилари вафосизлик қилганда ҳам тақдир ҳукмига топширди, уларни таҳқирламади, сазойи қилмади, аксинча, Яратган измига ҳавола этди.
Шу боис, Бобур характерида бугунги ёш авлодга ибрат бўлгулик жиҳатлар истаганча топилади. Унинг ижоди ватанпарварлик, халқпарварлик, бунёдкорлик, яратувчанлик ғоялари билан суғорилган.
Бугунги шиддатли, таҳликали замонда жаҳон аҳлига ўрнак бўлгулик фазилатлар унинг характерида жамулжам эди. Жанггоҳларда умри ўтганига қарамасдан, “Девон” тартиб берди, “Ҳарб иши”, “Муфассал”, “Мубаййин”, “Мусиқа илми” каби асарларни яратди, “Хатти Бобурий”ни кашф қилди, Хожа Аҳрор Валийнинг “Волидия” асарини туркийга ўгирди.
У ҳинд, афғон ерларига қурол кўтариб, уларни талаш, пароканда қилиш, даҳшат солиш, бойлик орттириш учун эмас, Яратганнинг изми билан уларни бирлаштириш, тарқоқ қабилаларни ягона давлат байроғи остига тўплаш мақсадида борди. Гарчи ўша давр тақозоси билан она юртини ташлаб кетган бўлса-да, умр бўйи унга интилиб яшади, ватанидан узоққа кетишни “юзи қоралик” деб билди, ўзга юртда шоҳ бўлса ҳам ўзини бенаво, мискин, ғариблар қаторига қўшди. Унинг барча асарларида бу руҳ устунлик қилади. Бобур рубоийларининг бирида бундай ёзади:
Кўпдин бериким, ёру диёрим йўқтур,
Бир лаҳзаю бир нафас қарорим йўқтур.
Келдим бу сори ўз ихтиёрим бирла,
Лекин боруримда ихтиёрим йўқтур.
Бундай ҳароратли, ўтли, кўнгил исёни уфуриб турган мисраларни битиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Ватан, она диёр соғинчи, ушалмас бу каби орзу-армонлар шоирнинг “Ғурбат ичра, эй кўнгил, элдин вафо истарни қўй, Чун вафосин кўрмадинг ҳаргиз диёру ёрнинг”, “Дема Бобурга нетарсен, бош олиб кетмак не? Тенгрининг хости мундоқ эса мен нетгаймен?”, “Юз жабру ситам кўрган, минг меҳнату ғам кўрган, Осойише кам кўрган мендек яна бир борму?” каби сатрларида бутун бўй-басти билан намоён бўлади.
Бугун жаҳоннинг сиёсий, иқтисодий, маънавий манзараси тубдан ўзгариб, инсоният кўп қутбли дунёга ўтаётган бир пайтда ёш авлод, умуман, миллатимиз учун Бобур каби ибрат бўлгулик улуғ боболаримиз борлигидан, уларнинг ўгитлари, ўлмас асарлари ҳозирги нотинч замонда тўғри йўл топишимизда маёқ вазифасини бажараётганидан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
“Бобурнома”да Бобур Мовароуннаҳрдаги шаҳарларни, наботот ва ҳайвонот оламини, тарихий шахсларнинг характерларини тасвирлаганда, уларга чексиз меҳр-муҳаббат, фарзандлик тавозеси билан ёндашади.
Хусусан, Андижон ҳақида “Ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми яхши бўлур. Қовун маҳалида полиз бошида қовун сотмоқ расм эрмас. Андижоннинг ношпотисидин яхшироқ ношпоти бўлмас. Эли туркдур. Шаҳр ва бозорасида турки билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам бирла росттур”, дейди.
Самарқанд ҳақида эса бундай ёзади: “Бу рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳр камроқдур. Узуми ва олмаси ва қовуни ва анори, балки жами меваси хўб бўлур. Хўб нонволиқлари ва ошпазлиқлари бордур. Оламда яхши қоғаз Самарқанддин чиқар”.
Тўғриси, бу каби ҳаққоний сатрларни ёзиш, холис баҳо бериш учун шу юртни севиш, унинг ҳар бир қарич ерини, бу ерларнинг хоссаларини мукаммал билиш зарур эди. Ҳазрат Бобурда бу фазилатларнинг барчаси мужассам бўлган.
Бобур характерида унга темурийлардан мерос бўлиб ўтган тўғрилик, ростлик, ҳар бир ишга адолатпешалик билан қараш фикри кучли эди. Амир Темурнинг “Куч адолатдадир” шиори унга ҳам ўтган бўлиб, ҳар бир ҳодисага ёндашганда шу жиҳат шоирга мадад бўлди. Бу ҳақда Бобур “Бобурнома”да отаси Умаршайх Мирзодан ибрат бўлиб қолган бир воқеани қаламга олади:
“Адолати бу мартабада эдики, Хитой карвони келадурганда, Андижоннинг шарқий тарафидағи тоғларнинг тубида минг ўйлук корвонни андоғ қор босдиким, икки киши қутулди. Хабар топиб муҳассиллар йибориб, корвоннинг жами жиҳотини забт қилди. Ҳар чандиким вориси ҳозир йўқ эрди, бовужудки эҳтиёт сахлаб, бир-икки йилдин сўнгра Самарқанд ва Хуросондин ворисларини тилаб келтуруб, молларини солим топшурди”.
Отасидан ўтган бу фазилатга Бобур тахтда ўтирганида ҳам, қўлида қилич тутиб жангга кирганида ҳам, ғамли кунларида ҳам, шодон онларида ҳам содиқ қолди.
Масалан, Қорабоғ яқинидаги Оқсарой деган жойда “Сейдим Али дарбоннинг бир ўбдон навкари бировнинг бир кўза ёғини тортиб олғани учун эшикка келтуриб таёқлаттим, таёқ остида ўқ жони чиқди”, деб ёзади. Қалот деган жойда Ҳиндистондан келган савдогарларни “Аксар барин бўлдиларким, мундоқ ёғийлик маҳалда ёғий вилоятиға келадурганни таламоқ керак, мен ризо бўлмадим. Дедимким, савдогарнинг не гуноғи бор?” дея уларга озор етказишларига йўл қўймайди.
Бу воқеадан нафақат биз ёки туркий дунё, балки бутун жаҳондаги тараққийпарвар инсонлар ибрат олса арзийди. Ҳозир айрим давлатлар бир-бирига тишини қайраб, янгидан янги уруш ўчоқларини ёқаётган бир пайтда Бобур асарлари адолат, ҳақиқат, эрк овози бўлиб янграши турган гап. Дунё олимларининг Бобурга қараб интилаётганининг сабабида ҳам шу ҳақиқат ётибди. Ундан ўрганадиган жойлар жуда кўп.
Айниқса, Бобурнинг ҳалоллиги, эътиқоди поклиги, тўғрисўзлиги темурий шоҳларга, шаҳзодаларга, саркардаларга, уларнинг уламоларию умароларига берган таърифу тавсифларида яққол намоён бўлади. Бу борада Бобур ўз отасидан тортиб, тоғаларигача, амакиларию яқинларигача — барчасининг яхши-ёмон томонларини бирма-бир тасвирлаб ўтади. Бу нарса бугунги авлодга, айниқса, сабр-тоқат, қунт, ҳафсала борасида бир оз шошқалоқлик қилаётган, илм-ҳунар ўрганиш борасида ўз устида тинимсиз ишлаши лозим бўлган ёшларга ҳар томонлама ўрнак бўлиши даркор.
Масалан, Бобур отасининг яқинларидан Али Мазидбек қавчиннинг “мунофиқ ва фосиқ ва ҳаромнамак ва ярамас киши” эканини тасвирлайди. Ҳасан Ёқуббекнинг “кичик кўнгуллик, яхши таъблик, чуст ва часпонлик, мардона” эканини айтиб, шу билан бирга, “ичи тор ва камҳафсала ва худписанд ва қаттиқ сўзлук ва совуқ юзлук киши эди”, деб баҳо беради. Бундан тегишли хулосалар чиқаришимиз керак.
Тарих холисликни севади. Бобур шахсига баҳо берганда мезон унинг ўз сўзлари, тарихий ҳақиқат бўлмоғи лозим. Ундан бизга мерос бўлиб қолган асарларнинг гувоҳлик беришича, Бобур воқеа ва ҳодисаларга реал ёндашган, бир томонлама баҳо бермаган, ҳатто гап келганида ўз яқинларининг, темурийларнинг ҳам ожиз томонларини аямай очиб ташлаган, ғанимларининг эса эзгу ишларига тан берган.
Бу донишманд, мард, жасур инсонларгагина хос фазилат. Бобурда бу фазилатнинг энг олий кўриниши мужассам эди. Бобурийлар салтанатининг шаклланиши ва ривожланишида ҳам айнан мана шу жиҳат пойдевор бўлиб хизмат қилган. Бундан биз фақат ўрганишимиз керак.
Бобур ўз замонасининг илғор фикрли, маърифатли кишиларидан бири сифатида яратиш, янги бинолар, боғу роғлар, саройлар қуриш билан машғул бўлди. Ўз юрти Андижону Самарқандда қура олмаган биноларни Афғонистонда, Ҳиндистонда барпо этишга ҳаракат қилди. Унинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини эътироф этган инглиз адиби Уильям Рашбрук Бобурни “Ўн олтинчи аср бунёдкори”, дея улуғлаб, у ҳақда асар яратган.
“Бобурномада”да унинг бунёдкорлигини, яратувчанлигини тасдиқловчи сатрларга жуда кўп дуч келамиз. Масалан, “Одинапур қўрғонининг олдида, жанубий тарафида, бир баландида тарихи тўққиз юз ўн тўртта бир чаҳорбоғ солдим”, “Исталифча кент маълум эмаским хейли ерларда бўлғай. Улуғ руд кентнинг ичидин оқар. Бу кентта Боғи Калон отлиғ Улуғбек Мирзонинг бир мағсуб боғи бор эрди. Мен эгаларига баҳо бериб олдим. Боғнинг ўртасидин бир тегирмон суйи ҳамиша жорийдир. Бу ариқ ёқасида чинорлар ва дарахтлардур, бурун ариқ эгри-букри ва бесиёқ эрди. Мен буюрдимким, бу ариқни режа ва сиёқ била қилдулар. Бисёр яхши ер бўлди”, дея ўзининг бунёдкорлик борасидаги ишларини эътироф этади.
Худди шундай улуғ ишларни Ғазни, Кобул, Огра, Пирўзпур, Дулпур деган жойларда амалга оширади, жойлар танлаб, боғлар барпо этади, атрофини обод қилади.
Бобурнинг яратувчанлиги унинг Фарғонадан мевали дарахт кўчатларини афғон, ҳинд ерларига олиб бориб эктиришида ҳам кўринади. Шу ҳақда бундай ёзади: “Кобул ва кентларида сардсерий мевалардин узум ва анор ва ўрук ва олма ва биҳи ва амруд ва шафтолу ва олу ва санжид ва бодом ва янғоқ кўптур. Мен олуболу ниҳоли кетуриб эктурубмен, яхши олуболулар бўлди ва ҳануз тараққийда эди”. Бундай ҳолат илм-фанда иқлимлаштириш деб аталади.
Бобур яшаган давр жангу жадалларга, тўс-тўполонларга тўла, шиддатли бир давр эди. Ҳар бир йигит киши чавандозлик, қиличбозлик, камонбозликдан бохабар бўлиши талаб этиларди. Бобур сарой тарбиясини кўрган шахс сифатида буларнинг барчасидан нафақат хабардор бўлган, балки у ўша даврнинг мард ва қўрқмас, матонатли, шижоатли жасур жангчиларидан, саркардаларидан, уруш тактикасини мукаммал эгаллаган сара лашкарбошиларидан бири эди. От минишда, қиличбозликда, сузишда, камон отишда унга тенг келадиган навкарлар кам бўлган. Бобур жангларда тобланган, пуртажриба, ҳарб ишининг ҳадисини олган ҳукмдорлардан саналарди.
“Бобурнома”дан олинган “Маҳкам зарб совуқ эди. Ул мартабада совуқ эдиким, ушул икки-уч кунда икки-уч киши бу орада совуқнинг шиддатидин ўлуб эди. Бир ариқ суйидаким ёқалари қалин муз тўнгуб эди, ўртаси сувнинг тезлиги жиҳатидин ях боғламайдур эди, бу сувға кириб ғусл қилдум. Ўн олти қатла сувға чўмдум. Сувнинг совуқлиғи хейли таъсир қилди”, деган сатрлар Бобурнинг жисмоний жиҳатдан тобланганини, бақувватлигини кўрсатиб турибди. У жангларда юз, балки минг бор ёғий билан юзма-юз келган, аммо қўрқиб ортига чекинмаган, ҳар вақт душманига тик боқиб, уларга қарши мардонавор курашган. Умуман олганда, биз — бугунги авлод Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан ҳар томонлама ўрнак олсак арзийдиган жиҳатлар бисёр.
Учинчи Ренессансига пойдевор қўяётган халқимиз учун Бобурнинг ҳаёти ва ижоди ҳақиқий ибрат мактаби вазифасини ўтайди, десак асло адашмаймиз.
Абдулҳай СОБИРОВ,
Андижон давлат университети профессори,
филология фанлари доктори